11 июл. 2026 г.

Ёмғирни ёқтирмайдиган бола

​Далага йўл олганимизда маҳалламизнинг охиридаги овлоқ кўчасидан кесиб чиқсак йўл анча қисқарарди. У кўчанинг охири берк бўлиб, фақатгина пиёда юриш орқали далага кесиб чиқса бўларди. Уйлар ҳам яккам-дуккам жойлашган, бир-биридан 50-100 метр масофа фарқ билан қурилган ва катта эҳтимол бу кўча аввал мавжуд бўлмаган, кейинчалик уйидан кўчиб чиққан катта ўғиллар ёки бошқа жойдан кўчиб келган одамлар шу атрофдан уйлар қуриб жойлашиб олишиб сунъий тарзда кўча хосил қилишган. У қолган кўчаларга нисбатан анча хароб аҳволда бўлиб, асфальт уёқда турсин, ҳатто шағал ҳам тўкилмаган, ёмғир ёғган пайтлари билмаган одам кўчага кириб қолса, бу ерга бомба тушган бўлса керак деб ўйлаши мумкин эди.

Балиқ овлаш биз учун қизиқарли эрмак эди, ёз келишиб билан кунора қармоқларимизни кўтариб дала томон чопқиллардик. Балиққа кетадиган кунларнинг бирида ўртоғим билан табиийки шу қисқа йўлни танлардик. Кўчанинг берк қисмига келиб, сўнгги уйнинг томорқасининг бошидан кесиб чиқиш мумкин, шу орқали далага чиқиб кетсанг бўлади. Сўнгги уйнинг томорқаси ҳам ҳеч қандай тўсиқлар билан ўралмаган, отамизнинг уйидай бемалол ўтиб кетаверардик. Бу ҳовлида жойлашган хонадон ўзи товуқнинг катагидек кичкинагина бўлса ҳам, унинг фақатгина бир томони битган ва ўша бир томондаги таҳминан икки хонада бутун оила истиқомат қиларди.

Ўша куни томорқа бошидан ўтаётиб уй томонга қарадим ва кўринишидан мен қатори бир бола дераза ёнидан бизни кузатиб турганини кўрдим. Уни биринчи марта кўриб туришим эди, ёнимдаги ўртоғимдан бу бола ҳақида билгим келди. Агар бола биз қатори бўлса, бу кичкинагина қишлоқда қанақасига уни танимаслигим мумкин? Кўчиб келганларига ярим йил бўлганига қарамай нега мен уни мактабда кўрмадим?

– У ногирон, юролмайди, – изоҳлади ўртоғим. – Онаси дадаси билан ажрашиб келган, математикадан дарс берадиган янги ўқитувчи бор-ку, ўша аёл. Яна битта қизи ҳам бор, у лекин ногирон эмас, биздан 2-3 синф кичкина, кўрсанг танийсан.

Ўша куни биринчи марта қишлоғимизда ҳам юролмайдиган ногиронлар борлигини билдим. Мен учун бу оламшумул янгилик эди, унгача ногиронлар аравачасида юрадиганларни фақат киноларда кўргандим. Уйга боргач бу ҳақида уйдагиларга айтдим, кўчага чиққач қўшниларга, мактабга боргач синфдошларга, хуллас бу воқеа тамоман янгилик бўлганди менга.

Кейинчалик ҳар сафар балиқ овига бораётганимда, шу деразага қарайдиган одат чиқардим. Куннинг қайси вақтида ўтмай у бола ҳар доим ойна ёнида бизни кузатиб ўтирган бўлади. Навбатдаги балиқ овига кетишимиз эди, ўртоғим унга қараб қўл кўтарди. Бола ҳам бундан хурсанд бўлиб кетиб, қўлини кўтарганча жавоб қайтарди. Ўртоғим шу кўчанинг бошида тургани туфайли бу ерлардан кўп ўтган, бола билан танишиб олишга ҳам улгурган экан, унинг айтишича бу боланинг дўсти йўқ, у билан ўйнайдиган ака-укаси ҳам йўқ, деярли кун давомида уйда ёлғиз ўтираркан. Ўртоғим уларнинг ночорлигига ҳам алоҳида тўхталди, айтишича боланинг онаси ҳам, синглиси ҳам битта хонада овқатланиб, ўша хонада ухлашармиш. Мени энг ҳайрон қолдирган нчрса боланинг ногиронлик аравачаси ҳам йўқлиги бўлди. Кейинчалик тушунишим бўйича, ўша пайтларда бунақа нарса жуда камёб ҳисобланган ва фақатгина ўзига тўқ оилалар буни ўзига раво кўра олишган экан. Боланинг шу гавдасига онаси кўтариб у жойдан бу жойга олиб ўтар, хожатини чиқариши, чўмилиши ва бошқа шу каби ишларни қилиши учун аёл боши билан кап-катта боласини кўтариб хизматини қилар экан. Аёлнинг гавдасига қараб бунақа кучи бор деб ўйламайсан киши.

Кунлардан бир куни томорқа бошидан ўтаётганимизда ўртоғим бир таклифни бериб қолди:

– Юр бориб бола билан кўришамиз, хурсанд бўлади. Онаси мени ҳар кўрганида “Болам билан гаплаш, ёнига бор”, деб илтимос қилади. Мен рози бўлдим. Иккимиз унинг деразаси ёнига бордик, менга у боланинг қанақа эканлиги жуда ҳам қизиқ эди, бу қизиқишим алангасини ўчириш учун ҳатто балиқ овига боришдан ҳам воз кечишга ҳам тайёр эдим. Дераза ёнига бориб у билан қўл беришиб кўришдик. Дераза бизнинг белимиздан келса ҳам, ичкари томон супадек баланд қилинган экан, таҳминан деразадан бир қаричроқ паст бўлиб, унинг кўрпача устида ўтиргани бизга кўриниб турарди. У билан уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик. Гарчи шунча саволларим бўлса ҳам унинг олдига борганда нима деб гаплашишни ҳам билмай қоларкан одам. У бўлса биз билан гаплашаётганидан жуда хурсанд, зериккан бўлса керак, мулоқотга чанқоқдек туюларди. Қизиқишим ошиб секин оёқлари томонга кўз ташладим. Оёқлари танасининг қолган қисмига нисбатан жуда озғин, нозик кўринишда эди, устига чойшаб ташлаб қўйган бўлса ҳам, чойшаб тагидан чиқиб турган учлари барчасини сотиб турарди. Бола менинг қараётганимни сезиб қолди шекилли, чойшабни секин тортиб оёқлари учини ҳам ёпиб қўйди. Қилган ишимдан уялиб юзига қарасам, у ҳам мендан уяляпти экан, қизариб кўзларини олиб қочди.

– Майли, яхши қол, биз кетишимиз керак, – деб у билан хайрлашди ўртоғим, мен ҳам бошимни силкиб қўйдим.

Кейинчалик томорқанинг бошидан ёлғиз ўзим ҳам кўп марта ўтдим, ҳар сафар мен унга, у менга жилмайиб қўл кўтариб кўришадиган бўлдик. Куннинг қайси қисмида ўтмайин у ҳар доим ўша дераза ёнида бўлар, томорқа ортидан бошланиб кетган узундан-узоқ далаларга тикилганча нималарнидир ўйлаб ўтирарди. Бир куни йўлим яна ўша жойга тушганди, ўзимда самовий куч топиб ёнига бордим. Қўл бериб кўришдик-да, ҳол-аҳволини сўрадим. Суҳбатини олдим. Ўзининг айтишича мен ўтадиган жойдан юрадиган ҳамма билан шундай кўришармиш. Ёз давомида кўплаб одамлар шу сўқмоқдан далага ўтар, у эса ҳамма билан саломлашармиш. Совуқ тушиб қиш келавергач эса у яна зерика бошларкан. Гапларидан шуни билдимки, унга ёмғир ёқмайди, чунки ёмғир ёғса бу йўлдан ҳеч ким юрмас эмиш.

