8 мар. 2021 г.

Бундан олдингидан олдинги постни давоми

 

Энди Шахноз билан бир-биримизни ёқтирамиз. Буни ўзи катта натижа. Яхши кўриб юрган қизинг сени ёқтириб қолса, бундан ортиқ жекпот бўлмаса керак. Ўша машхур Лайли ва Мажнун қанақа севишган билмадиму лекин бизникиям улар билан рақобатлаша оларди. Дейлик уларнинг севгисини ХХI асрда яратилган ремейки эди бу.

Лекин, ҳаммаси идеал бўлмаслиги аниқ эди.

Биринчи сабаб қизнинг дадаси. Кўринишидан тарих китобларидаги одам эволюцияци шакллари кўрсатилган маймундан ҳозирги одам ҳолатига етиб келувчи 6 та босқичли фигурадаги бошланишидан иккинчи фигурага ўхшаб кетадиган жуда бир хуник одам эди. Мени қизининг ортидан юрганимни эшитгач, кўчада кўриб қолса шунақа ёмон қарардики, киноларда кўрганимиз детройтлик кўча бангисини қўлидан нашасини олиб қўйганингда тахминан шунақа қараш юзага келарди. Ўша пайтлар, қандай қилиб бунақа одамдан шунақа чиройли қиз туғилганлиги мени хайрон қолдирар эди, кейинчалик Шахноз билан уришиб қолган пайтларимда билдимки яхшилаб қарасанг ўхшашлик юзага келар экан. Севгини кўзи кўр дейишадию.

 

У билан унчалик кўп учрашувларга чиқлмасдик. Қишлоқ шароитида бу жуда оғир вазифа эди. Сени учрашганингни биттаям одам кўриб қолмаслиги керак. Тасаввур қилаяпсанми шаҳарлик дўстим. Сен учрашганингни биттаям одам кўриб қолмаслиги керак, биттаям! Учрашувни профессионал тарзда амалга оширишинг керак, учрашувга кетган ўша озгина вақт учун доим ўзингда ҳам қизда ҳам алиби бўлиш керак. Агар бирорта одамни шунақа аниқ режа билан ўлдиришга киришсанг аниқ сендан айб топиша олмасди. Учрашувлар кам бўлгани учун бўлса керак бир-биримизга меҳримиз бўлакча бўларди. Мисол биринчи март куни учрашмоқчи бўлсанг, ўша кунни икки ҳафта олдиндан режалаштириб кутиб юрасан, лекин сенга тўсиқ бўлган сунъий ташқи омиллардан ташқари она табиат ҳам тўрт йилда бир келадиган 29 феврални ўша йили олиб келарди. Яхшиям кам учрашган эканмиз. Ҳар куни учрашаверганимизда бу туйғуларни ҳис эта олмас эдик ҳам.

 

Кейинчалик ўқишга кириб ундан узоққа кетдим. Айниш даврим ўшандан бошланди. Бир нечта йигитлар билан битта уйда ижарада тура бошладим. Синфдошларимни кўпчилиги биринчи йил кира олмагани учун мажбур бегона болалар билан туришни бошладим. Аслида ҳаммасига сабабчи хонамдаги шеригим эди. Доим тимирскиланиб хонамда юрарди. Бемалол телефонда ҳам гаплаша олмасдим. Кўчага чиқсам шерик бўлади, уйга кирсам ёнимга кириб олади. Ҳудди уй мушугига ўхшарди. Фақат мушукмас одам эди. Уни битта яхши тарафи бор эди. Уйни йиғиштиришни ёқтирарди. Биров эшитса ҳайрон қолиши мумкин лекин у - уборкани фанати эди. Агар марвелни киноларида рол ўйнаганида аниқ унинг супер қобилияти бу – уборка бўларди. Хуллас, ўқишга бориб – келиб кўчада чиройли қизларни кўриб кучайиб кетдимгами ёки хонадошимни кўпроқ айби биланми Шахноз билан кам гаплаша бошладик. Базида телефонни кўтармай қолардим. Бир куни квартирада уборкани фанатини туғилган куни бўлди. Даврани тўрига ароқ қўйилди. Ўшанда биринчи марта ароқ ичдим. Маст бўлиб қолдим. Кейин билсам улар мени захарлашган экан. Мени ароғимга спирт қўшиб қўйишган экан. Ўша куни телефонда ортиқча гаплар бўлиб кетган шекилли. Бир неча кун хафа бўлиб юрди.

 

Орамиз совуқлаша бошлаганидан кейин мени қалбим бўлакларга бўлиниб кетди. Бир томондан сигарет чекиб кино кўриш ёқа бошласа бир томондан кунора ароқ пиво деган нарсалар Шахнозни эсдан чиқаришда ўзини мардонавор хизматларини кўрсата бошлади. Афсунгарга айланиб қолгим кела бошлади. Унчалик профи эмас ҳаваскорга. Уни ёнида турган жойимда бирдан йўқ бўлиб қолсаму лекин афсунни охиригача билмаганим учун қайтиб пайдо бўлмасам дердим. Уни бутунлай эсдан чиқара бошладим.

