Далага йўл олганимизда маҳалламизнинг охиридаги овлоқ кўчасидан кесиб чиқсак йўл анча қисқарарди. У кўчанинг охири берк бўлиб, фақатгина пиёда юриш орқали далага кесиб чиқса бўларди. Уйлар ҳам яккам-дуккам жойлашган, бир-биридан 50-100 метр масофа фарқ билан қурилган ва катта эҳтимол бу кўча аввал мавжуд бўлмаган, кейинчалик уйидан кўчиб чиққан катта ўғиллар ёки бошқа жойдан кўчиб келган одамлар шу атрофдан уйлар қуриб жойлашиб олишиб сунъий тарзда кўча хосил қилишган. У қолган кўчаларга нисбатан анча хароб аҳволда бўлиб, асфальт уёқда турсин, ҳатто шағал ҳам тўкилмаган, ёмғир ёғган пайтлари билмаган одам кўчага кириб қолса, бу ерга бомба тушган бўлса керак деб ўйлаши мумкин эди.
Балиқ овлаш биз учун қизиқарли эрмак эди, ёз келишиб билан кунора қармоқларимизни кўтариб дала томон чопқиллардик. Балиққа кетадиган кунларнинг бирида ўртоғим билан табиийки шу қисқа йўлни танлардик. Кўчанинг берк қисмига келиб, сўнгги уйнинг томорқасининг бошидан кесиб чиқиш мумкин, шу орқали далага чиқиб кетсанг бўлади. Сўнгги уйнинг томорқаси ҳам ҳеч қандай тўсиқлар билан ўралмаган, отамизнинг уйидай бемалол ўтиб кетаверардик. Бу ҳовлида жойлашган хонадон ўзи товуқнинг катагидек кичкинагина бўлса ҳам, унинг фақатгина бир томони битган ва ўша бир томондаги таҳминан икки хонада бутун оила истиқомат қиларди.
Ўша куни томорқа бошидан ўтаётиб уй томонга қарадим ва кўринишидан мен қатори бир бола дераза ёнидан бизни кузатиб турганини кўрдим. Уни биринчи марта кўриб туришим эди, ёнимдаги ўртоғимдан бу бола ҳақида билгим келди. Агар бола биз қатори бўлса, бу кичкинагина қишлоқда қанақасига уни танимаслигим мумкин? Кўчиб келганларига ярим йил бўлганига қарамай нега мен уни мактабда кўрмадим?
– У ногирон, юролмайди, – изоҳлади ўртоғим. – Онаси дадаси билан ажрашиб келган, математикадан дарс берадиган янги ўқитувчи бор-ку, ўша аёл. Яна битта қизи ҳам бор, у лекин ногирон эмас, биздан 2-3 синф кичкина, кўрсанг танийсан.
Ўша куни биринчи марта қишлоғимизда ҳам юролмайдиган ногиронлар борлигини билдим. Мен учун бу оламшумул янгилик эди, унгача ногиронлар аравачасида юрадиганларни фақат киноларда кўргандим. Уйга боргач бу ҳақида уйдагиларга айтдим, кўчага чиққач қўшниларга, мактабга боргач синфдошларга, хуллас бу воқеа тамоман янгилик бўлганди менга.
Кейинчалик ҳар сафар балиқ овига бораётганимда, шу деразага қарайдиган одат чиқардим. Куннинг қайси вақтида ўтмай у бола ҳар доим ойна ёнида бизни кузатиб ўтирган бўлади. Навбатдаги балиқ овига кетишимиз эди, ўртоғим унга қараб қўл кўтарди. Бола ҳам бундан хурсанд бўлиб кетиб, қўлини кўтарганча жавоб қайтарди. Ўртоғим шу кўчанинг бошида тургани туфайли бу ерлардан кўп ўтган, бола билан танишиб олишга ҳам улгурган экан, унинг айтишича бу боланинг дўсти йўқ, у билан ўйнайдиган ака-укаси ҳам йўқ, деярли кун давомида уйда ёлғиз ўтираркан. Ўртоғим уларнинг ночорлигига ҳам алоҳида тўхталди, айтишича боланинг онаси ҳам, синглиси ҳам битта хонада овқатланиб, ўша хонада ухлашармиш. Мени энг ҳайрон қолдирган нчрса боланинг ногиронлик аравачаси ҳам йўқлиги бўлди. Кейинчалик тушунишим бўйича, ўша пайтларда бунақа нарса жуда камёб ҳисобланган ва фақатгина ўзига тўқ оилалар буни ўзига раво кўра олишган экан. Боланинг шу гавдасига онаси кўтариб у жойдан бу жойга олиб ўтар, хожатини чиқариши, чўмилиши ва бошқа шу каби ишларни қилиши учун аёл боши билан кап-катта боласини кўтариб хизматини қилар экан. Аёлнинг гавдасига қараб бунақа кучи бор деб ўйламайсан киши.