Боя айтганимдек уларнинг кўчаси жуда абгор бўлиб, ёмғирдан сўнг у ерлардан ўтиш жуда мушкул ишга айланарди. Одамлар далага қисқа йўлдан бориш фикридан воз кечишарди. Бола билан хотираларимда қолган воқеалардан охиргиси бундай бўлганди. Улар ҳам кейинчалик ногиронлар аравачасини олишганди, уйлари ёнидан ўтаётганимда уни ногиронлар аравачасида ўтирганча ғизиллаб ҳовлисининг бетонлаштирилган текис қисмида у бурчакдан бу бурчакка бориб келаётганини кўрдим. У учун хурсанд бўлдим, чунки эндиликда кузатув чегаралари кенгайган, битта дераза билан чекланиб қолмаганди. Аввалгидек фақатгина томорқаси бошидан ўтаётган одамларга эмас, дарвозаси ёнидан ўтаётган одамларни ҳам кўра олар, уларга қўл силташ имкониятига эришганди.

Мактабда тўққизинчи синфни битиргач шаҳарга коллежга ўқишга кирдим, кейин олийгоҳда ўқидим ва ҳаётимнинг катта қисми шаҳарда ўта бошлади. Болани деярли унутаёздим, синфдошлар билан йиғилиб қолганда қишлоғимиздаги сўнгги-сўнгги ғийбатлар орасида тилга олинмаса, у ҳақида деярли эшитмасдим ҳам. Кейинчалик у ҳақида эшитган гапим, болаликдан касал эканлиги, ҳозир аҳволи унчалик ҳам яхши эмаслиги бўлди. Онасини ўйлаб бир зум ўйга чўмдим. Бечора она, ҳали ҳам кўтариб хожатга олиб борармикан? Ёз кунлари уйга борганда ҳам унинг томорқаси томондан ўтишни истамадим, ўзимнинг соғломлигим учун унинг ёнида айбдордек ҳиссини туйишни хоҳламадим ва энг осон йўл – уни бутунлай унутишга қарор қилдим.

Ўқишни битиргач йўл қурилиши соҳасида ишга кирдим, гарчи энг кўп қарғаладиган соҳа вакиллари учун рейтингда “газчилар” ва “светчилар” билан рақобат қилинадиган соҳа бўлса ҳам қўрқмадим. Ўша пайтларда “Ташаббусли бюджет” деган нарса пайдо бўлиб, қўлимиз-қўлимизга тегмай ишлай бошладик.

Бу орада қишлоғимиздагилар ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳар йили бу мусобақада юта бошлашди. Қишлоққа ҳар борганимда янгидан-янги кўчалар асфальтланганига кўзим тушарди. Ҳар йили 2-3 тадан кўчаларни асфальт қилишиб, деярли бутун қишлоқни кўчаларини текислаб олишганди азаматлар.

Бу йил баҳор ойида ҳам ушбу лойиҳанинг навбатдагиси бўлиб ўтди. Кутилганидек, қишлоғимиз яна ютган экан, деярли одам юрмайдиган, овлоқ кўчаларни бу сафар овозга қўйишибди. Тақдирнинг тақозоси билан мен ишлайдиган фирма бу сафар танловда ғолиб чиқиб ўша кўчаларни асфальт қиладиган бўлдик. Ишлар ҳаш-паш дегунча бошланиб кетди, тўртта кўчани қилиш керак эди, навбатма-навбат кўчаларни “уриб” ташладик. Охирги кўчанинг навбати келди. Бу ўша мен болаликда балиқ овига кетадиган, охири берк бўлган, ногирон боланинг томорқаси бошидан ўтадиган кўча эканлигини эсладим. Ишни бошлагач маҳалланинг одамлари тепамизда туриб олиб ҳар бир ҳаракатимизни кузата бошлашди, ҳаммалари хурсанд, энди бемалол қишда ҳам бу кўчаларда юрса бўлади. Лекин ногирон боланинг уйи ёнида ҳеч ким йўқ, ҳеч ким чиқиб қўшнилари каби ёнимизга келмади. Наҳотки бу бола учун бошқа эрмаклар топилган бўлса, ахир кўчаси ҳар куни ҳам асфальт бўлавермайдику?

Ишимиз охирлаб йўл якунига етиб, ногирон боланинг дарвозаси ёнига етганимизда, у ердан занглаган дарвозасига суянганча боланинг онаси мунғайиб турганига кўзим тушиб қолди. Анчадан бери кўрмаган эканман, аёл юз йилга қаригандек туюлди, вақт математика ўқитувчисини аяб ўтирмабди. Боласининг дарди қийнаб қўйгандир, менимча ўшанинг таъсири билан бирдан қариб кетгандир.

Ҳовлисига қарасам ҳалиям ўша-ўша. Уйнинг бир қисми битган, иккинчи томон чала. Дарвозага яқин жойда эски-туски нарсалар йиғиб қўйилган экан, бир бурчакда йиғиб қўйилган ногиронлар аравачасига кўзим тушди. Ичимда нимадир узилгандек бўлди. Йиғиб қўйилган ногиронлар аравачаси. Бу каби аравалар фақат икки ҳолатда йиғиб қўйилади, бири яхши бири ёмон. Мен гувоҳи бўлган вазият эса иккинчи ҳолатга мисол бўларди — бола ўлган, аравача йиғилган. Беечора онаизор аравачага ҳар кўзи тушганда нима аҳволга тушса?

Ўзимда куч топиб аёлнинг ёнига бориб салом бердим, ҳол-аҳвол сўрадим. Аёл ғамгин нигоҳини кўчадаги юк машинасидан тўкилаётган асфальтдан узмай саломимга алик олди. Мени танимади шекилли. Шуниси яхшироқ. Орадаги ёқимсиз сукунатни бузиш мақсадида:

– Хола, буёғига энди кўчангиз асфальт бўлади, куз-қиш мавсумларида лойга ботиб юрмайсизлар, – дедим. Аёл гапларимни эшитдими ёки йўқ, билмайман, кўзларини йўлга тўкилаётган асфальтга қадаганча қотиб турарди.

Фаросатсизлик қилдим шекилли, бало бормиди аёлнинг ёнига келиб ҳар балони бидиллашга, деган ўй ўтди хаёлимдан. Аёл эса бояги гапларимни эшитган экан, паст овозда жавоб қайтарди:

– Мен-ку лойда ҳам юравераман, ўғлимнинг аравачаси учун керак эди бу асфальтларинг.

Аёл секин ортига ўгирилиб дарвоза ортида кўздан ғойиб бўлди.


4 июн. 2026 г.

Принтер

 

Эрталаб ишга келдим-у, ҳамкасбимиз, бошқа бўлимда ишлайдиган ёши каттароқ аёл кишининг оғир касалликка чалинганини эшитдим. Ишхонамиз унчалик ҳам катта эмас, миш-миш жуда тез тарқайди. Ўша куни бу мавзуни кун давомида муҳокама қилдик. Касаллик айнан нималиги билан унчалик ҳам қизиқмадим, билганим — фақат аёлларга хос саратон экан. Соғлиғига эътибор бермаганлиги учун ўтказиб юборган эмиш.

Одамзот қизиқ-да. Аёл ишга келмаганига энди бир кун бўлди, биз эса дарров у билан видолаша бошладик. Кимдир унинг қилган яхши ишларини эсласа, кимдир уни бошқа хислатларини, кимдир эса инсоний фазилатларини мақтарди. Уни муҳокама қиларканмиз, қандай яхши кадрни, ажойиб ҳамкасбни йўқотганимизни англадик. Табиийки, бунақа вазиятда унинг қилган хуник ишлари ёки ёмон феъли муҳокама қилинмайди.

Бошлиғимизнинг ҳам бу хабарни эшитгач, кутилмаганда одамийлик “нейрон”лари ишлаб кетди чоғи, ҳамкасбимиз ўтирадиган жойни “муҳрлаб” қўйди. “У албатта касалликни енгиб ишга қайтади”, - деди ва у ўтирадиган жойга ҳеч ким ўтирмаслигини, у қайтгунча иш ўрни бўш туришини қатъий эълон қилди.

Вақт ҳамма нарсага даво деганларидек, ҳамкасбимиз ҳам, унинг ишхонадаги ўрни ҳам секин-асталик билан йўқола бошлади. У билан боғлиқ хотиралар ҳам хиралашиб, уни деярли унутаёздик. Қанақадир умумий тадбирлар ёки унинг бўш турган ўриндиғига кўзимиз тушиб қолганда эсламасак, уни деярли унутиб бўлган эдик.