 

Баъзида уйга келган пайтларим уни орқасидан юрган кўчаларимдан юриб қолардим. Ҳушидан кетиб йиқилса биринчи тиббий ёрдам беришни, мошина урворсаю кўп қон йўқотганлиги ва уни қон гуруҳи фақат меники билан бир ҳил бўлганлиги учун мени қонимни олишини ҳаёл суриб юрган вақтларим эсимга келарди.

 

Кейинчалик уни уйи ёнидан кўп ўтдим. У турмушга чиқиб кетган. Мен ҳам уйланганман. Лекин, барибир бир мартага ҳовлисига қараб қўясан. Ўзинг истамасанг ҳам бошинг ўша томонга бир марта бурилиб олмаса бўлмайди. Ҳудди рефлексга ўхшайди. Ҳудди ўша томонга қарайсану ўша эшикни ёнида эшикни очолмасдан кутиб турган қизни кўргинг келади. Ўзинг хоҳламайсан. Ҳар қалай ҳохламаяпман деб ўйлайсан лекин барибир кўргинг келади. Буни тушунтириш ёки ифодалаш қийин. Иложи ҳам йўқ бўлса керак. Ҳудди биринчи муҳаббатингни нега кейингиларидан яхшироқ бўлганини исботлаб бера олмаганингдек.

 

Муҳаббат ҳам бир марталик нарса бўлса керак. Бир марта ишлатасан кейингиларида зарил бўлса яна ўшани ишлатишга мажбур бўласан. Унда эскидан қолган хотиралар бўлади. Барибир янгидек бўла олмайди. Ҳудди биринчи марта сигарет ёки наша чекиб кайф бўлиб қолганингдек. Кейинги чекканингда биринчиси каби битта сигарет билан эмас иккита сигарет билан кайф бўласан. Севгиям шунақа нарса, у энди ҳеч қачон аввалгисидек бўлмаса керак.

 

Алкашнинг кундалигидан. 

17 февр. 2021 г.

Офис планктони

 

Янги Ўзбекистонни янги эрталаби. Янги тонг, барчасини янгитдан бошлаш учун яхши имконият. Саккизлар атрофи уйғониб чала-чулпа чой ичиб ишга йўл оласан. Ҳар доимгидек уйқуга тўймагансан. Ишхонангга кираверишда ҳар доимгидек пробка. Йўлни ремонт қилишаяпти. Ё ковланган жойга янги асфалт, ёки янги ковлаб кабел ётқизилаяпти. Қараб ўтасан қайси вариантинг тўғрилигига аниқлик киритиш учун. Ишга келдинг, ҳовлида бошлиқни кўрдинг, ёнига бориб салом берасан. Жилмаясан. Емаган хазилларига хохолаб кулган бўласан ва тайинлаган топшириғини бажараётганингни кечгача тугатишингни айтиб алдаб хонангга йўл оласан. Хамкасбларинг билан саломлашиб жойингга ўтирасан. Ёнингдаги шеригинг футболга қизиқади. Жамоаси ютқазган бўлса ўша куни футболдан гапирмайди ютган бўлса ёнига мажбурлаб чақириб урилган голларни кўрсатади. “Зўр!” деб қўйишинг керак. Бўлмаса хафа бўлади. Нариги шеригинг ёки кеча картада қанча пул кўтаргани ёки қанча ичиб қайсидир қизни уйида ухлаб қолгани ҳақида гапириб беради. Агар қизни уйида ухлаган бўлса ёнида боржоми туради, чунки кеча ичган. Агар кеча карта ўйнаган бўлса шогирдини чақириб энергетикка жўнатади одатда. Ғижимланган беш мингталик пуллардан бериб.

 

Ишинг жуда оддий. Ўзи озгина бўлган бу ишни кун охиригача етказишинг керак. Иш унчалик қийинмас, мисол учун кунлик ишингни эрталаб икки соат вақт ажратиб тугатиб қўйиб, қолган пайтда ўзингни ишлаётгандай қилиб кўрсатиб ўтирсанг ҳам бўлади. Бошлиқ адашиб хонангга кирганда банд одамдай кўринишинг учун клавиатурани босиб ўтирган бўлишинг керак. Ундан орттирган вақтингга эса ўзинг ёқтирадиган ишларни қилсанг бўлади. Мисол учун катта наушникни қулоққа тақиб, интернетда бир балоларни кўриш. Уни овозини баландроқ қилсанг атрофингдаги емаган хазилларни эшитмайсан. Мисол учун чапдаги шеригинг ташқарида чекиб киргач биринчи берган саволи наушнигингга қараб: “контр ўйнаяпсанми?” бўлади. Уни унчалик катта бўлмаган фикрлаш доирасининг хотира деб аталмиш бурчакларида наушник тақиб компютерга қараб ўтирган одам доим “контр ўйнаётган” бўлади.

 

Кимдир кириб паспортини копия қилиб беришингни сўрайди. Йўқ деёлмисан, биринчидан сўраган одам чиройли қиз экан, иккинчидан яхши одамсан, учинчидан унчалик ҳам банд эмассан.Ундан ташқари паспортни копия қилишни ўзига яраша гашти бор, оқ қоғозни ярмига паспортни олди томони ўша қоғозни орқа томонига эса Тошкент пропискаси туширилмаган бетини тушуришинг керак. Уни бир марта қилиб эслаб қолсанг кейингисида тўғри чиқарасан, лекин мийянгни шунақа майда ва камдан-кам ишинг тушадиган нарсага ишлатигинг келмайди ва барчасини янгитдан бошлайсан. Хули, ташқарида янги Ўзбекистон. Бу сафар нечта уринишда эплашинг борасида интригача уйғотасан.

