21 февр. 2024 г.

Ёмон кўриш ҳуқуқи

Агар ҳаммасини бошидан эслайдиган бўлсак, мен уни мактаб пайтларимдан бошлаб яхши кўрар эдим. У пайтлар севги ёки мухаббат эмас айнан "яхши кўриш" деб аталарди бу нарса. Уни кўрсанг юрагинг бошқача урушни бошларди, ҳаракатларингда довдираш элементлари кўпайиб кетарди. Ўзинг уйда юрган пайтингда ҳам ҳудди  у сени кузатиб тургандек ўзингни тутардинг. Ёш болача қилиқларингни камайтириб ўзингни жиддийроқ тутардинг, ўсирмоқчи бўлсанг атрофга бир назар солиб олиб ҳеч ким йўқлигига амин бўлиб олардинг. Энди соч турмагинг соч олдираётганда свет ўчиб қолган одамникига ўхшамайди, энди сен сартарошга "мана бу жойини озгина қолдиринг" деб айта оласан. Энди сен ўзинга қараб юрасан, акангни духисини ҳам ўғирлаб сепа бошлайсан. Футболкангни кийишингдан олдин қўлтиғини хидлаб кўрасан.

Хуллас ўша вақтлардаги симпатияни ўзи ҳам сени қисман фаросатлироқ қилиб тарбиялайди экан. Ҳозир шуларни эслаб мени моллик исканжасидан қисман бўлса ҳам олиб чиққани учун унга раҳмат айтаяпман.


Кейинчалик юқори синфларга ўтганимда уни ҳам мени ёқтириб қолганини билдим. Биз расман мактабдаги жуфтликка айландик. Ҳозир эслаб, ўша пайтлар сабрим ҳам катта бўлган эканда, деб ўйлайман, йиллаб жавобсиз севиб юраверган эканмиз, унга бир оғиз ҳам айтмасдан.


Юқори синфда бундан ҳамма хабар топгач анча-мунча комплексларимиздан воз кеча олдик. Энди ўзингни Фаластиндаги давлат ишида катта лавозимда ишловчи Моссад агентидай тутишинг шарт эмас, энди бемалол уни яхши кўришингни тан оласан. Энди бу қанақадир уятли иш эмас. У билан энг ширин даврларимиз ўшанда бўлган менимча. Биринчи марта қиз болани ўпиш нималигини биласанми? Бу дегани сен ўша кундан бошлаб чеснок ейишдан олдин икки марта ўйлаб кўришни бошлайсан дегани.  Биринчи марта қиз болани ўпганингдан сўнг сен ўзингни катталар дунёсига кириб келгандек тута бошлайсан. Энди сен босиб ўтмаган чегаралар қолмагандек, эртага унга уйлансанг уни истаганча ўпишинг мумкинлигини ўйлаб тасаввурингни портлата бошлайсан.


Кейинчалик у билан кўп учрашдик. Кўп ўпишдик. Кўп сухбатлашдик, кўп қўл ушлашиб юрдик. У бошқа шаҳардаги коллежда ўқиди, мен бошқа шаҳарда. Биринчи курслик вақтларимда уни кўргани бориб турардим. Паркни ичидаги хазонрезгига тўла дарахтли кўчада қўл ушлашиб келажагимиз, орзуларимиз ҳақида гаплашиб кетардик. Биз бахтли эдик. Ўша вақтларда барчасидан лаззатланар эдик, барчаси кўзимизга чиройли кўринарди. Агар жаннат бор бўлса ва у ерга қайсидир йўлдан ўтиб борилса, бу аниқ мен у билан қўл ушлашиб юрган ўша паркдаги йўл эди. Агар жаннат бор бўлса ва у ерда идеал бахтли жуфтликлар бўлса, улар аниқ бизни ўша вақтдаги сиймомизда бўларди. Севги мени ҳар бир хужайрамни мавҳ этиб олган эди.