Ишхона, ишчилик деганларидек, бирор нарсани излаб унинг хонасига кириб, майда-чуйда нарсаларни ўзлаштира бошладик. Аввалига оддий ручка, қалам, “скрепка”, чизғич каби майда нарсаларни ола бошлаган бўлсак, кейинчалик “степлер”, “калькулятор” ва ток тарқатадиган кабелларини ўзлаштирдик. Шундай кунларнинг бирида бошлиқ ёнига кириб ишлаб чиқарилганига мендан ҳам кўп йил бўлган принтеримни алмаштириб беришини юзингчи марта сўрадим. У ҳам юзинчи марта мени авраб жўнатди. Хонасидан қайтар эканман, ўша ҳамкасбимнинг хонаси эшиги ёнида тўхтадим. Эшикни очиб секин ичкарига ўғринча назар солдим. Ҳеч ким йўқ. Ҳамкасбимнинг столи устида компютер ва анча замоанвий принтер турарди. Шайтон йўлдан урди, секин принтернинг симларини суғурдим ва кўтариб эшикдан чиқдим. Ўша пайтда бир лаҳзага тўхтадим. Ортимга бурилиб ҳамкасбимнинг бўшаб қолган столи устига қарадим. Ҳамксасбим ишда юрган вақтларни эсладим, столи усти тўлиб турар, у ҳам бизни яхши кайфият билан кутиб оларди, янги-янги ғийбатлар, миш-мишлардан хабардор қиларди, кўнгли очиқ аёл эди. Энди шундай аёлнинг хотирасига хиёнат қилаётган эдим. Ўлган бўлганида ҳам майли эди, ҳали ўлиши ҳам аниқмас, нега мен бундай қиляпман? Бу каби саволлар миямда қанақадир сония ичида айланди ва тезда гумдон бўлди. Хонам томон юриб кетдим. Ичмдаги виждонни ўлдириш учун ичимда бир коммунист уйғонган эди. Иш-ми? Иш. Сеники-меники деган нарса йўқ, ҳаммаси шу ишхонанинг манфаати учун. У аёл катта эҳтимол билан қайтмайди, тирик қолишни ўзи мўжиза дейишганди, энди шу мўжиза рўй бериб у аёл ишга қайтиш эҳтимоли жуда ҳам кичик ҳолатда ҳам унинг принтеридан фойдалана олмайманми? Бошлиқ ҳам билса-билар, ўзи обермагани учун бу нарсага индай олмаса керак.

Кўп ўтмади, менинг принтер ўзлаштиришим ҳамкасбларим орасида ўғирликнинг янги босқичини бошлаб берган эди. Бир ҳафтанинг ичида унинг клавиатураси ҳам, компютери ҳам ва ҳатто юмшоқ ўриндиғи ҳам бошқасига алмаштирилиб кетилди. Офис деганлари шунақа нарса, тирик қолиш учун шафқатсиз бўлишинг керак, Жунглининг бешафқат қоидалари бизда ҳам ишлайди дўстлар.

Инсоннинг ўзи йўқолгач хотираси ҳам узоқ яшамас экан, ҳамкасбимиз ва унга боғлиқ ҳеч нарса қолмади. Унинг кичик хонаси бўм-мўш бўлди, хонага кириб гапирсангиз яланғоч деворларда овозингизнинг акси келарди. Бошлиқ ҳам ич-ичидан бу воқеаларни билган бўлса керак, шунга қарамай у ҳам индамасликка қарор қилганди. Янги нарсалар олиб бергандан кўра бу фойдалироқ эди-да унга.

Орадан бир йилча вақт ўтди. Одатий иш кунларидан бири эди, ўзимнинг ҳар доимги юмушларим билан бандман. Бирдан бошлиқ йиғилишга чақириб қолди. Ҳамкасблар билан гап нимадалигини билмай ҳайрон эдик, одатда бошлиғимиз йиғилишларни душанба куни эрталабдан қиларди ҳамма давлат ташкилотида ишлайдиган раҳбарлар каби. Бугун эса душанба куни эмасди.

Йиғилишга кирдиг-у, анграйиб қолдик. Бошлиқнинг ёнида бизнинг суюкли, қадрдон, унутиб юборган ва саратондан ўлиши керак бўлган ҳамкасбимиз турарди. Кўриниши ўзгариб кетган, олдинги тўлалигидан асар ҳам қолмаган, бошига рўмол ўраб олганди. Рўмоли остида сочи қолмаганлигини билиш унчалик ҳам мураккаб иш эмасди. Лекин кўринишига нисбатан кайфияти яхшироқдек, жилмайганча ҳаммамизни қарши олди. Биз ҳам енгил “шок” ҳолатидан чиқиб, у билан обдон сўрашган бўлдик. Бошлиқ ҳамкасбимизни оғзи кўпириб мақтади, у мисли кўрилмаган жасорат кўрсатганини, ҳар ким ҳам эплай олмайдиган, саратон билан курашда ғолиб чиққанини, энди яна аввалгидек ишга қайтишини маълум қилди.

Унинг гапларини эшитаяпман-у, ҳаёлимда битта фикр: тез хонадан чиқиб, принтерни жойига қўйишга улгуришим керак. Ҳойнаҳой, бунақа ўй мен каби бир нечта “оккупант” ҳамкасбларимнинг ҳаёлидан ўтаётган бўлса керак. Ахир “тирик” ҳамкасбимизнинг меросини бутун ишхона билан бўлиб олишга улгургандик. Афсуски, биз ҳеч нарсага улгурмадик, йиғилиш тугаши билан ҳамма хонасига тарқалди. Мен ҳам воқеалар ривожи қанақа бўлишини кўришни истамасдан ўша куни хонамдан чиқмадим. Иш тугаганидан сўнг уйига кетганида, секингина нарсаларини олиб бориб столи устига жойлаштирдим. Ахир у хонада ўтирган вақтида принтер кўтариб кириб, кўзларига қандай қарардим?

Ҳамкасбимиз қайтганидан сўнг кўп ҳам ишламади. Бир ёки бир ярим йилча ўтиб ишдан яна кетди. Бу сафар бутунлайга. Нафақа ёшига чиқдими, чиқмадими, аниқ эслай олмайман, уни чиройли қилиб кузатиб қўйдик (гарчи ҳаракатларимиз акси бўлсада, чўпон кийдириб, қойиллатиб кузатиб қўйишни яхши удлдалардик). Кетиши олдидан хонасига кирдим. У пайтлар принтер учун уялиш ҳиссимнинг яроқлилик муддати тугаган, ўзимнинг ҳам эсимдан чиқиб кетганди у воқеа. Аёл нарсаларини секин йиғиштирар экан, мени кўриб саломимга алик олди. Озгина у-ёқ, бу-ёқдан гаплашган бўлдик, бу орада у нарсаларини йиғиштириб бўлди. Сўнг нарсаларини олиб чиқиб кетиши олдидан менга диққват билан разм солди. Менга қараб бўлгач принтерига қаради ва сеингина қилиб: “Биров олиб кетмасидан олишга улгурай дебсиз-да”, - деб ўзини мажбурлаб жилмайди. Билмайман, бу захарли гап кўпроқ оғир ботдими ёки ўзимнинг аҳмоққа ўхшаб уни кузатишга кириш ҳақидаги қароримми? Ер ёрилмади ерга кирмадим, вазиятни юмшатиш учун мен ҳам сохтагина қилиб кулиб қўйдим.

Хонамга кетар эканман кафтим билан пешонамни бир неча бор нишонга олдим. Мен умримда бунақа ноқулай вазиятга тушмагандим. Ҳа, бўлган, шунга ўхшаш ҳислар, масалан бегона одам олдида бировни ёмонлаб қўйишинг, ёки ўзи эшитмаяпти деб адашиб бировни устидан кулишинг, лекин улар ҳам бу уят олдида иш эполмасди. Бу менинг умрим охиригача эсласам уялиб кетадиган воқеаларим рейтингида биринчи ўринга чиқадиган воқеа бўлишига ишончим комил эди.

Бир неча кундан сўнг ичимдаги оловни ўчириш учун ўша ҳамкасбимнинг энг яқин дугонаси бўлган аёл ёнига бордим. У ҳам бизда ишларди, секин четга тортиб гап нимадилигини сўрадим. Принтер учун мендан хафа бўлиб юрганмиди, мени ёмон кўриб қолганмиди, мен бу саволларга жавоб топишим шарт эди. Аёл ҳаммасини етарли даражада қилиб тушунтириб берди.