 

Обетга яқин ишларинг тугаб, экрандаги японча шоуларни кўришдан зериккан пайтинг қорнинг очганини сеза бошлайсан, лекин хали обетгача вақт бор. Қулоғингдаги наушник ҳам сиқа бошлайди, ечасан. Стулингга ўлигингни ташлаб орқага ҳаракатланасан. Стулинг икки оёқда сени кўтаради, орқага йиқилмайсан аниқ, чунки танканг шкаф бор, унга тегиб қоласан. Ўша пайтда стулингни ғирчиллашини эшитасан, аввал унақамасди. Семирганинг сари ғирчиллаяпти. Ҳудди ҳозир синиб кетадигандай. Лекин сен жойингга қайтмайсан, ёввойи мийянг саргузашт излайди: “Кел шуни бир синдириб кўрамиз, қанақа йиқиларкансан. Барибир оғримайди унча баландмас, зато стулни қаеридан синишини кўриб оласан.” Аксига олиб стул ҳам синмайди. Шунда эътиборингни бошқа нарсаларга қаратасан. Биринчи кўзингга боя копия қилган принтеринг кўринади. Копия қилиб оғзини ёпмагансан, бошлиқ кирганда “қаттиқ ишлаяпти, эсидан чиққан шекилли” деб ўйлаши учун. Лекин ҳозир принтерга қарайсану уни оғзи очиқлигиданам қандайдир маъно қидирасан. Монстрлар корпорациясидаги қанақадир махлуққа ўхшатдинг. Принтерданам зерикдинг, хали обетга 20 минут бор. Тўғрига қарайсан, қаршингда президентни хашаматли портрети. Тагига : “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт.” деб ёзилган. “Аввал ўзини билсин” деб ўзингни овутасан.

 

Ва нихоят обет.

 

Обетдан қайтдинг. Ўзингни улғайгандай ҳис қиласан. Энди обетгача бўлган бемани нарсаларни ўйламайсан. Жиддийроқ мавзуларда, сиёсатдан гаплашгинг келади. Шеригинг билан бир каррага Зарина Низомиддинова, Аҳад Қаюм, Жахонгир Ортиқхўжаевлар ҳақида ғийбат қилиб оласан. Кейин каттароқ масалаларни кўтарасизлар. Масалан: “нега қоралар ҳозир кўчага чиқаяпти, улар юзлаб йиллар қул бўлган лекин анча вақтдан бери озод, шунчаки бу эволюция жараёни, аждодлар учун ўч олишмоқчими, унақа бўлса бизни ўзбекларам русларга қарши жанжал кўтарайлик, мўғулларга ҳам, арабларга ҳам ва яна билмайман нечтадир миллатга қарши бунт кўтарайлик, тўғрими?” дейсан. У бўлса: “қандай улар билан уришасан улар Ўзбекистондамас-ку?” дейди. Аслида бу риторик савол эди, мен сендан жавоб кутмагандим, озгина фаросатинг бўлганида бу савол сен учун интелектуал эмас риторик саволга айланарди. Деб қўясан ичингда. Умуман олганда унчалик ёмон боламас, фақат вазн тоифаларинг тўғри келмайди. Ичиб келсанг у насихат қилади. Дин борасида кризисдалигинг, бу ўткинчи ҳолатлигини, ўлиб қолмасанг албатта стандарт диндорга айланишингни айтиб, хали кўп жумаларга борамиз, деб мухокамани якунлайсан.

 

Бошлиқ киради, ҳаммага бир-бир қараб чиқиб сенга юзланади. Принтерингни нега оғзи очиқ турганини, ташқаридан кирган одамга хуник кўринишини айтиб тартибга чақириб чиқиб кетади. Шеригингга қараб: “раҳбар ҳам шунақа майда гап бўладими” деб уни ғийбатини бошлаворасизлар. Бухгалтер телефон қилиб шартномаларни асл нусхасини олиб келмаётганингни айтади. Овозидан захар томчилаб турганини сезасан, хойнахой касалидан тузалган шекилли, яна эски захар холига қайтибди. Кечга яқин иш қанчалик кўпайиб кетгани ҳақида озгина нолиб, иш вақтини ҳам тугатиб қўясан. Олдингда иккита танлов туради, тинчгина уйга бориш, ёки чойхонага бориб ичиб уйга бориш. Хисоблаб чиқасан, неча кун аввал ичганингни агар ҳозир яна ичсанг ўз кодексларингни бузиб қўйишинг мумкинми ёки йўқ кўриб чиқасан. Йўл харитаси тузасан.

 

Шу тариқа бир кунинг тугайди. Эртага яна ҳаммасини бошидан бошлашинг керак.

 

 

29 янв. 2021 г.

