29 нояб. 2018 г.

Жигар

Кўчадасан. Огайниларинг билан ўтиргансан. Чойхонадан уйинг тарафга пиёда қайтасан. Оғзингдаги сигаретни чуқур-чуқур тортасан. Алкоголни ичганингдан кейин анча очиласан. Бақир-чақир қиласан. Кулишасан. Сўкишасан ўртогларинг билан.
Кейин секин уйга қайтасан. Сигаретни чуқур-чуқур тортасан. Ўйланасан. Келажагинг, хозирги ахволинг, ўтмишинг.
Хўрсинасан.
Шунча ўйин-кулгудан кейин барибир жойингга тушасан.
Ўйлисан.
Йиглагинг келади.
Бир тарафдан фикрлисан эркак кишиям шунақа бўладими. Хар ичганингда бир эслаб йиглидиган. Эркаксану?
Уйингга кирасан. Жойингни аммалаб соласан.
Ётасан.
Ўйланасан.
Нега эслашни бошлаганингни ўйлаб ўзингни сўкасан. Тинчгина ухласен бўмасмиди.
Кўзинг ёшланиб шифтга қараб хаёл суриб ётасан. Хар-хар замон бир нарсаларни эслаб кулворасан. Тиржаясан.
Яна жиддийлашасан.
Ухлаб қоласан.
Тушингга киради.
Тушингни тушлигини билмай хурсанд бўласан. Ахмоқсан. Шунчалик ожиз яратилгансан. Тушингни тушлигини туш кўрятганингда билмайсан. Ортиқча қувонасан. Ҳаётдан хурсанд бўлиб уйгонасан. Уйгонганингда биласан. Хаммаси сени устингдан кулиш учун ўйлаб топилган саҳна кўринши.
Жойингдан турмасдан ўйланиб ётасан.
Нега шунақа?
Турасан.
Бетингни ювмасдан онангни ёнига борасан. Секин қучоқлайсан. "Жиннимисан" деган овоз эшитилади.
Бадтар қучоқлисан.
Секин шивирлайсан.
- тушимга кирди.
Жилмайиб турган онанг бирдан маюслашади. Кўзларини опқочади. Ойнага қарайди.
- тушингга кирдими!?
Жим қолади.
Сен хам индамайсан.
Онанг секин сенга қарайди. Қараб туради.
- мени тушимга кирмайдиям.
Сени қучоқлайди.
- мендан хафамикан, сўрагин болам.

21 июл. 2018 г.

Логика бозори қайдадир

Кунига уч махал овқатланаман. Уч махал овқат ейишимга қорним оч қолганлиги сабаб бўлади. Асос бўлади.

Мижозни аризасига кўра унга хизмат кўрсатаман. Мижозни аризаси унга хизмат кўрсатишим учун асос бўлади.

Судья 5 йилга Эшматни қамашга хукм чиқаради. Тошматни аризасига кўра Эшмат уни уйидан қимматбахо буюмларини ўгирлаган. Тергов суриштирув жараёнида Эшмат ростданам ўгирлик қилгани аниқ бўлди. Эшматни қамалишига Тошматни аризаси асос бўлади.

Қанчалик кулгyли бўлишига қарамай андижонлик ўсмирларни ватан химоячиларидан калтак ейишига аслида уни отаси айбдор бўлиб чиқди. Отасини аризасига асосида улар ўсмирни урган. Хар қалай отчетни биринчи бетига ўша отани "задний число" билан ёзилган аризаси тикилади. Хуллас у болани калтак ейишига отасини аризаси асос бўлди. Хўп майли кулгили бўлса хам бу хам бир асос.