Маълум бўлишича, ҳамкасбимиз узоқ давом этган кимё терапияси, нурланиш каби оғриқли даволанишлардан сўнг касалликни енгган ва бундай жасоратдан сўнг ўзидан фахрланиб, тўлқинланиб ишга қайтган экан. У ишга энергияга тўлиб, ҳаммасини бошқатдан бошлайман деб келибди. Лекин ишхонага келгач, ўз хонасига кириб нарсаларидан асар ҳам қолмаганини кўргач, ҳафсаласи пир бўлибди. Чунки раҳбар унга қўнғироқ қилган вақтлари “Биз сизни кутаяпмиз, ўрнингиз шундайлигича турибди, ҳамкасблар сизни соғинди”, - деб ишонтирган экан. “Қанчалик қийин бўлмасин, эҳтимоли жуда ҳам паст бўлса ҳам, ўзим саратонни енга олишимга ишонгандим, буни уддалашга ўзимда куч ҳам топгандим, бироқ ҳамкасбларим бунга ишонишмаган экан”, - деб биздан қаттиқ ранжибди.

Бу гапларни эшитиб бир муддат сиқилиб қолдим. Кайфиятим йўқ, бир одамни, бир инсаёлни синдириб қўйганимиздан хафа бўлиб юрдим. Кейинроқ эса ўзимни-ўзим овутдим, ишда нималар ҳам бўлмайди? Бир ҳафта ўтмай унинг принтерини яна ўзлаштирдим. Шунча воқеадан кейин яна бу ишни қила олганимга ҳалигача ўзим қойил қоламан.  

Ҳозир уриб-уриб ишлатаётган ўша минг йиллик принтерга қараб бу воқеани эсладим. Бутун бошли саратон синдира олмаган аёлни, ишхонадаги бир гала эркак ҳамкасблари синдириб қўйганди.

Бу притнер ҳам эскирди. Янгилашим керак. Менимча бошлиққа инсоф киришидан кўра яна бир ҳамкасбимнинг саратонга учраш эҳтимоли баландроқ.

27 нояб. 2024 г.

Кечиккан дедлайн

Чолнинг ўлимига ҳамма нарса тайёр эди. У кузатиладиган уйда ортиқча нарса қолмаган, ҳовли тозаланиб, аёллар кириши учун фойдаланилмайдиган орқа эшикни ҳам очиб қўйишган эди. Ҳатто барчасидан бехабар кучук ҳам вақтинча қўшнининг молхонасидан сиёсий бошпана топишга мажбур бўлди.

Бу ёқда шаҳарлик неваралар уч йил олдин чолнинг юбилейида қучоқлашиб тушишган суратларини инстаграмлардаги сторисларига жойлашга ҳам улгуришган эди. Фарзандлар ҳам руҳан тайёр, докторнинг умид йўқ деб уйига олиб кетишларини сўраганида, органда ишлайдиган катта ўғли ғурурими ёки фарзандлик бурчи, ўзи ҳам билмайди қайси биринидир кучи билан докторга бобиллаб берганига қарамай, ич-ичидан вазиятни тушуниб турарди.

Отасидан рози ризоликни олгани ота ҳовлига келган қизлари ҳам мана учинчи кундирки нима қилишларига ҳайрон. Бири мактабда ўқитувчи, мана уч кундирки ота ҳовлисидан юз чақирим узоқликдаги мактабидаги болаларга кимё фанидан дарс ўтилмаяпти, буёқда ҳали ота тирик, ким билади унинг жони узилганидан сўнг ҳам неча кун мактабдаги болалар кимё фанисиз қолар. Иккинчисининг хусусий боғчаси бор, уч кундан бери бормаганини эсласа юраги орқага тортади. Яна бирику уйда, невараларига қараб ўтирадиган катта ёшли аёл. Унда муаммолар кўп туғилмайди, лекин, унинг ҳам бу ерда уч кунлаб қолиб кетиш режаси йўқ эди-да! Айниқса, биринчи кун келиб отасидан рози-ризоликни олиб, чинакамига кўз ёш қилиб олган чолнинг қизлари, вазият бу қадар чигаллашиб кетишини умуман ҳисобга олишмаганди.

Энг катта жабр кичкина ўғилга бўлди, мана уч кундирки хотининг ёв қарашларига чидаб яшашга мажбур. Бечора хотини уч йилдан бери ётиб қолган чолни кам-кўстига қараб келганди, ана ўлади, мана ўлади деб уч йилдан бери оёқни узатишни истамаётган чолни кўргани қўзи йўқ бўлса ҳам, ўлими деярли аниқлашиб қолгач, ҳеч бўлмаса энди маломатсиз қараш учун югуриб-елиб хизматни қилиб юрганди. Бироқ уч кун у учун ҳам кўпдай кўрина бошлади, чолни ўзи камдай энди уйдаги бир дунё меҳмонларнинг ҳам хожатини чиқариши керак. Ахир мана шу кунларда иржайиб турмаса, бу қайни опалар уч йил қараганини эслаб ҳам ўтирмайди, уч йил тагини тозалагинини бирор жойда эътироф ҳам қилмай, мана шу уч кундаги ёв қарашларни гапириб юришлари аниқ. Ҳа, майли, тез орада барчасидан бира-тўла қутилади, шунисига ҳам шукур.

Чол дамба-дам ҳушига келадию тепасида фарзандларини кўриб ҳижолат чекади. Аввалига аҳволи оғирлашиб қолгач барчаси тугагани ўйлаб калимасигача қайтариб қўйганди. Шифохонада неча кун ётди билмайди, ўзига келса уйида. Қаршисида фарзандлари рози-ризолигини сўраб йиғи-сиғи қилиб ўтирибди. Аввалига бироз довдиради, аҳволи аввалгига нисбатан яхшироқ эканлигини ҳам унутиб, уларга қўшилиб оз-моз йиғи-сиғи қилди. Барчаси билан сўгги бор хайрлашган бўлди, бешала фарзандга ҳам розилигини айтди ва энди унинг ҳам кетар вақти бўлганини аввалдан тайёрлаб қўйган қисқа лекин чиройли нутқ билан етказди (буни қарангки нутқ ҳам ҳар бир сўзигача эсига кела қолди). Кейин секин кўзини юмди. Уйқуга кетар олди яратганга ёлворди: “эй парвардигор, шарманда қилма, олақол энди жонимни, қайси бет билан уйғонаман эрталаб?” деди ичида такрор-такрор.

Мана учинчи кундирки унинг жони узилмайди. Ўзига келадию, ўзини беҳолдай тутиб ётаверади. Имкон борича кўзларини юмиб олади, ҳуддики одам кўзини юмиб ётаверса ўлиб қоладигандек. Кўзини юмиб хонанинг у бошидаги фарзандларининг сухбатларини эшитиб қолади. Энди фарзандлар унчалик ҳам хафа эмасдек, улар анча ўзларини қўлга олишган, икки кун олдинги йиғи-сиғидан асар ҳам йўқ. Ўртанча қизи Ханифа мактабдан неча кунга жавоб олганини айтиб отаси томонга қараб қўйганча бошини афсус билан силкитади, кичкина қиз аза куни киядиган кўйлагини опаларига кўрсатиб уларни фикрини сўрайди. Катта қизи отасининг ўлими туфайли ўғли Махмуджонни тўйини кечроққа суриши мумкинлигини айтиб сиқилади.

Буларнинг барчаси эшитиб ётган чол кўзларини юмганча яратгандан фақат бир нарсани қайта-қайта сўрайди.

13 июл. 2024 г.

Барча кучуклар жаннатга тушади

Тахтлар ўйини” китобини ўқиб ўтириб бир нарса ёдга тушиб кетди. Китобда Старклар оиласининг каттаси Недд Старк даладан топиб олинган ёввойи кучукларни фарзандларига совға қилади. Бешта болага – бешта ит. Мени билишимча бизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган. Акам ва опамга дадам иккита кучук опкелганди бир вақтлар. Мен у пайтлар ҳали гўдак бўлганман. Кучуклар зотдор бўлишган, катта-катта бўлишди. Улғайиш вақтларим уларнинг қарилик даврига тўғри келганди. Бирини, яъни опамникини бир кун тунда корейслар ўғирлаб кетганди. Бу нарса опамга қаттиқ таъсир қилган, анча вақт хаммадан хафа бўлиб йиғлаб юрган эди. Маҳалламиздаги барча корейсни ёмон кўриб қолганиям бор гап.