Ҳеч нима ҳақида ҳеч нима

Шахнозни анча вақт кузатиб юрганман. Бу уйланадиган бола уйланмоқчи бўлган қизини кўтини пойлаб юргани каби эмас албатта. Бирорта гап гапира олмаганим учун, гапиришга духим етмагани учун уни кузатардим. Шунчалик кузатардимки у ҳам мени кузатиб юрганимни билиши, керак бўлса “шу бола гапиришга уялаяпти, ўзим гапирвораймикан” деган фикр хаёлига келишига ҳам умид қилганман хатто. Кейинчалик танишиб гаплашиб кетганимиздан сўнг, ўша пайтларни эсласам хижолат тортадиган бўлдим. Ўзимга ўхшаган вазиятга тушганларни кўрсам ақл ўргата бошладим.

Хуллас Шахнозга гапирган биринчи куним кеча еган овқатимдан ҳам яхшироқ эсимда. Коллежда дарсдан чиқиб ортидан кетавердим. Ўзимда қанақадир куч топдим. Уни уйи нисбатан чеккароқда, коллеждан анча узоқда эди. Бегона одам чеккадан кўрса куладиган ҳолат юзага келганди. У сўнгги  дугонаси билан хайрлашиб уйи томон кетарди. Мен ортидан қадамимни тезлатардим. Тобора унга яқинлашаяпман. Кўчада ҳеч ким йўқ. Лекин бирор нарса демайман. Ўзимни ўзим сўкиб кетаяпман. Юришга юриб қўйдим, энди кетворсам бўлмайди. Агар бунақа ҳолатга тушишимни билганимда умуман юрмаган бўлардим. У ҳам ичида “шунчалик ҳам бўласанми” деворган бўлса керак. Хуллас “ҳой, менга қара” деб гапни бошлаганим эсимда. Аввалига игнор бўлди, кейинчалик гапга-гап қўшилди. Уйини ёнига етганимда қадамимни секинлатдим, у эса тезлатди. У уйига кириб кетиши мен эса сал ўтиб ҳудди кўчадан ўтиб кетаётган одамдай туюлишим керак эди. Уйини ёнидан ўтаётганимда “уфф” деган овозни эшитдим. Қарасам Шахноз эшикни ёнида турибди. Нима бўлганини сўрасам, уйдагилари эшикни қулфлаб кетиб қолишганини айтди. Калит йўқ эмиш. Кейин сухбатимизни кўчадан туриб давом эттирдик. Мен кўчада, у ўз ҳовлисида, қулфланган уй эшиги олдида турибди. Бошида номига “кетинг” дегандай бўлдию тезда фикридан қайтди. Обет вақти бўлган биз эса хали гаплашаяпмиз. Шунчаки бўлар бўлмас гаплар. Ҳеч тугамайди мавзу ҳам. Ўшанда сезганман ҳеч нима ҳақида ҳам одам шунчалик кўп гаплашиш мумкинлигини. Кейинчалик телефонда соатлаб гаплашганмиз “ҳеч нима” ҳақида. Аслида бу севишганларни тили экан. Улар шунақа гаплашишади.

Билмайман, бир соат ўтдими ёки бир ярим соат узоқдан биттаси келаётганини кўрдим. Аввалига эътибор бермадим, кейин билсам айнан биз томонга келаяпти. Юзи таниб бўладиган даражага етганида билдимки бу унинг эгизак укаси. Унга қараб “уканг келаяпти” дедим-у ўзим дарров келган йўлимдан давом этдим. Ўша пайт нима содир бўлганини кўриб ҳалигача кулгим келади. Уни кейинчалик кўп марта юзига солиб, устидан кулганман. Хуллас “уканг келаяпти” деб айтган вақтим у қўрқиб кетди ва ёнида турган эшикни очиб югуриб кириб кетди. Аслида эшик ёпиқ бўлмаган экан. У мен билан гаплашиб туриш учун уни қулфлигини айтган экан. Бу нарсаларни ўйлаб уйимга қандай етиб борганимни билмайман. Эртароқ гапирсам бўлмасмиди унга. Униям кўнглида нимадир бўлган экан-ку.

Унга яхши кўришимни кўп айтганман. Қанчалик яхши кўришим ҳақида ҳам. Ўша пайтлар интернет етиб келмаган қишлоқларда яшаганим учун бўлса керак кўпроқ китоб ўқирдим. Шоирбашара фэъл атворим билан унга китоблардагидек севги изхор қилардим. Бир марта қанчалик яхши кўришимни тасвирлаш давомида унинг ўзига ўхшаб кетадиган эгизак укаси ҳақида ҳам гапирганим эсимда.

- Сени шунчалик яхши кўраманки, агар қиз бола бўлиб туғилганимда аниқ сени эгизак укангни севган бўлардим, чунки у сени эгизагинг, бир-бирларингга ўхшаб кетасизлар.

Ўша пайт бу гапни маъноси унга етиб бормаган бўлса керак. Мухими мени ақлли гап айтди деб ўйлаган. Фикрлаши пастроқ, ёш қизни алдашдан осони йўқлигини билганман шунда. Балки бу унчалик ҳам тўғри бўлмагандир лекин мен уни яхши кўрганман. У ҳам мени яхши кўриши учун ўзимни қўлимдан келадиган услубда алдаганман.