Энди мақсадга ўтсам, нимани асос қилиб тонировкани нархини 90 минималка қилишди? Бирор жойда ёзилдими ? Мен кўрмай қолгандирман балки.
Мисол учун: тонировкага кетадиган қора лентани қимматлиги сабаблими ёки у лента Ўзбекистонда яшаётган одамларга қанақадир зарар келтириши мумкин ва уни зарари хисоблаб чиқилиб шунақа рақамларга яқинлашдими?
Биринчи мисолим гирт ахмоқона бўлди сабаби тонировкани одамларни ўзи қўйдиради ва унга кетадиган харажат хайдовчининг чўнтагидандир. Иккинчи мисолим эса абсурд, бутун дунёда тонировкали мошиналар бор ва хали хеч ким кўчадаги қора ойнали мошиналар сабаб ўлмади менимча.
Хўш менга кимдир айтиб бера оладими нега тўқсон минималка? Нега 100, 50, 70, ёки 77 эмас? Тўқсондан кўра чиройли рақамларку булар, тўгрими? Асослаб бермас экансиз бира тўла 100 қўйиш керак эди текис бўлиб кетар эди. Хисоблашга хам осон. 

Тошкент шахридаги кўп чоррахаларга камералар қўйилди. Камера қўйилишидан мақсад йўл қоидаси бузулишини кузатиш, хайдовчиларни тартибга солиш. Яьни ДАН ходими бажарадиган ишни камера бажариши керак. "- Нега йўлларга камера қўйдинг?" Деб савол берилса "- ДАН ходимларини ишини бажариши учун" деган жавоб асос бўлади. Хўш энди менга айтингчи нега ўша камера турадиган чоррахадан 30 метр пастроқда яна ДАН ходими турибди? Мантиқ?

Хайдовчилик гувохномаси янгисига алмаштирилмоқда. Бунга асосий сабаб хайдовчилик гувохномасини қоида бузулган вақтда олиб қўймаслик, хайдовчини ортиқча югур-югурдан асраш. Янги гувохнома билан сиз қоида бузган вақтингизда гувохномангиз ўзингизда қолади. Қолиши керак. Аслида. 
Лекин, аммо, бироқ ундай эмас. Гувохномангизни хали хам тортиб олишмоқда. Бунга жавоб система хали ишга тушмаганлигида экан. Система хали ишга тушмаган лекин гувохнома алмаштириляпти. Эски гувохнома билан янгисини фарқи фақат шунда лекин ўша асос хали ишга тушмаган.
Эртага система ишга тушсаю худо кўрсатмасин янги гувохнома хам тўгри келмай қолса у системага? Кейин яна алмаштирамизми? 
Албатта алмаштирамиз чунки сиз билан биз "нега" деб савол бермаймиз берганимизда хам улар бу саволга жавоб беришга мажбур эмас. Аслида мажбур лекин мажбур эмас.

Хозир кўчага чиқаманда бирорта кучим етадиган ёшроқ болани кетига бир тепаман. "Нега тепдинг?" деб орқамдан йиглаб қолаверади, нима асослаб беришим шартми? Хеч ким кўрмадику?

10 июн. 2018 г.

Ёшлар иттифоқи хақида ўзимни шаҳсий фикрларим




Р.С: мақолада "ёшлар" сўзи керагидан ортиқ марта ишлатилиб кетган бўлиши мумкин, эхтиёт бўлинг.

Кечаги воқеалардан кейин анча нарса кўриниб қолди. Кимсан ёшлар иттифоқининг раиси соат 19:00 га жонли эфирга кун.уз сайтини чақиргандан кейин, попкорнларни олиб экран қаршисига миқланганлар анча-мунчани ташкил этганди. Йўқ, кутилган воқеа бўлмади.
Эххх, хаёлимга нималар келмаганди. Версус баттл, Трамп билан Клинтонни дебатлари..минг афсуски бу жонли эфир Путинни кечаги пресс-конференциясидан унчалик фарқ қилмади. Аслида соат еттидаги шоудан жиддийроқ нарсани кутган мен ва менга ўхшаганларни ўзи ахмоқ бўлса керак. Қахрамонимиз Қахрамон ака ўз услубида жавоб берди.