Иккинчи кучугимиз қариб ўлди. Анча вақт яшади. Акамлар университетга кириб Тошкентга кетган пайтлари ҳам тирик эди. Акам учун кучук эрмак бўлмай қолганди, энди уни ёшида ҳаёт анча қизиқарлироқ вақтлар эди. Уй ҳайвонлари нисбатан мен учун қизиқроқ бўлган. Ўша кучук ҳам. Лекин уни ёнига бориб бирга ўйнашни таклиф қилсам унга ёқмас эди. Қаригани учун ўрнидан тургиси келавермасди. “Қўй энди ука, бор ўртоғларинг билан ўйнагин” дегандай қараш қиларди. Кейинроқ у ўлди. Онамдан уни “жаннатга тушадими ёки дўзаҳга?” деб сўраганим эсимда. Онам “хамма кучуклар жаннатга тушади” деган эди.

Уйимизда ит қолмаганидан кейин яна битта кўппак олишимизга тўғри келди. Қишлоқ жойда битта уйда битта кўппак бўлмаса нотўғри ҳисобланарди. Бу қарор айниқса менга роса ёққан эди. Акам қўшни қишлоқдан уни кўтариб келгани эсимда, қоп-қора, кичкина, кўзлари энди очилган кучукча эди у. Унга “Бэмби” деб лақаб қўйганди опам. Ёз бўлгани учун опам ҳам таътилда, уйда эди ва у ҳам итга бошқача меҳр берганди. Кейин Бэмби каттароқ бўлгач унга қарамай қўйди. Шунчаки кучук кичкиналиги вақти ширинча бўлгани унга ёққан экан. Ҳамма одамлар айниқса қизлар шунақа. Ҳайвонларнинг кичкиналиги вақти уларга меҳри бўлакча бўлади, улғайгач ёқтирмай қолади.

Хуллас кучугимиз мен билан катта бўлди. Ўрта синфларда ўқиётганимда у келган бўлса, мактабни битиришим вақтимда айни навқирон вақтлари эди. Қишлоқ жойда болаларнинг эрмаги унчалик кўп бўлавермайди, ўша кўп бўлмаган эрмаклардан бири кучугим бўлган. Қаерга борсанг орқангдан бориши, бошқа кучуклар чиқса сени, ўзича ҳимоя қилиши менга ёқарди. Айниқса уни озгина сексистроқ эканлиги завқ берарди менга. Одатда эркакларга эмас доим аёлларга, қизларга хурарди ва бу менга доим кулгили туюларди. Ҳозир шуларни эсласам, кучугим минг зўр бўлганида ҳам Нетфликс у ҳақида фильм ишламаслигини тушунаман. Доим мен билан юргани учун уйдагиларим ҳазиллашиб “думинг қани” деб сўрашарди.

Мактабни битиргач мен ҳам ўқишга кетдим. Бэмби уйда ёлғиз қолди. Энди уйда бирорта фарзанд ҳам йўқ, ҳаммаси ҳар жойга тарқаб кетган. Уйда кучук ва онам эди. Мен ҳам балоғат даврида эдим, кучукни кам кўрганим туфайли уни аввалгидек яхши кўрмай қўйдим. Энди менга одам анатомияси қизиқроқ даврлар эди. Ҳафта охирида уйга қайтишимдан кучугим устимга сакраб мени кутиб оларди. Ёнимда уёқдан-буёққа югурарди, севинчини ичига сиғдиролмасди, мени ҳафта давомида соғинган бўларди. Мен ҳам ўша пайт озгина у билан ўйнаган бўлардим ва озроқ вақт ўтиб зерикиб қолардим. Энди мен кўчага чиқсам уни ортимдан юришига қўймасдим. Кет дердим, кетмаса бирор нарсани отардим ёки ҳовлида қолдириб дарвозани ёпиб келардим.

Бора-бора у ҳам мени айниганимни тушунди. Аввалгидек қувноқ кутиб олмайдиган бўлди. Аксинча, уйда бирга қолган онамга меҳри бошқача ортиб кетди. Қанақадир, жуда тез қариб қолгандек эди, худди онам каби.

2-3 йилдан кейин қишлоқдан кўчадиган бўлдик. Бизни бу ер билан боғлаб турадиган сабаблар камайиб кетган эди, шароитлар ҳам у вақтлар ноинсоний даражада эди биз томонларда. Акамнинг иши, мен ўқишим шаҳарда, бу ерда эса фақат яхши ва ёмон хотиралар қолди. Аввалига домга вақтинча кўчиб чиқдик. Эсимда кўчиб кетиш вақтимизда қариб қолган Бемби кўзини мўлтиллатиб, қанақадир ҳавотир билан нарсаларни ортишимизни кузатган эди. Юк машинаси олдида айланиб, тез-тез юрар, уёқдан-буёққа ўтарди. Ўшанда унга жуда раҳмим келган, ичимда нимадир узилгандай бўлганди. Бизни кетаётганимизни сезиб турган бўлса керак.


Бэмби у вақтда анча қари эди, бундан ташқари биз аввалига домга кўчиб кетганимиз туфайли уни олиб кетишни ҳеч қанақасига имкони бўлмаган. Уйни қўшнимиз бўлган холамларга сотганимиз учун сал кўнглим тўқроқ, итни ўлгунича қарашларига шубҳам бўлмаган.

Кўчиб кетганимиздан кейин мен анча вақтгача қайтмадим қишлоққа. Борсам ҳам бирор тадбир билан борардим ва эски уйимизга кирмасдим. Эски уйимизга биринчи борганимда кўчиб кетганимизга 8-9 ойлар бўлган эди. Ҳовлига кирганимда ўзим истар-истамас Бэмбини изладим. Кўринмади атрофда. Ўрнига бошқа бир кичкина кучук акиллаб чиқди. Ҳоламлар билан кўришдим, уёқ-буқёдан суҳбатлашдим. Қўшниси бўлган тоғамлар ҳам чиқди, улар билан қуюқ кўришдим. Кейин секин Бэмби ҳақида сўрадим.


Ўлганига бир ҳафта бўлибди. Қариб, ёшини-яшаб, ўз омонатини топширибди. Кейин ҳолам ва тоғам кулги билан айтиб бера бошлашди:

-       -  Бемби барибир ақлли кучук бўлганда. Яхши кучук ўлигини эгасига кўрсатмайди, деганларини эшитганмисан? У ҳам ўзини уйида эмас, тоғангни огородини бошида ўлибди.

-      -   Ўлмай ўлсин, яхши кучук эгасига кўринмай ўлиб, лекин қўшнисини огородини саситиб ўларканда а?, - деб хохолаб кулди тоғам.

Ҳолам ҳам қўшилиб кулди. Мен ҳам кулдим.

Мен учун ёшликда эрмак, қайсидир маънода дўст вазифасини бажарган, садоқат ва эркаликлари билан ўсмирлик даврларимда юрагимни бир қисмидан жой олган Бэмбининг бутун ҳаёти, ҳолам ва тоғам айтган икки мисра латифани ичига сиғиб кетди. Энди бу латифани улар анча вақт эслаб, бошқа қариндошларга ҳам кулиб айтиб беришади. У бечорадан мана шу кулгили латифа ва қўйнимда қучоқлаб тушган 2-3 та суратлар эсдалик бўлиб қолди.

23 июн. 2024 г.

Ҳайитлик

Ҳайит муносабати билан ҳар йилги анъанага содиқ қолган ҳолда Бобур онасини олиб тоғасиникига жўнади. Онасининг ота уйи ҳисобланмиш тоғасининг уйида ҳар йили ҳайит байрами нишонланади. Қўй сўйилади, опа-сингиллар-у ака-укалар бир жойга жам бўлишади. Бу сафар Бобур ҳар доимгидан ҳам эртароқ келган экан. Ҳали улар гўштини ейиши керак бўлган қўй сўйилмаган ҳам.


