29 янв. 2021 г.

Ҳеч нима ҳақида ҳеч нима

Шахнозни анча вақт кузатиб юрганман. Бу уйланадиган бола уйланмоқчи бўлган қизини кўтини пойлаб юргани каби эмас албатта. Бирорта гап гапира олмаганим учун, гапиришга духим етмагани учун уни кузатардим. Шунчалик кузатардимки у ҳам мени кузатиб юрганимни билиши, керак бўлса “шу бола гапиришга уялаяпти, ўзим гапирвораймикан” деган фикр хаёлига келишига ҳам умид қилганман хатто. Кейинчалик танишиб гаплашиб кетганимиздан сўнг, ўша пайтларни эсласам хижолат тортадиган бўлдим. Ўзимга ўхшаган вазиятга тушганларни кўрсам ақл ўргата бошладим.

Хуллас Шахнозга гапирган биринчи куним кеча еган овқатимдан ҳам яхшироқ эсимда. Коллежда дарсдан чиқиб ортидан кетавердим. Ўзимда қанақадир куч топдим. Уни уйи нисбатан чеккароқда, коллеждан анча узоқда эди. Бегона одам чеккадан кўрса куладиган ҳолат юзага келганди. У сўнгги  дугонаси билан хайрлашиб уйи томон кетарди. Мен ортидан қадамимни тезлатардим. Тобора унга яқинлашаяпман. Кўчада ҳеч ким йўқ. Лекин бирор нарса демайман. Ўзимни ўзим сўкиб кетаяпман. Юришга юриб қўйдим, энди кетворсам бўлмайди. Агар бунақа ҳолатга тушишимни билганимда умуман юрмаган бўлардим. У ҳам ичида “шунчалик ҳам бўласанми” деворган бўлса керак. Хуллас “ҳой, менга қара” деб гапни бошлаганим эсимда. Аввалига игнор бўлди, кейинчалик гапга-гап қўшилди. Уйини ёнига етганимда қадамимни секинлатдим, у эса тезлатди. У уйига кириб кетиши мен эса сал ўтиб ҳудди кўчадан ўтиб кетаётган одамдай туюлишим керак эди. Уйини ёнидан ўтаётганимда “уфф” деган овозни эшитдим. Қарасам Шахноз эшикни ёнида турибди. Нима бўлганини сўрасам, уйдагилари эшикни қулфлаб кетиб қолишганини айтди. Калит йўқ эмиш. Кейин сухбатимизни кўчадан туриб давом эттирдик. Мен кўчада, у ўз ҳовлисида, қулфланган уй эшиги олдида турибди. Бошида номига “кетинг” дегандай бўлдию тезда фикридан қайтди. Обет вақти бўлган биз эса хали гаплашаяпмиз. Шунчаки бўлар бўлмас гаплар. Ҳеч тугамайди мавзу ҳам. Ўшанда сезганман ҳеч нима ҳақида ҳам одам шунчалик кўп гаплашиш мумкинлигини. Кейинчалик телефонда соатлаб гаплашганмиз “ҳеч нима” ҳақида. Аслида бу севишганларни тили экан. Улар шунақа гаплашишади.

Билмайман, бир соат ўтдими ёки бир ярим соат узоқдан биттаси келаётганини кўрдим. Аввалига эътибор бермадим, кейин билсам айнан биз томонга келаяпти. Юзи таниб бўладиган даражага етганида билдимки бу унинг эгизак укаси. Унга қараб “уканг келаяпти” дедим-у ўзим дарров келган йўлимдан давом этдим. Ўша пайт нима содир бўлганини кўриб ҳалигача кулгим келади. Уни кейинчалик кўп марта юзига солиб, устидан кулганман. Хуллас “уканг келаяпти” деб айтган вақтим у қўрқиб кетди ва ёнида турган эшикни очиб югуриб кириб кетди. Аслида эшик ёпиқ бўлмаган экан. У мен билан гаплашиб туриш учун уни қулфлигини айтган экан. Бу нарсаларни ўйлаб уйимга қандай етиб борганимни билмайман. Эртароқ гапирсам бўлмасмиди унга. Униям кўнглида нимадир бўлган экан-ку.