Кунлардан бир куни томорқа бошидан ўтаётганимизда ўртоғим бир таклифни бериб қолди:
– Юр бориб бола билан кўришамиз, хурсанд бўлади. Онаси мени ҳар кўрганида “Болам билан гаплаш, ёнига бор”, деб илтимос қилади. Мен рози бўлдим. Иккимиз унинг деразаси ёнига бордик, менга у боланинг қанақа эканлиги жуда ҳам қизиқ эди, бу қизиқишим алангасини ўчириш учун ҳатто балиқ овига боришдан ҳам воз кечишга ҳам тайёр эдим. Дераза ёнига бориб у билан қўл беришиб кўришдик. Дераза бизнинг белимиздан келса ҳам, ичкари томон супадек баланд қилинган экан, таҳминан деразадан бир қаричроқ паст бўлиб, унинг кўрпача устида ўтиргани бизга кўриниб турарди. У билан уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик. Гарчи шунча саволларим бўлса ҳам унинг олдига борганда нима деб гаплашишни ҳам билмай қоларкан одам. У бўлса биз билан гаплашаётганидан жуда хурсанд, зериккан бўлса керак, мулоқотга чанқоқдек туюларди. Қизиқишим ошиб секин оёқлари томонга кўз ташладим. Оёқлари танасининг қолган қисмига нисбатан жуда озғин, нозик кўринишда эди, устига чойшаб ташлаб қўйган бўлса ҳам, чойшаб тагидан чиқиб турган учлари барчасини сотиб турарди. Бола менинг қараётганимни сезиб қолди шекилли, чойшабни секин тортиб оёқлари учини ҳам ёпиб қўйди. Қилган ишимдан уялиб юзига қарасам, у ҳам мендан уяляпти экан, қизариб кўзларини олиб қочди.
– Майли, яхши қол, биз кетишимиз керак, – деб у билан хайрлашди ўртоғим, мен ҳам бошимни силкиб қўйдим.
Кейинчалик томорқанинг бошидан ёлғиз ўзим ҳам кўп марта ўтдим, ҳар сафар мен унга, у менга жилмайиб қўл кўтариб кўришадиган бўлдик. Куннинг қайси қисмида ўтмайин у ҳар доим ўша дераза ёнида бўлар, томорқа ортидан бошланиб кетган узундан-узоқ далаларга тикилганча нималарнидир ўйлаб ўтирарди. Бир куни йўлим яна ўша жойга тушганди, ўзимда самовий куч топиб ёнига бордим. Қўл бериб кўришдик-да, ҳол-аҳволини сўрадим. Суҳбатини олдим. Ўзининг айтишича мен ўтадиган жойдан юрадиган ҳамма билан шундай кўришармиш. Ёз давомида кўплаб одамлар шу сўқмоқдан далага ўтар, у эса ҳамма билан саломлашармиш. Совуқ тушиб қиш келавергач эса у яна зерика бошларкан. Гапларидан шуни билдимки, унга ёмғир ёқмайди, чунки ёмғир ёғса бу йўлдан ҳеч ким юрмас эмиш.
Боя айтганимдек уларнинг кўчаси жуда абгор бўлиб, ёмғирдан сўнг у ерлардан ўтиш жуда мушкул ишга айланарди. Одамлар далага қисқа йўлдан бориш фикридан воз кечишарди. Бола билан хотираларимда қолган воқеалардан охиргиси бундай бўлганди. Улар ҳам кейинчалик ногиронлар аравачасини олишганди, уйлари ёнидан ўтаётганимда уни ногиронлар аравачасида ўтирганча ғизиллаб ҳовлисининг бетонлаштирилган текис қисмида у бурчакдан бу бурчакка бориб келаётганини кўрдим. У учун хурсанд бўлдим, чунки эндиликда кузатув чегаралари кенгайган, битта дераза билан чекланиб қолмаганди. Аввалгидек фақатгина томорқаси бошидан ўтаётган одамларга эмас, дарвозаси ёнидан ўтаётган одамларни ҳам кўра олар, уларга қўл силташ имкониятига эришганди.
Мактабда тўққизинчи синфни битиргач шаҳарга коллежга ўқишга кирдим, кейин олийгоҳда ўқидим ва ҳаётимнинг катта қисми шаҳарда ўта бошлади. Болани деярли унутаёздим, синфдошлар билан йиғилиб қолганда қишлоғимиздаги сўнгги-сўнгги ғийбатлар орасида тилга олинмаса, у ҳақида деярли эшитмасдим ҳам. Кейинчалик у ҳақида эшитган гапим, болаликдан касал эканлиги, ҳозир аҳволи унчалик ҳам яхши эмаслиги бўлди. Онасини ўйлаб бир зум ўйга чўмдим. Бечора она, ҳали ҳам кўтариб хожатга олиб борармикан? Ёз кунлари уйга борганда ҳам унинг томорқаси томондан ўтишни истамадим, ўзимнинг соғломлигим учун унинг ёнида айбдордек ҳиссини туйишни хоҳламадим ва энг осон йўл – уни бутунлай унутишга қарор қилдим.