Бобур учун бу ишлар зерикарли. Унга қолса ҳаммани жўнатвориб уйда ётишни маъқул кўрарди. Лекин, наилож, бир йилда 2-3 марта онаси билан компромиссга боришга мажбур. Ҳар қалай бу аёл уни туққан. Унинг етарлича ҳаққи бор бунга. Бобур шу нарсаларни ўйлаб тоғасининг ҳовлисида айланиб юрибди. Қариндошлари билан соҳта мулозаматда кўришган бўлдида, кенг ҳовлини айлана бошлади. Бойланган кучукнинг арқони қаергача етишини ҳисоблаб кўрди, товуқларни нечталигини санади, молларни кўздан кечирди, тоғасини невараларини турқиларига қараб қайси бири қайси тоғаваччасини боласи эканлигини аниқлашга уринди. Хуллас Бобур зерикди.

Аввалги ҳайитлар қизиқроқ бўларди. Тоғаси унга ҳайитлик деб пул берарди. Тоғасини болалари билан ўйнаб бир жойларга дайдиб келишарди. Уришарди, кулишарди, музқаймоқ еб келишарди, умуман олганда вақтни мароқли ўтказарди. Ҳозир эса тоғаси унга ҳайитлик бермай қўйган, бу улғайишни бадали бўлса керак ҳойнахой. Тоғаваччалари ҳам энди кап-катта одамлар, улар билан қувлашмачоқ ўйнашга энди озгина кечроқ бўлса керак. Музқаймоқни ҳам диетологи қатиян тақиқлаган. Хуллас, ҳозирги ҳайитлар аввалгидек эмас.

Шу нарсаларни ўйлаб қурбонлик учун сўйилишга олиб келган қўйнинг ёнига келиб қолди. Унга зимдан тикилди. Тўғрисидаги тўнкани устига ўтирди. Болалардан бири ейилган тарвуз пўчоқларини қўйни олдига келиб унинг охурига ташлаб кетди. Тарвуз пўчоқларисиз ҳам бу охурда кўп нарсалар бор эди. Ям-яшил майсалар, қамиш, сув солинган эски тоғора, озгина беда. Энди уларнинг ёнига таги қошиқда қирилмаган тарвуз пўчоғи ҳам қўшилди. Қўй бу нарсаларни шошилиб ер эди. Ҳудди барчасини емаса, уларни қайта олиб кетиб қолишадигандек.

Бобур унга қараб ҳаёл сура бошлади. Унга раҳми кела бошлади. У ўйларди: эҳ бечора қўй. Ярим соатдан кейин сени бўйнингга пичоқ тортишларини, 45 дақиқадан кейин терингни шилиб олишларини, 3 соатдан сўнг қовурғаларингни чеккасида қолиб кетган этларингни тиши билан ҳузурланиб кимдир сўришини билганингда, балки бунчалик ҳовлиқиб овқат эмасмидинг. Буларнинг барчасини билганингда, ейишдан тўхтаб ўтган умрингни бир тарозига солиб кўрармидинг? Қилган яхши амалларингу, ёвуз ишларинг, қилган инцестларингу, бефаросатча ҳовлини ўртасига аҳлатингни тўкиб кетганларингни ўйлаб хижолат бўлармидинг? Албатта бу нарсаларни сен ўйламайсан. Ўйлаш ҳусусиятинг бўганида қўй бўлиб юрмасдинг бу ерда. Агар танлаш ҳуқуқи ўзингга берилганида ҳеч бўлмаганда бошқа жонзот бўлиб туғилишни танлашинг керак эди. Масалан чўчқа. Уни мусулмонлар ейишмайди. Йўқ бўлмас экан, уни руслар боқади ва албатта ейди. У ҳам қўйни сал бошқачароқ варианти. Яхшиси ит бўлиб туғилишинг керак эди. Агар Ўзбекистонда ит бўлиб туғилганингда катта эҳтимол билан сени ейишмаган бўлишарди. Лекин, қишлоқ жойда туғилсанг, сени ҳеч ким боқиб олмаслиги ҳам мумкин. Катта бўлиш эҳтимолинг пасайиб кетади. Йўқ, кучук ҳам бўлмас экан. Яхшиси одам бўлиб туғилиш керак. Энг зўри шу.

Қўй бирдан оғзидаги нарсаларни ғажишдан тўхтади. Бошини тепага кўтарди ва Бобурга қаради. Унинг қарашлари энди бобурда раҳм ҳисларини уйғотмаётган эди. Қўйнинг нигоҳида ўзига хос кибр аломатлари бор эди. Нимадир унга ёқмади шекилли деб ўйлади Бобур. Қўй овозини борича бир маъраб олдида, бўйнини икки ёнга қирсиллатиб, тилга кирди.

-    Одам бўлиб туғилиш? Сен менга одам бўлиб туғилишни маслаҳат беряпсанми? Сенингча бу дунёдаги энг бахтли жонзот одамзотми?

Бобур нимагадир қўйни тилга кирганидан таажжубга тушмади. У бу ҳолатга рўй бериши мумкин бўлган ҳодисадек, қарар эди. Ҳойнаҳой Дисней мультфильмларининг эффекти бўлса керак бу.

 -       Ҳа, мен шундай фикрдаман. Одам бўлиб туғилиш бу яшаш имконияти берилган жонзотлар ичидаги энг олий мукофот.

-          -    Мен бу фикрга қўшилмайман, Бобурбой, - қўй Бобурнинг исмига бой қўшимчасини қўшди ва уни ўта кинояли тарзда - чўзиброқ талаффуз қилди. Одатда ишхонасидаги бошлиғи, мажлис пайтида уни койимоқчи бўлганида исмини мана шундай талаффуз қиларди.

 -       Ҳўш бунга асосинг борми? Бирорта аргумент келтира оласанми, одамлардан бошқа жонзотлар бахтлироқ эканлигига?

        -       Албатта. Биринчидан, сенлар кеча одамга айлангансанлар. Унгача маймун эдиларинг ва қўйларни бефаросатликда айблашга умуман ҳаққиларинг йўқ.

        -       Биз маймундан тарқамаганмиз. Шунчаки, маймун ва одамзотнинг аждоди битта генга бориб тақалади. Минглаб йиллар аввал ота-боболаримиздан бири одамзот бўлишни танлаган, иккинчиси маймун бўлишга қарор қилган. Шундай экан, биз маймунни авлоди эмасмиз, жа борса амакиваччадирмиз.

        -       Майли, истаганингча талқин қил буни. Нарсаларни ўз номи билан аташ сен одамзотнинг энг катта қўрқувларингдан бири. Бўпти, шундай ҳам дейлик, менку ҳозир ўлдириларман. Гўштимни ерсизлар, Ҳудоларингга мен учун раҳмат айтиб дуо қиларсизлар, буларнинг менга аҳамияти йўқ. Бўйнимга пичоқ тортилади ва бир дақиқага бормай жоним чиқади. Уч йил умр кўриб кетарман бу дунёдан, менга етарли бу. Лекин сенларчи? Узоққа бормайлик, тоғангни ўғли Анварни мендан бахтлироқ деб ўйлайсанми? Умр бўйи отасини қўлида катта бўлди. Ҳалигача ота касбини давом эттираяпти. Отасини чизган чизиғидан чиқмайди, ҳатто хотинини уйига жўнатмоқчи бўлса ҳам отасидан руҳсат сўрайди. Ҳаётдан оладиган лаззати нима? Ўзи туғдирган фарзандлари ҳам ундан кўра кўпроқ тоғангни яхши кўради. Ҳафтада икки марта легальный секс, кунига бир ҳалта нос, ҳар-ҳар замон байрамларда озгина ароқ ичар, кечқурун озгина ўзбекча теленовелла билан Путинни пропагандасини кўрар. Телеграмда келадиган бачкана тўртта видеони кўриб ҳоҳолаб кулиб қўяр, бўлди. Қолган пайти умри иш билан ўтиб кетади. Хотинини ғиншишига ва ота-онасини инжиқлигига бош эгиб яшайди. Топган пули рўзғордан ортмайди. Шароитини қанақалигини мендан яхши биласан ўзинг, энди сен менга айт, тоғангни ўғли Анвар ростданам мендан бахтлироқми? Мен ҳозир кетаман, шу билан йўқман, эсланмайман ҳам, менга аза ҳам тутишмайди, бошқа қўйлар кўриши учун болаларим ўзини мажбурлаб йиғлаб ҳам ўтиришмайди. Мен йўқман, бўлди. Лекин Анвар ҳали кўп сиқилади. Анвар ҳали жуда кўп мана шу ва бундан бадтарроқ йўсинда яшашга мажбур. Болалари катта бўлиб дамни оламан деган пайтида болаларни катта бўлишини плюсидан кўра кўпроқ минуслари борлигини англаб етади. Болалари Анвар эмас, хотинига кўпроқ тортган, улар отасини бошига кўтариб юрмайди Анвардек. Тоғанг Анварга қилаётган муомаласини кўриб ўсаётган болалардан нимадир кутмасин Анвар, айтиб қўй бу гапларимни.

