27 нояб. 2024 г.

Кечиккан дедлайн

Чолнинг ўлимига ҳамма нарса тайёр эди. У кузатиладиган уйда ортиқча нарса қолмаган, ҳовли тозаланиб, аёллар кириши учун фойдаланилмайдиган орқа эшикни ҳам очиб қўйишган эди. Ҳатто барчасидан бехабар кучук ҳам вақтинча қўшнининг молхонасидан сиёсий бошпана топишга мажбур бўлди.

Бу ёқда шаҳарлик неваралар уч йил олдин чолнинг юбилейида қучоқлашиб тушишган суратларини инстаграмлардаги сторисларига жойлашга ҳам улгуришган эди. Фарзандлар ҳам руҳан тайёр, докторнинг умид йўқ деб уйига олиб кетишларини сўраганида, органда ишлайдиган катта ўғли ғурурими ёки фарзандлик бурчи, ўзи ҳам билмайди қайси биринидир кучи билан докторга бобиллаб берганига қарамай, ич-ичидан вазиятни тушуниб турарди.

Отасидан рози ризоликни олгани ота ҳовлига келган қизлари ҳам мана учинчи кундирки нима қилишларига ҳайрон. Бири мактабда ўқитувчи, мана уч кундирки ота ҳовлисидан юз чақирим узоқликдаги мактабидаги болаларга кимё фанидан дарс ўтилмаяпти, буёқда ҳали ота тирик, ким билади унинг жони узилганидан сўнг ҳам неча кун мактабдаги болалар кимё фанисиз қолар. Иккинчисининг хусусий боғчаси бор, уч кундан бери бормаганини эсласа юраги орқага тортади. Яна бирику уйда, невараларига қараб ўтирадиган катта ёшли аёл. Унда муаммолар кўп туғилмайди, лекин, унинг ҳам бу ерда уч кунлаб қолиб кетиш режаси йўқ эди-да! Айниқса, биринчи кун келиб отасидан рози-ризоликни олиб, чинакамига кўз ёш қилиб олган чолнинг қизлари, вазият бу қадар чигаллашиб кетишини умуман ҳисобга олишмаганди.

Энг катта жабр кичкина ўғилга бўлди, мана уч кундирки хотининг ёв қарашларига чидаб яшашга мажбур. Бечора хотини уч йилдан бери ётиб қолган чолни кам-кўстига қараб келганди, ана ўлади, мана ўлади деб уч йилдан бери оёқни узатишни истамаётган чолни кўргани қўзи йўқ бўлса ҳам, ўлими деярли аниқлашиб қолгач, ҳеч бўлмаса энди маломатсиз қараш учун югуриб-елиб хизматни қилиб юрганди. Бироқ уч кун у учун ҳам кўпдай кўрина бошлади, чолни ўзи камдай энди уйдаги бир дунё меҳмонларнинг ҳам хожатини чиқариши керак. Ахир мана шу кунларда иржайиб турмаса, бу қайни опалар уч йил қараганини эслаб ҳам ўтирмайди, уч йил тагини тозалагинини бирор жойда эътироф ҳам қилмай, мана шу уч кундаги ёв қарашларни гапириб юришлари аниқ. Ҳа, майли, тез орада барчасидан бира-тўла қутилади, шунисига ҳам шукур.

Чол дамба-дам ҳушига келадию тепасида фарзандларини кўриб ҳижолат чекади. Аввалига аҳволи оғирлашиб қолгач барчаси тугагани ўйлаб калимасигача қайтариб қўйганди. Шифохонада неча кун ётди билмайди, ўзига келса уйида. Қаршисида фарзандлари рози-ризолигини сўраб йиғи-сиғи қилиб ўтирибди. Аввалига бироз довдиради, аҳволи аввалгига нисбатан яхшироқ эканлигини ҳам унутиб, уларга қўшилиб оз-моз йиғи-сиғи қилди. Барчаси билан сўгги бор хайрлашган бўлди, бешала фарзандга ҳам розилигини айтди ва энди унинг ҳам кетар вақти бўлганини аввалдан тайёрлаб қўйган қисқа лекин чиройли нутқ билан етказди (буни қарангки нутқ ҳам ҳар бир сўзигача эсига кела қолди). Кейин секин кўзини юмди. Уйқуга кетар олди яратганга ёлворди: “эй парвардигор, шарманда қилма, олақол энди жонимни, қайси бет билан уйғонаман эрталаб?” деди ичида такрор-такрор.

Мана учинчи кундирки унинг жони узилмайди. Ўзига келадию, ўзини беҳолдай тутиб ётаверади. Имкон борича кўзларини юмиб олади, ҳуддики одам кўзини юмиб ётаверса ўлиб қоладигандек. Кўзини юмиб хонанинг у бошидаги фарзандларининг сухбатларини эшитиб қолади. Энди фарзандлар унчалик ҳам хафа эмасдек, улар анча ўзларини қўлга олишган, икки кун олдинги йиғи-сиғидан асар ҳам йўқ. Ўртанча қизи Ханифа мактабдан неча кунга жавоб олганини айтиб отаси томонга қараб қўйганча бошини афсус билан силкитади, кичкина қиз аза куни киядиган кўйлагини опаларига кўрсатиб уларни фикрини сўрайди. Катта қизи отасининг ўлими туфайли ўғли Махмуджонни тўйини кечроққа суриши мумкинлигини айтиб сиқилади.