Кейин нималар бўлди ўзим ҳам аниқ билмайман. Биз улғайдикми, дунё ўзгардими, ёки ўзи шунақа бўлиши керакмикан, билмайман. Менимча мени махлуққа айланиш эволюцам бошланган ўшанда. Ҳақиқий эркак ўз аёлини бировга хафа қилдириб қўймайди, бундай маъсулиятли вазифани ўзи сидқидилдан бажаради деганларидек, уни кўп бор хафа қила бошладим. Аслида у пайт айб менда бўлиб туюлмаган эди, ҳозир буларни эслаб таҳлил қилаяпману айб менда эканлигини англаяпман. Антиутопик асарлардаги ўт ўчирувчилар ўтларни ўчириш билан эмас ёқиш билан шуғулланганларидек, мен ҳам севгимизни мустаҳкамлаш билан эмас уни барбод қилиш билан шуғуллана бошладим. Соғлом ва адекват фикрларнинг сўнгги тахлами, чақнаб-чақнаб, огоҳлантириб-огоҳлантириб менинг нейронли миямни тарк эта бошлаган эди.


Аслида мен ношуд бир банда, ҳатто клеш оф кленсда ўзимга бир тайинли база қура олмаган, бутун бошли оила қуриш қўлимдан келармиди? Ичимдаги трусигимгача дадамни ҳаққи бор, контрактимни тийинларигача дадамни пуллари бўлса, мени бутун умр моддий таъминлаш вазифасини аукционсиз ютиб олган дадам, эртага "мен бу қизга уйланаман" десам индамай рози бўлиб кетавермаслиги аниқ эди. Дадам у одамни қизини олиб бермаслигини билар эдим. Бу аниқ эди. Мен ҳатто буни сўраб ҳам кўрмаганман, барчаси кундек равшан эди. Мен дадамни буюми бўлганман, буюмларни эса келажагини уларнинг эгалари ҳал қилади. 28 ёшга кириб ҳам битта мустақил иш қилмаганман, бир сўм пул топмаганман, менга ким қўйибди келажагимни ҳал қилишни? Бу иш биланам мендан яхшироқ бўлган одам — дадам шуғуллангани маъқул. Ҳар қалай, менга нима яхши эканлигини у одам мендан яхшироқ биладику? Ҳаттоки универни битириб келиб ҳам унинг қўлида ишласам, менга ким қўйибди? Ўзимни дадамни вазифаларини бажарувчи сунъий интеллектдай ҳис қила бошлагандим. 


Ҳозир эслаб асабим бузилади, одам ҳам ўз келажагига ҳам шунчалик бефарқ бўладими? Ҳаттоки компютерда ўйин ўйнаётганингда ҳам ўзингни қаҳрамонинг учун қайғурасан. Уни келажагига бефарқ бўлмайсан, лекин ўзингникини шунчаки бошқаларга топшириб қўйишингними қандай тушунса бўлади? Тўппа-тўғри, тушуниб бўлмайди.


Нега буларни эслаяпман? Бугун уни кўриб қолдим, турмуш ўртоғи билан кафеда. Боласиям бор. Кўзимга жуда бахтли кўринди, аввалгидан ҳам чиройли бўлиб кетгандек. Шу сабабли бу воқеаларни эсладим. Мен ҳам уйланганман, фарзандим бор. Ташқаридан қараганда бахтли кўринсак керак биз ҳам. Балки. Қайдам. Менимча бизники бахтдан ҳам кўра бахт лақабли мажбуриятлар тўпланмасига мосроқ тушади. Эр ва хотиннинг жамият нормаллаштирган стандарлари асносида бир текис одимлаётган, Ахборот дастурида намуна қилиб кўрсатишга арзийдиган, ҳавас қилса арзигулик ёш оила вазифасини бажариб келмоқдамиз.


Компютер қаршисида шу нарсаларни ўйлаяпман. Тақдирим бунақа бўлгани учун айбдор қидираяпман. Менимча дадам айбдор. Одамларни ёмон кўриш ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда дадамни ёмон кўришни бошладим. Яхшиям бу ҳуқуқим бепул, акс-ҳолда дадамни ёмон кўриш учун ҳам дадамдан пул олган бўлармидим. Аслида ҳаммасига у айбдор. Бугун йўлимдан чиқиб мени нормал ҳаётимни аслида нормал эмаслигини исботлаб кетди. Дадамдан кейинги ўринда энди уни ёмон кўраман.


Бугун уйга эртароқ кетишим керак. Дадамнинг гап навбати, столда у-бу камчилик бўлса гап эшитаман.