Бобур ўйга толди. Бир томондан бу қўйни гапларида жон бор эди. Дунёқараши кучли қўй экан. Нима бало Достоевскийни китобини еб юборганмикан-а? Лекин, у барибир ақлига сиғдира олмас эди, қўйни ёки умуман бошқа жонзотни инсондан бахтли бўлишига. Бу кўпроқ ишончсизлик эмас, умидворликка ўхшаш ҳис эди.

    -       Битта Анварни мисол келтирдинг. Масалан мен. Ундан анча бахтлироқман, ишларим жойида, эрким ўз қўлимда, истаган пайтим истаган ишимни қилишим мумкин. Менга нима дея оласан.

Қўй сўзини бошлашдан аввал мийиғида кинояли тарзда кулиб қўйди. Ҳа, дўстлар, қўй ҳам мийиғида кула олар экан. (Тўртинчи деворни бузилиши эди бу)

    -       Ҳозир гўштимни еб бўлганингдан кейин онанг билан уйингга кетасан. Уйингда онангни айтганини қилиб, яхши ўғил бўлишга мажбурсан. Аслида қизиқиш ва қадриятларинг умуман ўзгача бўлгани билан, сен шу зайлда яшашга мажбурсан. Менталитетинг шунга мажбур қилади. Бундан ташқари хотининг учун ҳам яхши эр бўлишинг керак. Уйланганингча эр деганда умуман бошқа нарсаларни тушунганинг сени бундан қутқара олмайди, ҳудди қонунни билмаслик сени жавобгарликдан соқит қила олмаганидек гап бу.

Товба деб ҳайрон қоларди Бобур. Бу Достоевскийни китобини еганми десам, Қонституцияни ҳам хазм қилиб юборганга ўхшайди. Энди Бобурни кўп нарса ҳайрон қолдира олмаслиги аниқ. Унга айни дамда битта нарса қизиқ, Конституцияни эски таҳририни еганмикан ёки янгисини?

     -       Ишхонангда бошлиғингни қўлига қараб қолгансан. Ойлигингни окладини каттароқ ёзиши учун қўйга айланиб “бааа” дейсан деса, керак бўлса қиласан бу ишни. Нозиккина қўлчаларинг ҳар сафар ўз истаги билан эмас, мажбурликдан бир-бирига урилади кимгадир пахта қўйганингда. Юзингдаги соҳта жилмайишларинг билан кўп вақтни ўтказаверганингдан ўзинг ҳам ўзингни бахтли деб ўйлай бошлагансан, аслида мана шу нарсалардан келиб чиқиб ўзингни эркин эмаслигингни ҳис қила олишинг керак эди. Ўзингни қафасчангга “бахт” лақабини қўйиб бахтлиман деб ўйлаяпсанми? Бу ҳудди тагингдаги “Нексия 2” мошинангга Ламборжини деб лақаб қўйиб, ўзингни Ламборжинида юраман деб ишонтиришдай гапда.

Қўй шу гапларни айтдию, ҳоҳолаб кула бошлади. Унинг кулиши шу даражада ҳуник ва бачкана эдики, уни эшитган одамда кринж ҳисси уйғонарди. Бобурнинг энсаси қота бошлади. Қўй кулишдан тўхтаб, сўзида давом этди.

    -       Қотир, қотир энсангни. Сени энсанг фақатгина қўйлар, хотининг ва сендан ижтимоий табақаси пастроқ бўлган одамлар қаршисида қотади. Бошлиғингга, онангга ёки бўлмасам умуман бирорта яшил формали одамга қотира оласанми энсангни? Албатта йўқ.

Қўй бошини силкиллатиб, секин Бобурга қаради. Бу қараш замирида “бопладимми, бирорта гапинг борми?” деган маъно зохир эди. Бобурнинг эса тили айланмай қолган эди. Асаби бузилиб сигарет чеккиси келди, лекин сигаретсиз келгани ва тоғасини уйида эканлиги уни бундан қайтариб турарди. Акс-ҳолда қўйдан сигарет сўрашга ҳам тайёр ҳолатда эди.

Бобур қўй билан ортиқ суҳбатлашгиси келмай қолди. Муҳокамани тугатишни истади. Тугатиш учун эса яхши битта зарба керак деб ўйлади. Лекин, рақиб анойи эмас, ундан анча ақлли қўй.

    -       Аслида энг олий баҳо ҳозир рўй беради. Инсонлар сизлардан бахтлироқ, сизлар инсонлар учун хизмат қиласизлар, ҳозир сени сўямиз ва мазза қилиб кўштингни еймиз.

Қўйни энсаси қотди бу гапга. У Бобурдан савиялироқ жавоб кутган эди. Кўриниб турибдики, Бобур у ўйлаган даражада эмас. Вазн тоифалар бошқа-бошқа. Қўй ҳам муҳокамага якун ясашга қарор қилди ва энсаси қотганини билдириш учун “бляяяя” деб чуқур овоз чиқарди.

Бобур унинг товушини унчалик ҳам англай олмади, қўй “бляяяя” деяптими ёки “баааа”?

Сўкиниб бўлган қўй, бобурга қаради ва: “зайбал, чақир қассобни”, - деди.

21 февр. 2024 г.

Ёмон кўриш ҳуқуқи

Агар ҳаммасини бошидан эслайдиган бўлсак, мен уни мактаб пайтларимдан бошлаб яхши кўрар эдим. У пайтлар севги ёки мухаббат эмас айнан "яхши кўриш" деб аталарди бу нарса. Уни кўрсанг юрагинг бошқача урушни бошларди, ҳаракатларингда довдираш элементлари кўпайиб кетарди. Ўзинг уйда юрган пайтингда ҳам ҳудди  у сени кузатиб тургандек ўзингни тутардинг. Ёш болача қилиқларингни камайтириб ўзингни жиддийроқ тутардинг, ўсирмоқчи бўлсанг атрофга бир назар солиб олиб ҳеч ким йўқлигига амин бўлиб олардинг. Энди соч турмагинг соч олдираётганда свет ўчиб қолган одамникига ўхшамайди, энди сен сартарошга "мана бу жойини озгина қолдиринг" деб айта оласан. Энди сен ўзинга қараб юрасан, акангни духисини ҳам ўғирлаб сепа бошлайсан. Футболкангни кийишингдан олдин қўлтиғини хидлаб кўрасан.

Хуллас ўша вақтлардаги симпатияни ўзи ҳам сени қисман фаросатлироқ қилиб тарбиялайди экан. Ҳозир шуларни эслаб мени моллик исканжасидан қисман бўлса ҳам олиб чиққани учун унга раҳмат айтаяпман.


Кейинчалик юқори синфларга ўтганимда уни ҳам мени ёқтириб қолганини билдим. Биз расман мактабдаги жуфтликка айландик. Ҳозир эслаб, ўша пайтлар сабрим ҳам катта бўлган эканда, деб ўйлайман, йиллаб жавобсиз севиб юраверган эканмиз, унга бир оғиз ҳам айтмасдан.


Юқори синфда бундан ҳамма хабар топгач анча-мунча комплексларимиздан воз кеча олдик. Энди ўзингни Фаластиндаги давлат ишида катта лавозимда ишловчи Моссад агентидай тутишинг шарт эмас, энди бемалол уни яхши кўришингни тан оласан. Энди бу қанақадир уятли иш эмас. У билан энг ширин даврларимиз ўшанда бўлган менимча. Биринчи марта қиз болани ўпиш нималигини биласанми? Бу дегани сен ўша кундан бошлаб чеснок ейишдан олдин икки марта ўйлаб кўришни бошлайсан дегани.  Биринчи марта қиз болани ўпганингдан сўнг сен ўзингни катталар дунёсига кириб келгандек тута бошлайсан. Энди сен босиб ўтмаган чегаралар қолмагандек, эртага унга уйлансанг уни истаганча ўпишинг мумкинлигини ўйлаб тасаввурингни портлата бошлайсан.