Менимча, бунинг учун дўзохга тушмасам керак.

Кейинги ичганимда давомини ёзарман, ухлаб қолмасам.

6 янв. 2021 г.

2017 йилда ёзган нарсамни топволдим.

Американинг айрим штатларида ўлим жазоси бор. Мен кўпинча кино, сериалларда кўзим тушади, ўлимга ҳукм қилинган маҳбусларга қанақа муносабатда бўлишини. Уларни бошқа маҳбуслардан алоҳида камерада ушлашади. Қолган маҳбусларга нисбатан яхшироқ шароит қилиб беришади. Сўнгги кунларида тавба қилиши учун руҳоний чақириши мумкин. Ўлими олдидан ҳохлаган овқатига буюртма бериши мумкин, олиб келишади. Ҳеч ким чертишгаям ҳаққи йўқ, ўлаётган пайтда ҳеч қанақа яра - чандиқлар бўлиши керакмас юзида. Энг қизиғи деярли ҳар куни тиббий кўрикдан ўтқизилади. Бирор жойи оғрияптими, соғлиғидан шикояти йўқми, юрак уриши, қон босими жойидами.. хуллас ҳамма - ҳаммасини текширишади. Зўр - а? Эртага ўлдириш учун бугун соғлиғини стабил ҳолатда ушаб туриши керак. Лекин эртага шу соғлом одамни ўз қўллари билан ўлдиришади. Эрталаб наҳорга ошга борасан. Университетни декани тўй қилаяпти. Сени "лапашанг" ўғлинг киролмаган университет декани. Бир йилда камида 10 тасини пулини олиб ўқишга киргизиб қўядиган университет декани. "Шу иплосни тирикчилигини деб ўғлим ўқишга кира олмади, нега мен бу одамни тўйига боришим керак? Нега бу одам ҳар йили қайта - қайта шу ишини қилаверади? Нега бунақаларни ҳеч ким қамамайди?" Деган саволлар қийнамайди сени. Сенингча худди шундай бўлиши керак, шунақа бўлиб келган. "Эплаяптими ҳалоли бўлсин" деб қўясан ўзинча. Ўғлингни ўқишга кира олмагани учун эса албатта ўқитувчиси айбдор. Қучоқлашиб кўришиб, қўлига тўёна бериб тўйхонага кириб кетасан..Ойлигинг тушди пластикка. Уйга бозор қилишинг керак. Деҳқон бозорда пластикга савдо қилишмайди зато эшигини ёнида пластигингни "обнал" қилиб беришади 20% га. Нимаям қилардинг уйга картошка, пиёз оборишинг керак, мажбурсан. Йўқ! Жиннимассанку 20% дан нахдлаштириб, синфдошинг Холмирзани 5 та пайнети бор, 15% дан қилиб беради. "Танишинг кўп бўлса яхшида" деб ўзинга - ўзинг гапириб бозорга кириб кетасан. "Нега мен пулимнинг 15% ни кимларгадир беришим керак, наҳотки қанақадир ечим бўлмаса? Нимани ҳисобига бунақа нарсалар пайдо бўлади? Кимдир жавоб бериши керакмасми шу нарсалар учун" деб ўйланмисан. Сени миянгда бошқа муҳим хаёл: Эронда дурранг ўйнаб келсак, Корея ютқазса ... Худо бериб 1-2 сўм келиб қолди. Орзу -хавасинг бор, мошина минаман деган. Нархларни кўрасан хаммаси $ да. Сенда эса сўм. Она юртингда ишлаб чиқарилган мошинани она юртингда ҳайдаб юришинг учун она юртингни миллий валютаси ўтмаслигини билгач, сен уни айирбошлаш учун банкка йўл оласан(агар албатта ойдан тушган бўлсанг). Банкда бу нарсани иложи йўқлигини билгач ўйланиб қоласан.Эврика! Бунда сенга яна бозорни олдидаги "валютчиклар" ёрдамга келади. Ну..нархи икки баробарданам қимматроқ-ку лекин сенда бошқа вариант борми? Махаллангдаги "Ботирбой" ишончлироқ ўшанга борасан. 3 қаватли уйини тагига бориб кутиб турасан у жумага чиқиб кетган бўлади, кутасан озгина. Келади ишингни ҳал қилиб беради. "Нега мен икки баробар қимматига айирбошлашим керак пулимни? Нега ўзи долларда олишим керак Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мошинани? Банкдан $ олишни иложи бўлмаса мен қандай $ га мошина оламан? Мантиқ қани? Ноқонуний йўлдан юришга мажбурманми? " Деб ўйламисан, сени хаёлинг бугунги Реал-Бавария ўйини билан банд. Уёғига мошинани тезроқ чиқариш учун 300-400 $ берасан, буям бировни тирикчилиги.."нега" деб бошланадиган саволларга ҳар доимгидек вақтинг йўқ.Хуллас ҳаётинг шу зайлда давом этаверади, сенга эса қачон валютани конвертация бўлишидан кўра Бабаённи қачон кетиши қизиқроқ. Сен ўғлингни "ўз калласи билан ўқишга кириши мумкин эдику" деган савол эмас, "ютятган жойида нега Бабаян Гейнрихни туширгани"  кўпроқ ўйлантиради.Сен ўша декан, валютчиклар билан битта маҳаллада турасан. Уларга бўлган муносабатинг ижобий, тўй - мараканг битта улар билан. Лекин анави бурчакдаги томи қийшиқ уйда турадиган қўшнингни кўришга кўзинг йўқ. Ўғли ўғлингни синфдоши, бемазароқ бола эди, Россияга кетиб у ердан Туркия, Туркиядан Суррияга ўтиб кетган. Террорист! Отаси - террористни отаси! Онаси - террористни онаси. Ака-ука, опа-сингиллари террористни жигарлари. Кўришга кўзинг йўқ. Отаси кўчага чиқолмай шу боласини орқасидан.Лекин сен фикрламисан: шу бола ўғлим билан бирга ўқишга топширганди, контрактга кирганди, контрактни тўлолмагани учун ўқимади. Россияга кетворди уйига 1-2 сўм жўнатиш учун. Уёғда нима жин урди хуллас террор бўлиб кетди. Агар декан қўшнинг 10 та "тупой"ни ўқишга киргизиб қўймаганда шу бола бюджетда ўқиб юрармиди. Отаси кўчага чиқа олармиди. Онаси хотин-халажга қўшила олармиди. Сингилларига совчи келармиди. Сен жирканмасдан қарармидинг.Йўқ сен бу нарсани ўйламисан, сени гребаный хаёлинг "Ҳасанбой кейинги сафар юта олармикан" деган савол билан банд. Сени фикрлаш доирангни радиусини ўзи Ҳасанбойни бўйидан катта эмас. Сен учун ўша ўғлингни ўқишига кира олмаслигига сабабчи бўлган декандан кўра, кеча яқингача одамлар қаторида юрган, кейин ўғли "иш" қилиб қўйгандан кейин автоматик тарзда ёмонга айланган одам хавфлироқ. Сен дарвозанга уйингни номерини илиб кетишганига, светни ўтган йилгига қараганда 1-2 соат кўпроқ берилаётганига, банкирлар уйингни тақиллатиб келганига хурсандсан. Сен бахтиёрсан. Сени юрак уришингни ўлчашяпти, қон босимингни текширишяпти, эртага "қанақа овқат егинг келяпти?" Деб сўрашади охирги марта...