Келинг масалани бошқа томони хақида озгина гаплашайлик. Мени хайрон қолдирган жихат Ёшлар Иттифоқи аъзоларининг фейсбукдаги тўлқини эди. Шунча одам бор экан уларнинг таркибида, уларнинг бунчалик қимирлаб қолганини кўриб бир хайрон қолсам бир асабим бузулади. Энг кўп ёзилган гап “Азиз Қаршиевнинг биз ёшларнинг номидан гапиришга хаққи йўқ, уни истефосини талаб қиламан!” бўлди. Айнан шу гапни қайта-қайта ёзилишининг сабаби ҳам оддий, уларда ранг-баранглик йўқ. Битта шаблондан фойдаланилади, ўз дунёқарашидан келиб чиқиб фикрлаш, иккала тарафда хам турмасдан воқеаларни тарози палласига солиб ўлчаб кўриш, “балки мен адашаётгандирман балки мен нотўғри йўлдан кетаётгандирман” деб ўз устида ишлаб, ёзаётган нарсасини анализ қилишни хам хохлашмайди улар. Фаолиятини танқид қилсанг “мевали дарахтга тош отилади” деган яна бир шаблон гапни ёқанга ёпиштирадида кетаётган йўлидан тўхтаб хам ўтирмасдан олдинга қараб қадам босади. Кошки эди олдинга қадам босиб атрофдагиларни ортда қолдириб, биринчи қаторга чиқиб кетишса эди. Афсуски улар “беговой дорожка”ни устида олдинга қараб кетишаяпти.

Менга айтчи қадрдон дўстим: қанақа мевали дарахт хақида сен гапираяпсан? Қачон пишади у мева? Баргларини ялтиратиб, тагингни оқлаб қўйишни қойиллатасан лекин мевангга қачон таъм киради? Қачон ўзинги устинда ишлаб хақиқатдан ҳам ёшларга фойданг тегишни бошлайди? Қўлингдаги телефонингдан энг кўп расмга тушуриш учун фойдалансанг, сен учун имтиёзли бўлган таъриф режангни мегабайтларини фақат ўша расмларни ижтимоий тармоққа жойлаш учун ишлатсанг, қачон имтиёзни фақат ўзингни шерикларинг билан эмас хақиқатдан хам имтиёз зарур бўлган инсонлар билан бўлишасан? Менга айтчи дўстим сен бу иттифоқга аъзо бўлишдан мақсадинг нима бўлган? Ростини айт имтиёзми? Оёқ-қўлинг бут, бўйнингни тепасида бош бўла туриб сен ўқишга кириш имтиёзидан фойдаланиш учун иттифоқга аъзо бўлдингми? Ёки имтиёзга машина олишни қўшимчасига уй қуриб беришларини хохлайсанми? Энди ўрганиб қолдинг, таксидаям имтиёз, кафедаям имтиёз, телефонингдаям имтиёз, бирорта ташкилотга ишга киришдаям имтиёз..лекин булар хали етарли эмас сенга, сен янада кўпроғини истайсан, сени кучлироқ севишларини хохлайсан.

Дўстим менга тушунтириб берчи сени иш фаолиятинг нимадан иборат ўзи? Сени ташкилотинг нотўғри йўлда эмасми? Нега сени ташкилотингга аъзо одам имтиёз эгаси бўлиши керак? Нега сени ташкилотинг ўша имтиёзга хақиқатдан ҳам зор бўлган одамларни излаб топиш билан эмас ўша имтиёзларни ўзига совуруш билан шуғулланиши керак? Кўчани бошидаги бўялмаган дарвозани бўяб кеганингни расмини фейсбукка ташлашдан сен уялмайсанми? Сендаги бюджет билан унга янги уй қуриб беришинг ҳам мумкин эмасми аслида? 

Мени нима ишим бор? Мен ишлаётганим учун ташкилотинг яшаяпти! Мендақа миллионлар ишлаётгани учун сизлар кун кўраяпсизлар! Мендақа миллонлаб одамлар сабаб кассанга тушаётган миллиардларни хисобини сўрашга хаққим бор! Мен бераётган пулимдан норозиман. Мен ортиқ пулларимни хавога учирилишини хохламайман. Популизмни йиғиштириб, смартфонингни четроққа суриб бошқаларга “ўқи” деб ақл ўргатаётган китобларингни вароқлашни бошлаб, бошқа иш билан шуғуллангин энди. 