Кейинчалик у билан кўп учрашдик. Кўп ўпишдик. Кўп сухбатлашдик, кўп қўл ушлашиб юрдик. У бошқа шаҳардаги коллежда ўқиди, мен бошқа шаҳарда. Биринчи курслик вақтларимда уни кўргани бориб турардим. Паркни ичидаги хазонрезгига тўла дарахтли кўчада қўл ушлашиб келажагимиз, орзуларимиз ҳақида гаплашиб кетардик. Биз бахтли эдик. Ўша вақтларда барчасидан лаззатланар эдик, барчаси кўзимизга чиройли кўринарди. Агар жаннат бор бўлса ва у ерга қайсидир йўлдан ўтиб борилса, бу аниқ мен у билан қўл ушлашиб юрган ўша паркдаги йўл эди. Агар жаннат бор бўлса ва у ерда идеал бахтли жуфтликлар бўлса, улар аниқ бизни ўша вақтдаги сиймомизда бўларди. Севги мени ҳар бир хужайрамни мавҳ этиб олган эди.


Кейин нималар бўлди ўзим ҳам аниқ билмайман. Биз улғайдикми, дунё ўзгардими, ёки ўзи шунақа бўлиши керакмикан, билмайман. Менимча мени махлуққа айланиш эволюцам бошланган ўшанда. Ҳақиқий эркак ўз аёлини бировга хафа қилдириб қўймайди, бундай маъсулиятли вазифани ўзи сидқидилдан бажаради деганларидек, уни кўп бор хафа қила бошладим. Аслида у пайт айб менда бўлиб туюлмаган эди, ҳозир буларни эслаб таҳлил қилаяпману айб менда эканлигини англаяпман. Антиутопик асарлардаги ўт ўчирувчилар ўтларни ўчириш билан эмас ёқиш билан шуғулланганларидек, мен ҳам севгимизни мустаҳкамлаш билан эмас уни барбод қилиш билан шуғуллана бошладим. Соғлом ва адекват фикрларнинг сўнгги тахлами, чақнаб-чақнаб, огоҳлантириб-огоҳлантириб менинг нейронли миямни тарк эта бошлаган эди.


Аслида мен ношуд бир банда, ҳатто клеш оф кленсда ўзимга бир тайинли база қура олмаган, бутун бошли оила қуриш қўлимдан келармиди? Ичимдаги трусигимгача дадамни ҳаққи бор, контрактимни тийинларигача дадамни пуллари бўлса, мени бутун умр моддий таъминлаш вазифасини аукционсиз ютиб олган дадам, эртага "мен бу қизга уйланаман" десам индамай рози бўлиб кетавермаслиги аниқ эди. Дадам у одамни қизини олиб бермаслигини билар эдим. Бу аниқ эди. Мен ҳатто буни сўраб ҳам кўрмаганман, барчаси кундек равшан эди. Мен дадамни буюми бўлганман, буюмларни эса келажагини уларнинг эгалари ҳал қилади. 28 ёшга кириб ҳам битта мустақил иш қилмаганман, бир сўм пул топмаганман, менга ким қўйибди келажагимни ҳал қилишни? Бу иш биланам мендан яхшироқ бўлган одам — дадам шуғуллангани маъқул. Ҳар қалай, менга нима яхши эканлигини у одам мендан яхшироқ биладику? Ҳаттоки универни битириб келиб ҳам унинг қўлида ишласам, менга ким қўйибди? Ўзимни дадамни вазифаларини бажарувчи сунъий интеллектдай ҳис қила бошлагандим. 


Ҳозир эслаб асабим бузилади, одам ҳам ўз келажагига ҳам шунчалик бефарқ бўладими? Ҳаттоки компютерда ўйин ўйнаётганингда ҳам ўзингни қаҳрамонинг учун қайғурасан. Уни келажагига бефарқ бўлмайсан, лекин ўзингникини шунчаки бошқаларга топшириб қўйишингними қандай тушунса бўлади? Тўппа-тўғри, тушуниб бўлмайди.


Нега буларни эслаяпман? Бугун уни кўриб қолдим, турмуш ўртоғи билан кафеда. Боласиям бор. Кўзимга жуда бахтли кўринди, аввалгидан ҳам чиройли бўлиб кетгандек. Шу сабабли бу воқеаларни эсладим. Мен ҳам уйланганман, фарзандим бор. Ташқаридан қараганда бахтли кўринсак керак биз ҳам. Балки. Қайдам. Менимча бизники бахтдан ҳам кўра бахт лақабли мажбуриятлар тўпланмасига мосроқ тушади. Эр ва хотиннинг жамият нормаллаштирган стандарлари асносида бир текис одимлаётган, Ахборот дастурида намуна қилиб кўрсатишга арзийдиган, ҳавас қилса арзигулик ёш оила вазифасини бажариб келмоқдамиз.


Компютер қаршисида шу нарсаларни ўйлаяпман. Тақдирим бунақа бўлгани учун айбдор қидираяпман. Менимча дадам айбдор. Одамларни ёмон кўриш ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда дадамни ёмон кўришни бошладим. Яхшиям бу ҳуқуқим бепул, акс-ҳолда дадамни ёмон кўриш учун ҳам дадамдан пул олган бўлармидим. Аслида ҳаммасига у айбдор. Бугун йўлимдан чиқиб мени нормал ҳаётимни аслида нормал эмаслигини исботлаб кетди. Дадамдан кейинги ўринда энди уни ёмон кўраман.


Бугун уйга эртароқ кетишим керак. Дадамнинг гап навбати, столда у-бу камчилик бўлса гап эшитаман.

25 апр. 2022 г.

Сув

 Одатда онамга сувни идиши қопқоғини очиб бераман. Ўзи очишга кучи етмайди.


Бугун машинада мени кута туриб онам сув айтди. Онамни докторларни тавсиясига кўра анча вақтдан бери тез-тез сув ичиб юради. Рўза тутиш мумкинмас. Хуллас сувни опкелар эканман эрталабдан бери кутиб ўтирган жойимдан қўнғироқ бўлди. Айтишларича ишим битмасмиш. Асабларим бардош бермасди. Машинани миниб уйга кетишим керак. Онам ёнимда. Машинага сувни қўйдиму ўзимга-ўзим бутун дунёни қарғай, ишимни битирмаган одамларни лаънатлай бошладим. Машинани хайдар эканман аламдан бақирар эдим. Дунёни адолатсизлигию одамларнинг бефарқлигидан жунбушга чиқардим. Онам хеч нарса демай кетарди. Орада бир кўзим тушди, онам сувни қўйган жойимдан қўлига олди ичиш учун. Шу билан яна ўзимни хаёлларим, ўзимни ўйларим билан ўзимга-ўзим қарғаниб кетардим. Бутун дунёдан хафа эдим.

Анча вақт юрдик. Уйга яқинлаб қолдик. Ховуримдан тушдим. Озгина чалғидим. Чанқаганимни сездим. Сувни олиб очиб ичдимда яна қайтиб жойига қўйдим. Кейин бир нарсани сезиб қолдим. Сувни қўйганимдан кейин бироз ўтиб онам секин сувни олдида сумкасидан бокалини олиб қуйиб ичди. Аввалига эътибор бермагандим лекин кейин хаёлимга нима қилганим келдию уятдан қизара бошладим. Мен сувни очиб ичганимда сув очилмаган эди. Йўлга чиққан пайтимиз онам сувни қўлига олганди лекин уни оча олмаган. Мени вовиллаб кетишимни кўриб сувни очиб беришимни сўрашга қўрққан. Йўл бўйи мен сувни очиб ичишимни кутган ва очганимдан сўнг секин олиб ўзи хам ичган. 


Йўл бўйи дунёдан хафа бўлиб келган мен энди ўзимдан хафа бўлиб юраман.

Онани буюклигию фарзанни расволиги хақида бундан ортиқ мисол бўлмаса керак.