Буларнинг барчаси эшитиб ётган чол кўзларини юмганча яратгандан фақат бир нарсани қайта-қайта сўрайди.

13 июл. 2024 г.

Барча кучуклар жаннатга тушади

Тахтлар ўйини” китобини ўқиб ўтириб бир нарса ёдга тушиб кетди. Китобда Старклар оиласининг каттаси Недд Старк даладан топиб олинган ёввойи кучукларни фарзандларига совға қилади. Бешта болага – бешта ит. Мени билишимча бизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган. Акам ва опамга дадам иккита кучук опкелганди бир вақтлар. Мен у пайтлар ҳали гўдак бўлганман. Кучуклар зотдор бўлишган, катта-катта бўлишди. Улғайиш вақтларим уларнинг қарилик даврига тўғри келганди. Бирини, яъни опамникини бир кун тунда корейслар ўғирлаб кетганди. Бу нарса опамга қаттиқ таъсир қилган, анча вақт хаммадан хафа бўлиб йиғлаб юрган эди. Маҳалламиздаги барча корейсни ёмон кўриб қолганиям бор гап.

Иккинчи кучугимиз қариб ўлди. Анча вақт яшади. Акамлар университетга кириб Тошкентга кетган пайтлари ҳам тирик эди. Акам учун кучук эрмак бўлмай қолганди, энди уни ёшида ҳаёт анча қизиқарлироқ вақтлар эди. Уй ҳайвонлари нисбатан мен учун қизиқроқ бўлган. Ўша кучук ҳам. Лекин уни ёнига бориб бирга ўйнашни таклиф қилсам унга ёқмас эди. Қаригани учун ўрнидан тургиси келавермасди. “Қўй энди ука, бор ўртоғларинг билан ўйнагин” дегандай қараш қиларди. Кейинроқ у ўлди. Онамдан уни “жаннатга тушадими ёки дўзаҳга?” деб сўраганим эсимда. Онам “хамма кучуклар жаннатга тушади” деган эди.

Уйимизда ит қолмаганидан кейин яна битта кўппак олишимизга тўғри келди. Қишлоқ жойда битта уйда битта кўппак бўлмаса нотўғри ҳисобланарди. Бу қарор айниқса менга роса ёққан эди. Акам қўшни қишлоқдан уни кўтариб келгани эсимда, қоп-қора, кичкина, кўзлари энди очилган кучукча эди у. Унга “Бэмби” деб лақаб қўйганди опам. Ёз бўлгани учун опам ҳам таътилда, уйда эди ва у ҳам итга бошқача меҳр берганди. Кейин Бэмби каттароқ бўлгач унга қарамай қўйди. Шунчаки кучук кичкиналиги вақти ширинча бўлгани унга ёққан экан. Ҳамма одамлар айниқса қизлар шунақа. Ҳайвонларнинг кичкиналиги вақти уларга меҳри бўлакча бўлади, улғайгач ёқтирмай қолади.

Хуллас кучугимиз мен билан катта бўлди. Ўрта синфларда ўқиётганимда у келган бўлса, мактабни битиришим вақтимда айни навқирон вақтлари эди. Қишлоқ жойда болаларнинг эрмаги унчалик кўп бўлавермайди, ўша кўп бўлмаган эрмаклардан бири кучугим бўлган. Қаерга борсанг орқангдан бориши, бошқа кучуклар чиқса сени, ўзича ҳимоя қилиши менга ёқарди. Айниқса уни озгина сексистроқ эканлиги завқ берарди менга. Одатда эркакларга эмас доим аёлларга, қизларга хурарди ва бу менга доим кулгили туюларди. Ҳозир шуларни эсласам, кучугим минг зўр бўлганида ҳам Нетфликс у ҳақида фильм ишламаслигини тушунаман. Доим мен билан юргани учун уйдагиларим ҳазиллашиб “думинг қани” деб сўрашарди.

Мактабни битиргач мен ҳам ўқишга кетдим. Бэмби уйда ёлғиз қолди. Энди уйда бирорта фарзанд ҳам йўқ, ҳаммаси ҳар жойга тарқаб кетган. Уйда кучук ва онам эди. Мен ҳам балоғат даврида эдим, кучукни кам кўрганим туфайли уни аввалгидек яхши кўрмай қўйдим. Энди менга одам анатомияси қизиқроқ даврлар эди. Ҳафта охирида уйга қайтишимдан кучугим устимга сакраб мени кутиб оларди. Ёнимда уёқдан-буёққа югурарди, севинчини ичига сиғдиролмасди, мени ҳафта давомида соғинган бўларди. Мен ҳам ўша пайт озгина у билан ўйнаган бўлардим ва озроқ вақт ўтиб зерикиб қолардим. Энди мен кўчага чиқсам уни ортимдан юришига қўймасдим. Кет дердим, кетмаса бирор нарсани отардим ёки ҳовлида қолдириб дарвозани ёпиб келардим.

