27 мая 2018 г.

Тошкент

Биринчи курс эдим. Тошкентга энди келган вақтларим. Бунёдкор стадионини олдида кечга яқин одам кўп йиғилар эди. Ёнида парк. Баъзида биз ҳам чиқиб қолардик. Тошкентликларни томоша қилар эдик ўзимизча. Тошкентликлар умуман бошқача одам эди мен учун. Оилавий келиб музқаймоқ еб, паркларни айланиб, велосипедларда учиб, янги қурилган Бунёдкорни ёниб ўчаётган чироқларини томоша қилиб ўтиришарди скамейкаларда. Ҳавас қилардим.

Бизда унақамас. Эрталаб ишга кетиб кечқурун ярим тунда қайтишади. Оилавий кўча айланишга чиқиш уёқда турсин уйда ҳам йиғилишга вақт топиша олмайди. Айланадиган жойни ҳам тайини йўқ. Соат ўн бўмасдан яшил формадагилар уйинга хайдаб солишади.

Лекин Тошкентда унақамас эди. Шунинг учунам менга қизиқ туюлган уларни яшаш тарзи.

Хуллас одатдагидай шунақа кунларнинг бирида бизникиям тутиб қолди. Шеригим билан биз ҳам велосипед ҳайдамоқчи бўлдик. Велосипедларни прокатга берадиган одамни ёнига бордик. Сўрадик қанча бўлади, нима бўлади. Велосипедчи юзимизга озгина қараб турдида: паспорт борми? Деб сўраб қолди.
Биз вилоятлик бўлсак, Тошкентда паспортсиз юриб бўлармиди? Канешна борда.
Паспортларни қўлига узатдик. Паспортни ичини очдида бизга қараб кейин яна паспортларга қаради. Кўринишидан ҳаётдан анча хафа бу одам велосипедни бергиси кемаётганлиги сезила бошлади. Таможний ҳам бунақа проверка қилмаса керак паспортни.
Хуллас паспортни уёгини қаради, буёгини қаради охири топди.
- укалар прописка йўқку!? Дедида паспортни қўлларимизга қайтариб: " беромиман" деб орқасига бурулди.

Ўшанда унчалик хафа бўлмагандик. "Майлида велосипед хайдамасак хайдамапмиз, уйга борганда ҳайдаб келамиз" деб қўйгандим.

Кейинчалик ўша воқеани кўп эсладим. Наҳотки битта прописка шунча нарсани ўзгартирворса. Бутун бошли паспортни унга ташлаб кетсаму у пропискаси йўқлиги учун олмаса. Одамни қадри шунчалик пастми. Наҳотки ўша печат сени даражангни ўзгартирворса. Кимни ёмон кўришиниям билмайсан. Давлатними? Шу қонунларни ўйлаб топган амалдорларними? Ёки шу муҳитга мослашиб "аслида шунақа бўлиши керак" деб ўйловчи ва ўзини сендан бир бош баланд кўрадиган тошкентликларними?

Яқин-яқиндан бошлаб "прописка борасида анча енгилликлар бўляпти" деган гаплар қулоққа чалинаяпти. Яқин келажакда умуман йўқ бўлиб кетармиш деган гаплар ҳам йўқ эмас. Соц.сетларда кўзим тушиб қолади шу хабарларга муносабат билдирадиган айрим "псевдо тошкентликларга". Уларнинг айтишича пропискани енгиллатиш керак эмас, миллионта сабаб ҳам топиб беришади керак бўлса.
Шунақа одамларни монополиячиларга ўхшатаман. Соғлом рақобатдан қўрқиб доим сунъий барьерлар ўйлаб топишади. Худди жиэм, артел компаниялари каби ҳеч қачон майдонга мард бўлиб чиқиб кела олмайди.

Мени маҳаллийчиликда айблашдан олдин сиз бир нарсани тўғри тушунинг. Бу одамлар ҳам яхши ҳаёт тарзида яшагиси келади. Уларнинг ҳам сиздан кам жойи йўқ. Сиз билан битта давлатда яшашади. Бир хил ҳуқуққа эгасиз. Шароит яхшими, яхши шароитга ҳаракат қилиниши бу табиий. Сизни ишингизни, уйингизни олиб қўйишидан қўрқаяпсизми? Сиз ҳам ҳаракат қилинг, қотиб қолманг. Ундан устунлигингизни исботланг мийянгиз билан, қанақадир печатга ишониб эмас.

Барибиргаям Тошкетнтни яхши кўраман. 4 йил умрим ўтган, ўрганиб қолган эканман кўп қумсайман. Тошкент яхши шаҳар.
Тошкент ягона шаҳар Ўзбекистондаги.
Мени кут.
Сурилинглар мен ҳам сиғволай.

Кстати, янги ҳоким муборак. Энди Тошкентга кириш яна қийинлашмасайди.

8 мая 2018 г.

19

- Нега ҳаётда дудуқланасану саҳнада бемалол гапирасан?
- Саҳнада дудуқлансам хайдаворишадида.
© Яратганга шукур.

4 - соат тугай деб қолган. Ботир (ўқитувчи) чарчади. 30 дақиқа тик туриб гапирди. Унгача ҳам 3 соат гапирган эди. Ўқувчилар бири-бири билан гаплашиб ўтиришибди. Борган сари уларнинг овози баландлашади шунда Ботир "шовқин" деб овозини баландлатади. Шовқин пасаяди озгина бўлса ҳам.
Ўзи гапирган, болаларга тушунтирган гапларини анализ қила бошлайди.

Ватан туйғуси фани. Бу фанда хоҳлаганингча гапни олиб қочсанг бўлади, айниқса сени эшитаётган ўқувчилар 6 - синф бўлганда.