Ўқишни битиргач йўл қурилиши соҳасида ишга кирдим, гарчи энг кўп қарғаладиган соҳа вакиллари учун рейтингда “газчилар” ва “светчилар” билан рақобат қилинадиган соҳа бўлса ҳам қўрқмадим. Ўша пайтларда “Ташаббусли бюджет” деган нарса пайдо бўлиб, қўлимиз-қўлимизга тегмай ишлай бошладик.
Бу орада қишлоғимиздагилар ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳар йили бу мусобақада юта бошлашди. Қишлоққа ҳар борганимда янгидан-янги кўчалар асфальтланганига кўзим тушарди. Ҳар йили 2-3 тадан кўчаларни асфальт қилишиб, деярли бутун қишлоқни кўчаларини текислаб олишганди азаматлар.
Бу йил баҳор ойида ҳам ушбу лойиҳанинг навбатдагиси бўлиб ўтди. Кутилганидек, қишлоғимиз яна ютган экан, деярли одам юрмайдиган, овлоқ кўчаларни бу сафар овозга қўйишибди. Тақдирнинг тақозоси билан мен ишлайдиган фирма бу сафар танловда ғолиб чиқиб ўша кўчаларни асфальт қиладиган бўлдик. Ишлар ҳаш-паш дегунча бошланиб кетди, тўртта кўчани қилиш керак эди, навбатма-навбат кўчаларни “уриб” ташладик. Охирги кўчанинг навбати келди. Бу ўша мен болаликда балиқ овига кетадиган, охири берк бўлган, ногирон боланинг томорқаси бошидан ўтадиган кўча эканлигини эсладим. Ишни бошлагач маҳалланинг одамлари тепамизда туриб олиб ҳар бир ҳаракатимизни кузата бошлашди, ҳаммалари хурсанд, энди бемалол қишда ҳам бу кўчаларда юрса бўлади. Лекин ногирон боланинг уйи ёнида ҳеч ким йўқ, ҳеч ким чиқиб қўшнилари каби ёнимизга келмади. Наҳотки бу бола учун бошқа эрмаклар топилган бўлса, ахир кўчаси ҳар куни ҳам асфальт бўлавермайдику?
Ишимиз охирлаб йўл якунига етиб, ногирон боланинг дарвозаси ёнига етганимизда, у ердан занглаган дарвозасига суянганча боланинг онаси мунғайиб турганига кўзим тушиб қолди. Анчадан бери кўрмаган эканман, аёл юз йилга қаригандек туюлди, вақт математика ўқитувчисини аяб ўтирмабди. Боласининг дарди қийнаб қўйгандир, менимча ўшанинг таъсири билан бирдан қариб кетгандир.
Ҳовлисига қарасам ҳалиям ўша-ўша. Уйнинг бир қисми битган, иккинчи томон чала. Дарвозага яқин жойда эски-туски нарсалар йиғиб қўйилган экан, бир бурчакда йиғиб қўйилган ногиронлар аравачасига кўзим тушди. Ичимда нимадир узилгандек бўлди. Йиғиб қўйилган ногиронлар аравачаси. Бу каби аравалар фақат икки ҳолатда йиғиб қўйилади, бири яхши бири ёмон. Мен гувоҳи бўлган вазият эса иккинчи ҳолатга мисол бўларди — бола ўлган, аравача йиғилган. Беечора онаизор аравачага ҳар кўзи тушганда нима аҳволга тушса?
Ўзимда куч топиб аёлнинг ёнига бориб салом бердим, ҳол-аҳвол сўрадим. Аёл ғамгин нигоҳини кўчадаги юк машинасидан тўкилаётган асфальтдан узмай саломимга алик олди. Мени танимади шекилли. Шуниси яхшироқ. Орадаги ёқимсиз сукунатни бузиш мақсадида:
– Хола, буёғига энди кўчангиз асфальт бўлади, куз-қиш мавсумларида лойга ботиб юрмайсизлар, – дедим. Аёл гапларимни эшитдими ёки йўқ, билмайман, кўзларини йўлга тўкилаётган асфальтга қадаганча қотиб турарди.
Фаросатсизлик қилдим шекилли, бало бормиди аёлнинг ёнига келиб ҳар балони бидиллашга, деган ўй ўтди хаёлимдан. Аёл эса бояги гапларимни эшитган экан, паст овозда жавоб қайтарди:
– Мен-ку лойда ҳам юравераман, ўғлимнинг аравачаси учун керак эди бу асфальтларинг.
Аёл секин ортига ўгирилиб дарвоза ортида кўздан ғойиб бўлди.