Сени дастингдан "ёшлар" деган сўзга ёшларни энсаси қота бошлади. Сени дастингдан тезроқ қариб "ёш" деган титулдан бир умрга қутулишга ҳам рози бўлиб қолдик биз ёшлар. 

Айтмоқчи мен ҳам Қаршиевга ўҳшаб ёшларни номидан гапирвордим а? Биз Ўзбекистонни етим ёшларимизку, бу ном билан фақат сизларни гапиришга хаққиларинг бор эди-ку, унутибман. Кел яхшиси битта нарсага келишиб олайлик Ўзбекистон ёшларини номидан сен хам гапирма(ёки мени АҚШга кўчирвор). Мисол учун "Биз Ўзбекистон ёшлари Қахрамон Қуронбоевни қўллаб - қувватлаймиз" эмас "Биз ёшлар иттифоқи вакиллари бошлиғимиз тарафдамиз, чунки бизда шахсий фикр йўқ эртага бошлиғимиз ишдан хайдаворса имтиёзсиз яшаб кета олмаймиз" деб гапиринглар. Биз бошқа дунё, сиз бошқа олам.










27 мая 2018 г.

Тошкент

Биринчи курс эдим. Тошкентга энди келган вақтларим. Бунёдкор стадионини олдида кечга яқин одам кўп йиғилар эди. Ёнида парк. Баъзида биз ҳам чиқиб қолардик. Тошкентликларни томоша қилар эдик ўзимизча. Тошкентликлар умуман бошқача одам эди мен учун. Оилавий келиб музқаймоқ еб, паркларни айланиб, велосипедларда учиб, янги қурилган Бунёдкорни ёниб ўчаётган чироқларини томоша қилиб ўтиришарди скамейкаларда. Ҳавас қилардим.

Бизда унақамас. Эрталаб ишга кетиб кечқурун ярим тунда қайтишади. Оилавий кўча айланишга чиқиш уёқда турсин уйда ҳам йиғилишга вақт топиша олмайди. Айланадиган жойни ҳам тайини йўқ. Соат ўн бўмасдан яшил формадагилар уйинга хайдаб солишади.

Лекин Тошкентда унақамас эди. Шунинг учунам менга қизиқ туюлган уларни яшаш тарзи.

Хуллас одатдагидай шунақа кунларнинг бирида бизникиям тутиб қолди. Шеригим билан биз ҳам велосипед ҳайдамоқчи бўлдик. Велосипедларни прокатга берадиган одамни ёнига бордик. Сўрадик қанча бўлади, нима бўлади. Велосипедчи юзимизга озгина қараб турдида: паспорт борми? Деб сўраб қолди.
Биз вилоятлик бўлсак, Тошкентда паспортсиз юриб бўлармиди? Канешна борда.
Паспортларни қўлига узатдик. Паспортни ичини очдида бизга қараб кейин яна паспортларга қаради. Кўринишидан ҳаётдан анча хафа бу одам велосипедни бергиси кемаётганлиги сезила бошлади. Таможний ҳам бунақа проверка қилмаса керак паспортни.
Хуллас паспортни уёгини қаради, буёгини қаради охири топди.
- укалар прописка йўқку!? Дедида паспортни қўлларимизга қайтариб: " беромиман" деб орқасига бурулди.

Ўшанда унчалик хафа бўлмагандик. "Майлида велосипед хайдамасак хайдамапмиз, уйга борганда ҳайдаб келамиз" деб қўйгандим.

Кейинчалик ўша воқеани кўп эсладим. Наҳотки битта прописка шунча нарсани ўзгартирворса. Бутун бошли паспортни унга ташлаб кетсаму у пропискаси йўқлиги учун олмаса. Одамни қадри шунчалик пастми. Наҳотки ўша печат сени даражангни ўзгартирворса. Кимни ёмон кўришиниям билмайсан. Давлатними? Шу қонунларни ўйлаб топган амалдорларними? Ёки шу муҳитга мослашиб "аслида шунақа бўлиши керак" деб ўйловчи ва ўзини сендан бир бош баланд кўрадиган тошкентликларними?