29 нояб. 2018 г.

Жигар

Кўчадасан. Огайниларинг билан ўтиргансан. Чойхонадан уйинг тарафга пиёда қайтасан. Оғзингдаги сигаретни чуқур-чуқур тортасан. Алкоголни ичганингдан кейин анча очиласан. Бақир-чақир қиласан. Кулишасан. Сўкишасан ўртогларинг билан.
Кейин секин уйга қайтасан. Сигаретни чуқур-чуқур тортасан. Ўйланасан. Келажагинг, хозирги ахволинг, ўтмишинг.
Хўрсинасан.
Шунча ўйин-кулгудан кейин барибир жойингга тушасан.
Ўйлисан.
Йиглагинг келади.
Бир тарафдан фикрлисан эркак кишиям шунақа бўладими. Хар ичганингда бир эслаб йиглидиган. Эркаксану?
Уйингга кирасан. Жойингни аммалаб соласан.
Ётасан.
Ўйланасан.
Нега эслашни бошлаганингни ўйлаб ўзингни сўкасан. Тинчгина ухласен бўмасмиди.
Кўзинг ёшланиб шифтга қараб хаёл суриб ётасан. Хар-хар замон бир нарсаларни эслаб кулворасан. Тиржаясан.
Яна жиддийлашасан.
Ухлаб қоласан.
Тушингга киради.
Тушингни тушлигини билмай хурсанд бўласан. Ахмоқсан. Шунчалик ожиз яратилгансан. Тушингни тушлигини туш кўрятганингда билмайсан. Ортиқча қувонасан. Ҳаётдан хурсанд бўлиб уйгонасан. Уйгонганингда биласан. Хаммаси сени устингдан кулиш учун ўйлаб топилган саҳна кўринши.
Жойингдан турмасдан ўйланиб ётасан.
Нега шунақа?
Турасан.
Бетингни ювмасдан онангни ёнига борасан. Секин қучоқлайсан. "Жиннимисан" деган овоз эшитилади.
Бадтар қучоқлисан.
Секин шивирлайсан.
- тушимга кирди.
Жилмайиб турган онанг бирдан маюслашади. Кўзларини опқочади. Ойнага қарайди.
- тушингга кирдими!?
Жим қолади.
Сен хам индамайсан.
Онанг секин сенга қарайди. Қараб туради.
- мени тушимга кирмайдиям.
Сени қучоқлайди.
- мендан хафамикан, сўрагин болам.

21 июл. 2018 г.

Логика бозори қайдадир

Кунига уч махал овқатланаман. Уч махал овқат ейишимга қорним оч қолганлиги сабаб бўлади. Асос бўлади.

Мижозни аризасига кўра унга хизмат кўрсатаман. Мижозни аризаси унга хизмат кўрсатишим учун асос бўлади.