Унга яхши кўришимни кўп айтганман. Қанчалик яхши кўришим ҳақида ҳам. Ўша пайтлар интернет етиб келмаган қишлоқларда яшаганим учун бўлса керак кўпроқ китоб ўқирдим. Шоирбашара фэъл атворим билан унга китоблардагидек севги изхор қилардим. Бир марта қанчалик яхши кўришимни тасвирлаш давомида унинг ўзига ўхшаб кетадиган эгизак укаси ҳақида ҳам гапирганим эсимда.

- Сени шунчалик яхши кўраманки, агар қиз бола бўлиб туғилганимда аниқ сени эгизак укангни севган бўлардим, чунки у сени эгизагинг, бир-бирларингга ўхшаб кетасизлар.

Ўша пайт бу гапни маъноси унга етиб бормаган бўлса керак. Мухими мени ақлли гап айтди деб ўйлаган. Фикрлаши пастроқ, ёш қизни алдашдан осони йўқлигини билганман шунда. Балки бу унчалик ҳам тўғри бўлмагандир лекин мен уни яхши кўрганман. У ҳам мени яхши кўриши учун ўзимни қўлимдан келадиган услубда алдаганман.

Менимча, бунинг учун дўзохга тушмасам керак.

Кейинги ичганимда давомини ёзарман, ухлаб қолмасам.

6 янв. 2021 г.

2017 йилда ёзган нарсамни топволдим.