Яқин-яқиндан бошлаб "прописка борасида анча енгилликлар бўляпти" деган гаплар қулоққа чалинаяпти. Яқин келажакда умуман йўқ бўлиб кетармиш деган гаплар ҳам йўқ эмас. Соц.сетларда кўзим тушиб қолади шу хабарларга муносабат билдирадиган айрим "псевдо тошкентликларга". Уларнинг айтишича пропискани енгиллатиш керак эмас, миллионта сабаб ҳам топиб беришади керак бўлса.
Шунақа одамларни монополиячиларга ўхшатаман. Соғлом рақобатдан қўрқиб доим сунъий барьерлар ўйлаб топишади. Худди жиэм, артел компаниялари каби ҳеч қачон майдонга мард бўлиб чиқиб кела олмайди.

Мени маҳаллийчиликда айблашдан олдин сиз бир нарсани тўғри тушунинг. Бу одамлар ҳам яхши ҳаёт тарзида яшагиси келади. Уларнинг ҳам сиздан кам жойи йўқ. Сиз билан битта давлатда яшашади. Бир хил ҳуқуққа эгасиз. Шароит яхшими, яхши шароитга ҳаракат қилиниши бу табиий. Сизни ишингизни, уйингизни олиб қўйишидан қўрқаяпсизми? Сиз ҳам ҳаракат қилинг, қотиб қолманг. Ундан устунлигингизни исботланг мийянгиз билан, қанақадир печатга ишониб эмас.

Барибиргаям Тошкетнтни яхши кўраман. 4 йил умрим ўтган, ўрганиб қолган эканман кўп қумсайман. Тошкент яхши шаҳар.
Тошкент ягона шаҳар Ўзбекистондаги.
Мени кут.
Сурилинглар мен ҳам сиғволай.

Кстати, янги ҳоким муборак. Энди Тошкентга кириш яна қийинлашмасайди.

8 мая 2018 г.

19

- Нега ҳаётда дудуқланасану саҳнада бемалол гапирасан?
- Саҳнада дудуқлансам хайдаворишадида.
© Яратганга шукур.

4 - соат тугай деб қолган. Ботир (ўқитувчи) чарчади. 30 дақиқа тик туриб гапирди. Унгача ҳам 3 соат гапирган эди. Ўқувчилар бири-бири билан гаплашиб ўтиришибди. Борган сари уларнинг овози баландлашади шунда Ботир "шовқин" деб овозини баландлатади. Шовқин пасаяди озгина бўлса ҳам.
Ўзи гапирган, болаларга тушунтирган гапларини анализ қила бошлайди.

Ватан туйғуси фани. Бу фанда хоҳлаганингча гапни олиб қочсанг бўлади, айниқса сени эшитаётган ўқувчилар 6 - синф бўлганда.

Масалан ватанни севган ота - боболаримиз душманларга қарши қанчалик мардоновор курашгани, СССРни биринчилардан бўлиб парчалаганимиз, бутун дунё уруш исканжасидалигида бизнинг тинчликсевар халқимиз шоду-хуррамликда яшаётганлиги..

Буларни тўлқинланиб гапиради ҳар куни Ботир. Шунчалик кўп гапирадики ўзи ҳам ишониб кетишига сал қолади. Ўқитувчи сифатида бу нарсаларни гапириши шарт. Ахир у ўқитувчи. У болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш керак. Бу уни вазифаси. Шунинг орқасидан маош олади. Оиласини боқади.

Лекин аммо бироқ.. унинг ёши 35 да. Ўзи болаларни алдаши мумкин лекин ўзини алдай олмайди. Амир Темурни унчалик яхши одам бўлган деб ўйламайди у. Аждодлари душманларга қарши мардонавор курашган инсонлар бўлганида ватанининг тупроғи устидан юрган босқинчиларни рўйхати анча қисқароқ бўлармиди. Тинчликсевар юртидаги ҳаёти унчалик ҳам "идеал" эмаслигини билади.