Судья 5 йилга Эшматни қамашга хукм чиқаради. Тошматни аризасига кўра Эшмат уни уйидан қимматбахо буюмларини ўгирлаган. Тергов суриштирув жараёнида Эшмат ростданам ўгирлик қилгани аниқ бўлди. Эшматни қамалишига Тошматни аризаси асос бўлади.

Қанчалик кулгyли бўлишига қарамай андижонлик ўсмирларни ватан химоячиларидан калтак ейишига аслида уни отаси айбдор бўлиб чиқди. Отасини аризасига асосида улар ўсмирни урган. Хар қалай отчетни биринчи бетига ўша отани "задний число" билан ёзилган аризаси тикилади. Хуллас у болани калтак ейишига отасини аризаси асос бўлди. Хўп майли кулгили бўлса хам бу хам бир асос.

Энди мақсадга ўтсам, нимани асос қилиб тонировкани нархини 90 минималка қилишди? Бирор жойда ёзилдими ? Мен кўрмай қолгандирман балки.
Мисол учун: тонировкага кетадиган қора лентани қимматлиги сабаблими ёки у лента Ўзбекистонда яшаётган одамларга қанақадир зарар келтириши мумкин ва уни зарари хисоблаб чиқилиб шунақа рақамларга яқинлашдими?
Биринчи мисолим гирт ахмоқона бўлди сабаби тонировкани одамларни ўзи қўйдиради ва унга кетадиган харажат хайдовчининг чўнтагидандир. Иккинчи мисолим эса абсурд, бутун дунёда тонировкали мошиналар бор ва хали хеч ким кўчадаги қора ойнали мошиналар сабаб ўлмади менимча.
Хўш менга кимдир айтиб бера оладими нега тўқсон минималка? Нега 100, 50, 70, ёки 77 эмас? Тўқсондан кўра чиройли рақамларку булар, тўгрими? Асослаб бермас экансиз бира тўла 100 қўйиш керак эди текис бўлиб кетар эди. Хисоблашга хам осон. 

Тошкент шахридаги кўп чоррахаларга камералар қўйилди. Камера қўйилишидан мақсад йўл қоидаси бузулишини кузатиш, хайдовчиларни тартибга солиш. Яьни ДАН ходими бажарадиган ишни камера бажариши керак. "- Нега йўлларга камера қўйдинг?" Деб савол берилса "- ДАН ходимларини ишини бажариши учун" деган жавоб асос бўлади. Хўш энди менга айтингчи нега ўша камера турадиган чоррахадан 30 метр пастроқда яна ДАН ходими турибди? Мантиқ?

Хайдовчилик гувохномаси янгисига алмаштирилмоқда. Бунга асосий сабаб хайдовчилик гувохномасини қоида бузулган вақтда олиб қўймаслик, хайдовчини ортиқча югур-югурдан асраш. Янги гувохнома билан сиз қоида бузган вақтингизда гувохномангиз ўзингизда қолади. Қолиши керак. Аслида. 
Лекин, аммо, бироқ ундай эмас. Гувохномангизни хали хам тортиб олишмоқда. Бунга жавоб система хали ишга тушмаганлигида экан. Система хали ишга тушмаган лекин гувохнома алмаштириляпти. Эски гувохнома билан янгисини фарқи фақат шунда лекин ўша асос хали ишга тушмаган.
Эртага система ишга тушсаю худо кўрсатмасин янги гувохнома хам тўгри келмай қолса у системага? Кейин яна алмаштирамизми? 
Албатта алмаштирамиз чунки сиз билан биз "нега" деб савол бермаймиз берганимизда хам улар бу саволга жавоб беришга мажбур эмас. Аслида мажбур лекин мажбур эмас.

Хозир кўчага чиқаманда бирорта кучим етадиган ёшроқ болани кетига бир тепаман. "Нега тепдинг?" деб орқамдан йиглаб қолаверади, нима асослаб беришим шартми? Хеч ким кўрмадику?

10 июн. 2018 г.

Ёшлар иттифоқи хақида ўзимни шаҳсий фикрларим




Р.С: мақолада "ёшлар" сўзи керагидан ортиқ марта ишлатилиб кетган бўлиши мумкин, эхтиёт бўлинг.

Кечаги воқеалардан кейин анча нарса кўриниб қолди. Кимсан ёшлар иттифоқининг раиси соат 19:00 га жонли эфирга кун.уз сайтини чақиргандан кейин, попкорнларни олиб экран қаршисига миқланганлар анча-мунчани ташкил этганди. Йўқ, кутилган воқеа бўлмади.
Эххх, хаёлимга нималар келмаганди. Версус баттл, Трамп билан Клинтонни дебатлари..минг афсуски бу жонли эфир Путинни кечаги пресс-конференциясидан унчалик фарқ қилмади. Аслида соат еттидаги шоудан жиддийроқ нарсани кутган мен ва менга ўхшаганларни ўзи ахмоқ бўлса керак. Қахрамонимиз Қахрамон ака ўз услубида жавоб берди.