Американинг айрим штатларида ўлим жазоси бор. Мен кўпинча кино, сериалларда кўзим тушади, ўлимга ҳукм қилинган маҳбусларга қанақа муносабатда бўлишини. Уларни бошқа маҳбуслардан алоҳида камерада ушлашади. Қолган маҳбусларга нисбатан яхшироқ шароит қилиб беришади. Сўнгги кунларида тавба қилиши учун руҳоний чақириши мумкин. Ўлими олдидан ҳохлаган овқатига буюртма бериши мумкин, олиб келишади. Ҳеч ким чертишгаям ҳаққи йўқ, ўлаётган пайтда ҳеч қанақа яра - чандиқлар бўлиши керакмас юзида. Энг қизиғи деярли ҳар куни тиббий кўрикдан ўтқизилади. Бирор жойи оғрияптими, соғлиғидан шикояти йўқми, юрак уриши, қон босими жойидами.. хуллас ҳамма - ҳаммасини текширишади. Зўр - а? Эртага ўлдириш учун бугун соғлиғини стабил ҳолатда ушаб туриши керак. Лекин эртага шу соғлом одамни ўз қўллари билан ўлдиришади. Эрталаб наҳорга ошга борасан. Университетни декани тўй қилаяпти. Сени "лапашанг" ўғлинг киролмаган университет декани. Бир йилда камида 10 тасини пулини олиб ўқишга киргизиб қўядиган университет декани. "Шу иплосни тирикчилигини деб ўғлим ўқишга кира олмади, нега мен бу одамни тўйига боришим керак? Нега бу одам ҳар йили қайта - қайта шу ишини қилаверади? Нега бунақаларни ҳеч ким қамамайди?" Деган саволлар қийнамайди сени. Сенингча худди шундай бўлиши керак, шунақа бўлиб келган. "Эплаяптими ҳалоли бўлсин" деб қўясан ўзинча. Ўғлингни ўқишга кира олмагани учун эса албатта ўқитувчиси айбдор. Қучоқлашиб кўришиб, қўлига тўёна бериб тўйхонага кириб кетасан..Ойлигинг тушди пластикка. Уйга бозор қилишинг керак. Деҳқон бозорда пластикга савдо қилишмайди зато эшигини ёнида пластигингни "обнал" қилиб беришади 20% га. Нимаям қилардинг уйга картошка, пиёз оборишинг керак, мажбурсан. Йўқ! Жиннимассанку 20% дан нахдлаштириб, синфдошинг Холмирзани 5 та пайнети бор, 15% дан қилиб беради. "Танишинг кўп бўлса яхшида" деб ўзинга - ўзинг гапириб бозорга кириб кетасан. "Нега мен пулимнинг 15% ни кимларгадир беришим керак, наҳотки қанақадир ечим бўлмаса? Нимани ҳисобига бунақа нарсалар пайдо бўлади? Кимдир жавоб бериши керакмасми шу нарсалар учун" деб ўйланмисан. Сени миянгда бошқа муҳим хаёл: Эронда дурранг ўйнаб келсак, Корея ютқазса ... Худо бериб 1-2 сўм келиб қолди. Орзу -хавасинг бор, мошина минаман деган. Нархларни кўрасан хаммаси $ да. Сенда эса сўм. Она юртингда ишлаб чиқарилган мошинани она юртингда ҳайдаб юришинг учун она юртингни миллий валютаси ўтмаслигини билгач, сен уни айирбошлаш учун банкка йўл оласан(агар албатта ойдан тушган бўлсанг). Банкда бу нарсани иложи йўқлигини билгач ўйланиб қоласан.Эврика! Бунда сенга яна бозорни олдидаги "валютчиклар" ёрдамга келади. Ну..нархи икки баробарданам қимматроқ-ку лекин сенда бошқа вариант борми? Махаллангдаги "Ботирбой" ишончлироқ ўшанга борасан. 3 қаватли уйини тагига бориб кутиб турасан у жумага чиқиб кетган бўлади, кутасан озгина. Келади ишингни ҳал қилиб беради. "Нега мен икки баробар қимматига айирбошлашим керак пулимни? Нега ўзи долларда олишим керак Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мошинани? Банкдан $ олишни иложи бўлмаса мен қандай $ га мошина оламан? Мантиқ қани? Ноқонуний йўлдан юришга мажбурманми? " Деб ўйламисан, сени хаёлинг бугунги Реал-Бавария ўйини билан банд. Уёғига мошинани тезроқ чиқариш учун 300-400 $ берасан, буям бировни тирикчилиги.."нега" деб бошланадиган саволларга ҳар доимгидек вақтинг йўқ.Хуллас ҳаётинг шу зайлда давом этаверади, сенга эса қачон валютани конвертация бўлишидан кўра Бабаённи қачон кетиши қизиқроқ. Сен ўғлингни "ўз калласи билан ўқишга кириши мумкин эдику" деган савол эмас, "ютятган жойида нега Бабаян Гейнрихни туширгани"  кўпроқ ўйлантиради.Сен ўша декан, валютчиклар билан битта маҳаллада турасан. Уларга бўлган муносабатинг ижобий, тўй - мараканг битта улар билан. Лекин анави бурчакдаги томи қийшиқ уйда турадиган қўшнингни кўришга кўзинг йўқ. Ўғли ўғлингни синфдоши, бемазароқ бола эди, Россияга кетиб у ердан Туркия, Туркиядан Суррияга ўтиб кетган. Террорист! Отаси - террористни отаси! Онаси - террористни онаси. Ака-ука, опа-сингиллари террористни жигарлари. Кўришга кўзинг йўқ. Отаси кўчага чиқолмай шу боласини орқасидан.Лекин сен фикрламисан: шу бола ўғлим билан бирга ўқишга топширганди, контрактга кирганди, контрактни тўлолмагани учун ўқимади. Россияга кетворди уйига 1-2 сўм жўнатиш учун. Уёғда нима жин урди хуллас террор бўлиб кетди. Агар декан қўшнинг 10 та "тупой"ни ўқишга киргизиб қўймаганда шу бола бюджетда ўқиб юрармиди. Отаси кўчага чиқа олармиди. Онаси хотин-халажга қўшила олармиди. Сингилларига совчи келармиди. Сен жирканмасдан қарармидинг.Йўқ сен бу нарсани ўйламисан, сени гребаный хаёлинг "Ҳасанбой кейинги сафар юта олармикан" деган савол билан банд. Сени фикрлаш доирангни радиусини ўзи Ҳасанбойни бўйидан катта эмас. Сен учун ўша ўғлингни ўқишига кира олмаслигига сабабчи бўлган декандан кўра, кеча яқингача одамлар қаторида юрган, кейин ўғли "иш" қилиб қўйгандан кейин автоматик тарзда ёмонга айланган одам хавфлироқ. Сен дарвозанга уйингни номерини илиб кетишганига, светни ўтган йилгига қараганда 1-2 соат кўпроқ берилаётганига, банкирлар уйингни тақиллатиб келганига хурсандсан. Сен бахтиёрсан. Сени юрак уришингни ўлчашяпти, қон босимингни текширишяпти, эртага "қанақа овқат егинг келяпти?" Деб сўрашади охирги марта...