Мактабда инглиз тилини яхши ўқигани учун ҳам кейинчалик ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда қийналмади. Ҳорижлик дўстлар топди.  Кўп нарсаларни ўқиди. Телевизорни деярли кўрмади. Рус пропогандасидан анча узоқда яшади. Мийяси захарланмади. Лекин бу ёқда уни Ўзбек пропогандаси кутиб турганди. Бошида ўз фикрини айтиб кўрди. Йўқ бўлмади. Мажбур бўлди ўқитувчи бўлишга. Айниқса ҳозирги вақтда ўқитувчи бўлиш унчалик ҳам обрўли касб бўлмаган пайтда унга бу ёқмасди. Бошида кўника олмади. Қийналди. Жанжаллашди. Кейин уйланди..

Мана ҳозир ўнг тарафидаги ойнадан ташқарига қараб хаёл сурмоқда. Ташқаридаги суви томчилаб турган кран, стадионда костюм шимида футбол ўйнаётган болалар, дарсдан эртароқ чиққани учун хурсандлигидан бир-бирини қувиб кетаётган ўқувчилар, салқин дарахтларни панасида дам олаётган жисмоний тарбия ўқитувчиси  буларнинг ҳаммаси унинг кўзларига кўринмас эди.
Унинг кўзларига қоп-қора костюм кийган, қалин қизил галстугини учи костюмнинг тугмаси тақилган жойнинг пастрогидан чиқиб турган, қўлида катта дипломат кўтариб осмонўпар бинонинг эшигидан кириб кетаётган Ботир кўринар эди. Лифтга кириб 19 рақамли тугмани босиб, қўлидаги қоғоз стакандаги қахвани бир хўплаб қўйди.
19 - қават. Унинг ишхонаси. Залга кириши билан шовқин баландлашади. Кимдир телефонга жавоб бериб қўлига ручкани олиб дафтарга ниманидир белгилаган. Кимдир шошилиб принтердан чиқаётган қоғозларни тахлаш билан овора. Кимдир нонушта қилмаган, қўлида "Mc Donalds" деб ёзилган қоғоз қопчани очишга тайёрланмоқда..

Унинг столи бурчакда. Ойнани тагида. Шундоққина гўзал осмонўпар бинолару чумолидай келадиган одамларни томоша қилиш учун бўйнини 90°га буриш кифоя. Иш столига ўтириб қўлидаги қахвани яна бир хўплаб компютерини ёқиш тугмасини босди. Шу пайт бошлиғи келди. Саломлашгандан кейин, шу йўсинда ишласа хали уни порлоқ келажак кутаётганини айтиб, 23 қаватга чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида ҳам шаъма қилиб қўйди (23 - қават раҳбариятники). Ботир жилмайиб қўйди.
Бошлиғи Ботирни елкасига қоқиб нариги тарафга кетаётиб бирдан тўхтади. Ўгирилиб Ботирга қаради. Бу қараш уни бошлиғини эмас Ботирга қандайдир ёқмайдиган инсонни қараши эди. Кимлигини эслолмади. Бошлиғи уни ёнига шаҳд билан келиб, оғзидан туфуклари чиқиб: "кеча нега суботникка келмадинг" деб бақирди ва уни ғилдиракчали стулини ойна тарафга қараб қаттиқ итариб юборди. У стули билан ойнани синдириб пастга қараб қулади.
Пастга қараб кетар экан бояги қараш кимга тегишли эканини эслади. Топди. У ишлайдиган мактаб директорини қараши эди. Унутиб бўладими бунақа қарашларни.
 19 - қаватдан йиқилиш унчалик ҳам кўп вақтни олмас экан, айниқса 19 - қаватга чиқиш билан солиштирса анча фарқ бор.

Йиқилди. Турди. Устини қоқди. Ён атрофига қаради дарахтни соясида стулга суянганча ухлаётган "физрук". Костюмда футбол ўйнаётган болалар. Анча узоққа етиб борган бояги ўқувчилар. Крандан эса томчилаган сув ҳам чиқмай қолибди. Демак 4 - соат ҳам тугай деб қолган. Секин ўзи дарс ўтаётган ойнани тагига борди. Ичкарида ўзи. Болаларга дарс ўтаяпти. Куйиб - пишиб ватанпарварлик ҳақида гапираяпти. Қўлларини пахса қилганча ўзбекча пропагандани ёш мийяларга жойламоқда.