Келинг масалани бошқа томони хақида озгина гаплашайлик. Мени хайрон қолдирган жихат Ёшлар Иттифоқи аъзоларининг фейсбукдаги тўлқини эди. Шунча одам бор экан уларнинг таркибида, уларнинг бунчалик қимирлаб қолганини кўриб бир хайрон қолсам бир асабим бузулади. Энг кўп ёзилган гап “Азиз Қаршиевнинг биз ёшларнинг номидан гапиришга хаққи йўқ, уни истефосини талаб қиламан!” бўлди. Айнан шу гапни қайта-қайта ёзилишининг сабаби ҳам оддий, уларда ранг-баранглик йўқ. Битта шаблондан фойдаланилади, ўз дунёқарашидан келиб чиқиб фикрлаш, иккала тарафда хам турмасдан воқеаларни тарози палласига солиб ўлчаб кўриш, “балки мен адашаётгандирман балки мен нотўғри йўлдан кетаётгандирман” деб ўз устида ишлаб, ёзаётган нарсасини анализ қилишни хам хохлашмайди улар. Фаолиятини танқид қилсанг “мевали дарахтга тош отилади” деган яна бир шаблон гапни ёқанга ёпиштирадида кетаётган йўлидан тўхтаб хам ўтирмасдан олдинга қараб қадам босади. Кошки эди олдинга қадам босиб атрофдагиларни ортда қолдириб, биринчи қаторга чиқиб кетишса эди. Афсуски улар “беговой дорожка”ни устида олдинга қараб кетишаяпти.

Менга айтчи қадрдон дўстим: қанақа мевали дарахт хақида сен гапираяпсан? Қачон пишади у мева? Баргларини ялтиратиб, тагингни оқлаб қўйишни қойиллатасан лекин мевангга қачон таъм киради? Қачон ўзинги устинда ишлаб хақиқатдан ҳам ёшларга фойданг тегишни бошлайди? Қўлингдаги телефонингдан энг кўп расмга тушуриш учун фойдалансанг, сен учун имтиёзли бўлган таъриф режангни мегабайтларини фақат ўша расмларни ижтимоий тармоққа жойлаш учун ишлатсанг, қачон имтиёзни фақат ўзингни шерикларинг билан эмас хақиқатдан хам имтиёз зарур бўлган инсонлар билан бўлишасан? Менга айтчи дўстим сен бу иттифоқга аъзо бўлишдан мақсадинг нима бўлган? Ростини айт имтиёзми? Оёқ-қўлинг бут, бўйнингни тепасида бош бўла туриб сен ўқишга кириш имтиёзидан фойдаланиш учун иттифоқга аъзо бўлдингми? Ёки имтиёзга машина олишни қўшимчасига уй қуриб беришларини хохлайсанми? Энди ўрганиб қолдинг, таксидаям имтиёз, кафедаям имтиёз, телефонингдаям имтиёз, бирорта ташкилотга ишга киришдаям имтиёз..лекин булар хали етарли эмас сенга, сен янада кўпроғини истайсан, сени кучлироқ севишларини хохлайсан.

Дўстим менга тушунтириб берчи сени иш фаолиятинг нимадан иборат ўзи? Сени ташкилотинг нотўғри йўлда эмасми? Нега сени ташкилотингга аъзо одам имтиёз эгаси бўлиши керак? Нега сени ташкилотинг ўша имтиёзга хақиқатдан ҳам зор бўлган одамларни излаб топиш билан эмас ўша имтиёзларни ўзига совуруш билан шуғулланиши керак? Кўчани бошидаги бўялмаган дарвозани бўяб кеганингни расмини фейсбукка ташлашдан сен уялмайсанми? Сендаги бюджет билан унга янги уй қуриб беришинг ҳам мумкин эмасми аслида? 

Мени нима ишим бор? Мен ишлаётганим учун ташкилотинг яшаяпти! Мендақа миллионлар ишлаётгани учун сизлар кун кўраяпсизлар! Мендақа миллонлаб одамлар сабаб кассанга тушаётган миллиардларни хисобини сўрашга хаққим бор! Мен бераётган пулимдан норозиман. Мен ортиқ пулларимни хавога учирилишини хохламайман. Популизмни йиғиштириб, смартфонингни четроққа суриб бошқаларга “ўқи” деб ақл ўргатаётган китобларингни вароқлашни бошлаб, бошқа иш билан шуғуллангин энди. 

Сени дастингдан "ёшлар" деган сўзга ёшларни энсаси қота бошлади. Сени дастингдан тезроқ қариб "ёш" деган титулдан бир умрга қутулишга ҳам рози бўлиб қолдик биз ёшлар. 

Айтмоқчи мен ҳам Қаршиевга ўҳшаб ёшларни номидан гапирвордим а? Биз Ўзбекистонни етим ёшларимизку, бу ном билан фақат сизларни гапиришга хаққиларинг бор эди-ку, унутибман. Кел яхшиси битта нарсага келишиб олайлик Ўзбекистон ёшларини номидан сен хам гапирма(ёки мени АҚШга кўчирвор). Мисол учун "Биз Ўзбекистон ёшлари Қахрамон Қуронбоевни қўллаб - қувватлаймиз" эмас "Биз ёшлар иттифоқи вакиллари бошлиғимиз тарафдамиз, чунки бизда шахсий фикр йўқ эртага бошлиғимиз ишдан хайдаворса имтиёзсиз яшаб кета олмаймиз" деб гапиринглар. Биз бошқа дунё, сиз бошқа олам.