25 авг. 2021 г.

Шабада

 Тонг. Кечаси кондиционерни ёқиб ухлаган эдим, хар доимгидек онам тунда чиқиб уни ўчирган. Уйғониб кетдим. Кондиционер туфайли ойналарни ёпиб ухлаганимга хонага хаво кирмаган. Хона дим эди. Туриб ойнани очиб, унга яқинроқ жойга жойлашдим. Ойнадан салқин шабада кира бошлади. Бу салқинлик шу даражада танамга ёқардики пастдан чойшабни олиб устимга ёпиб қўйдим. Совуққотибгина, этим жунжикиб ўрандим чойшабга. Хаво жудаям ёқарди. Мана шу қишлоғимни хиди аслида. Ховлида совуққотиб ухлаган даврларимдаги харорат мана шу.  Тонгда қанақадир иш сабабли уйғонишни истамай, афтим бурушиб бет-қўлимни юваётганимда шунақа хаво бўларди. Тўй бўладиган кун нахорга ошга тайёргарлик кўриб, столларга нон, салат каби нарсаларни тонгда қўйиб чиқаётганингда шунақа хаво бўлади. Қуёш энди чиқиш арафасида, лекин атроф ёруғ, истаган тарафингга қарай оласан, идеал манзара. Енги узун кийимингни устингдан ташлаб оласан, агар уни ўзинг билан олиб келмаган бўлсанг хавотир олма, футболкада хам совуққотиб юришни гашти бор. Икки қўлинг билан ўзингни қучоқлаган бўлиб, қўлларинг билан баданни сийпалаб юрасан қизиши учун. Буниям гашти ўзгача. Бу хаво билан хеч қанақа ёмон хотира бўлмаган экан менда. Балки хеч кимда йўқдир. Балки шу сабабли хам уни эслаганда одам энтикиб кетса керак.  Барчаси ёқимли хислар билан ёдга олинади. Ўзим қишлоғда ўсганим учун ва айнан бу рохатбахш хаво билан ўша дамларда кўп бор тўқнашганим учун у менга қишлоғимни эслатса керак. Аслида бу хаво шу ерда хам бор. 


Агар жаннат бор бўлса у ерда 24 соат мана шу хаво хукмрон бўлади. Агар жаннат бор бўлса у мени яхши хотиралар билан қолган қишлоғимга ўхшаши керак. Айнан хозирги холатимда унга бўлган муносабатларимдагидек эмас ўша ёш болалигимдаги, у ердан бир кунга кетсам хам соғиниб қоладиган қишлоғим каби бўлиши керак ва мен уни ўшандагидек яхши кўришим керак. Майли чанг бўлсаям, майли кўчада молларни тезаги бўлсаям, молларам бегонамас-ку? Ўзимиз билан бирга катта бўлган бузоқчалар, ёнига борсанг қашлашингни кутиб бўйнини чўзадиган беозор жониворлар уларам. Уйдагиларинг уларни сўйганида уйдагиларингга жахл қилиб 2-3 кун гаплашмай юрганингни эсга тушади. Қаерга кетсанг ўзинг билан ортингдан эргашадиган кучугингни соғинмаслик хам адолатданмас. Ўша даврларда сенга эркаланадиган, жахлинг чиқса кўтарадиган, хафа бўлмайдиган ягона жонзот шу эди. Болалик қандай ўтганидан қатъий назар биз уни соғинамиз. Оғир, ёмон болаликдан хам ёқимли хотиралар қолади қайсидир бурчакларда. Менда эса хаммаси зўр ўтган, уни қўмсашга арзирли сабабларим бор. Айнан ўша ерда қолиб кетган айрим нарсаларни, жониворларни, қўшниларни, яқинларингни соғинасан. Улар сен билан шахарга келишмаган, лекин энди уларни излаб борсанг хам ўша ерлардан тополмайсан. Мана шу сабаб сени ортга қайтишдан тийиб туради.

Агар жаннат мавжуд бўлса мени қишлоғим тимсолида бўлсин, камида мен учун. Мен эса унга лойиқ бўлсам, эртагаёқ ўлишга тайёрман.