Масалан ватанни севган ота - боболаримиз душманларга қарши қанчалик мардоновор курашгани, СССРни биринчилардан бўлиб парчалаганимиз, бутун дунё уруш исканжасидалигида бизнинг тинчликсевар халқимиз шоду-хуррамликда яшаётганлиги..

Буларни тўлқинланиб гапиради ҳар куни Ботир. Шунчалик кўп гапирадики ўзи ҳам ишониб кетишига сал қолади. Ўқитувчи сифатида бу нарсаларни гапириши шарт. Ахир у ўқитувчи. У болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш керак. Бу уни вазифаси. Шунинг орқасидан маош олади. Оиласини боқади.

Лекин аммо бироқ.. унинг ёши 35 да. Ўзи болаларни алдаши мумкин лекин ўзини алдай олмайди. Амир Темурни унчалик яхши одам бўлган деб ўйламайди у. Аждодлари душманларга қарши мардонавор курашган инсонлар бўлганида ватанининг тупроғи устидан юрган босқинчиларни рўйхати анча қисқароқ бўлармиди. Тинчликсевар юртидаги ҳаёти унчалик ҳам "идеал" эмаслигини билади.

Мактабда инглиз тилини яхши ўқигани учун ҳам кейинчалик ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда қийналмади. Ҳорижлик дўстлар топди.  Кўп нарсаларни ўқиди. Телевизорни деярли кўрмади. Рус пропогандасидан анча узоқда яшади. Мийяси захарланмади. Лекин бу ёқда уни Ўзбек пропогандаси кутиб турганди. Бошида ўз фикрини айтиб кўрди. Йўқ бўлмади. Мажбур бўлди ўқитувчи бўлишга. Айниқса ҳозирги вақтда ўқитувчи бўлиш унчалик ҳам обрўли касб бўлмаган пайтда унга бу ёқмасди. Бошида кўника олмади. Қийналди. Жанжаллашди. Кейин уйланди..

Мана ҳозир ўнг тарафидаги ойнадан ташқарига қараб хаёл сурмоқда. Ташқаридаги суви томчилаб турган кран, стадионда костюм шимида футбол ўйнаётган болалар, дарсдан эртароқ чиққани учун хурсандлигидан бир-бирини қувиб кетаётган ўқувчилар, салқин дарахтларни панасида дам олаётган жисмоний тарбия ўқитувчиси  буларнинг ҳаммаси унинг кўзларига кўринмас эди.
Унинг кўзларига қоп-қора костюм кийган, қалин қизил галстугини учи костюмнинг тугмаси тақилган жойнинг пастрогидан чиқиб турган, қўлида катта дипломат кўтариб осмонўпар бинонинг эшигидан кириб кетаётган Ботир кўринар эди. Лифтга кириб 19 рақамли тугмани босиб, қўлидаги қоғоз стакандаги қахвани бир хўплаб қўйди.
19 - қават. Унинг ишхонаси. Залга кириши билан шовқин баландлашади. Кимдир телефонга жавоб бериб қўлига ручкани олиб дафтарга ниманидир белгилаган. Кимдир шошилиб принтердан чиқаётган қоғозларни тахлаш билан овора. Кимдир нонушта қилмаган, қўлида "Mc Donalds" деб ёзилган қоғоз қопчани очишга тайёрланмоқда..

Унинг столи бурчакда. Ойнани тагида. Шундоққина гўзал осмонўпар бинолару чумолидай келадиган одамларни томоша қилиш учун бўйнини 90°га буриш кифоя. Иш столига ўтириб қўлидаги қахвани яна бир хўплаб компютерини ёқиш тугмасини босди. Шу пайт бошлиғи келди. Саломлашгандан кейин, шу йўсинда ишласа хали уни порлоқ келажак кутаётганини айтиб, 23 қаватга чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида ҳам шаъма қилиб қўйди (23 - қават раҳбариятники). Ботир жилмайиб қўйди.
Бошлиғи Ботирни елкасига қоқиб нариги тарафга кетаётиб бирдан тўхтади. Ўгирилиб Ботирга қаради. Бу қараш уни бошлиғини эмас Ботирга қандайдир ёқмайдиган инсонни қараши эди. Кимлигини эслолмади. Бошлиғи уни ёнига шаҳд билан келиб, оғзидан туфуклари чиқиб: "кеча нега суботникка келмадинг" деб бақирди ва уни ғилдиракчали стулини ойна тарафга қараб қаттиқ итариб юборди. У стули билан ойнани синдириб пастга қараб қулади.
Пастга қараб кетар экан бояги қараш кимга тегишли эканини эслади. Топди. У ишлайдиган мактаб директорини қараши эди. Унутиб бўладими бунақа қарашларни.
 19 - қаватдан йиқилиш унчалик ҳам кўп вақтни олмас экан, айниқса 19 - қаватга чиқиш билан солиштирса анча фарқ бор.

Йиқилди. Турди. Устини қоқди. Ён атрофига қаради дарахтни соясида стулга суянганча ухлаётган "физрук". Костюмда футбол ўйнаётган болалар. Анча узоққа етиб борган бояги ўқувчилар. Крандан эса томчилаган сув ҳам чиқмай қолибди. Демак 4 - соат ҳам тугай деб қолган. Секин ўзи дарс ўтаётган ойнани тагига борди. Ичкарида ўзи. Болаларга дарс ўтаяпти. Куйиб - пишиб ватанпарварлик ҳақида гапираяпти. Қўлларини пахса қилганча ўзбекча пропагандани ёш мийяларга жойламоқда.