Бора-бора у ҳам мени айниганимни тушунди. Аввалгидек қувноқ кутиб олмайдиган бўлди. Аксинча, уйда бирга қолган онамга меҳри бошқача ортиб кетди. Қанақадир, жуда тез қариб қолгандек эди, худди онам каби.

2-3 йилдан кейин қишлоқдан кўчадиган бўлдик. Бизни бу ер билан боғлаб турадиган сабаблар камайиб кетган эди, шароитлар ҳам у вақтлар ноинсоний даражада эди биз томонларда. Акамнинг иши, мен ўқишим шаҳарда, бу ерда эса фақат яхши ва ёмон хотиралар қолди. Аввалига домга вақтинча кўчиб чиқдик. Эсимда кўчиб кетиш вақтимизда қариб қолган Бемби кўзини мўлтиллатиб, қанақадир ҳавотир билан нарсаларни ортишимизни кузатган эди. Юк машинаси олдида айланиб, тез-тез юрар, уёқдан-буёққа ўтарди. Ўшанда унга жуда раҳмим келган, ичимда нимадир узилгандай бўлганди. Бизни кетаётганимизни сезиб турган бўлса керак.


Бэмби у вақтда анча қари эди, бундан ташқари биз аввалига домга кўчиб кетганимиз туфайли уни олиб кетишни ҳеч қанақасига имкони бўлмаган. Уйни қўшнимиз бўлган холамларга сотганимиз учун сал кўнглим тўқроқ, итни ўлгунича қарашларига шубҳам бўлмаган.

Кўчиб кетганимиздан кейин мен анча вақтгача қайтмадим қишлоққа. Борсам ҳам бирор тадбир билан борардим ва эски уйимизга кирмасдим. Эски уйимизга биринчи борганимда кўчиб кетганимизга 8-9 ойлар бўлган эди. Ҳовлига кирганимда ўзим истар-истамас Бэмбини изладим. Кўринмади атрофда. Ўрнига бошқа бир кичкина кучук акиллаб чиқди. Ҳоламлар билан кўришдим, уёқ-буқёдан суҳбатлашдим. Қўшниси бўлган тоғамлар ҳам чиқди, улар билан қуюқ кўришдим. Кейин секин Бэмби ҳақида сўрадим.


Ўлганига бир ҳафта бўлибди. Қариб, ёшини-яшаб, ўз омонатини топширибди. Кейин ҳолам ва тоғам кулги билан айтиб бера бошлашди:

-       -  Бемби барибир ақлли кучук бўлганда. Яхши кучук ўлигини эгасига кўрсатмайди, деганларини эшитганмисан? У ҳам ўзини уйида эмас, тоғангни огородини бошида ўлибди.

-      -   Ўлмай ўлсин, яхши кучук эгасига кўринмай ўлиб, лекин қўшнисини огородини саситиб ўларканда а?, - деб хохолаб кулди тоғам.

Ҳолам ҳам қўшилиб кулди. Мен ҳам кулдим.

Мен учун ёшликда эрмак, қайсидир маънода дўст вазифасини бажарган, садоқат ва эркаликлари билан ўсмирлик даврларимда юрагимни бир қисмидан жой олган Бэмбининг бутун ҳаёти, ҳолам ва тоғам айтган икки мисра латифани ичига сиғиб кетди. Энди бу латифани улар анча вақт эслаб, бошқа қариндошларга ҳам кулиб айтиб беришади. У бечорадан мана шу кулгили латифа ва қўйнимда қучоқлаб тушган 2-3 та суратлар эсдалик бўлиб қолди.

23 июн. 2024 г.

Ҳайитлик

Ҳайит муносабати билан ҳар йилги анъанага содиқ қолган ҳолда Бобур онасини олиб тоғасиникига жўнади. Онасининг ота уйи ҳисобланмиш тоғасининг уйида ҳар йили ҳайит байрами нишонланади. Қўй сўйилади, опа-сингиллар-у ака-укалар бир жойга жам бўлишади. Бу сафар Бобур ҳар доимгидан ҳам эртароқ келган экан. Ҳали улар гўштини ейиши керак бўлган қўй сўйилмаган ҳам.


Бобур учун бу ишлар зерикарли. Унга қолса ҳаммани жўнатвориб уйда ётишни маъқул кўрарди. Лекин, наилож, бир йилда 2-3 марта онаси билан компромиссга боришга мажбур. Ҳар қалай бу аёл уни туққан. Унинг етарлича ҳаққи бор бунга. Бобур шу нарсаларни ўйлаб тоғасининг ҳовлисида айланиб юрибди. Қариндошлари билан соҳта мулозаматда кўришган бўлдида, кенг ҳовлини айлана бошлади. Бойланган кучукнинг арқони қаергача етишини ҳисоблаб кўрди, товуқларни нечталигини санади, молларни кўздан кечирди, тоғасини невараларини турқиларига қараб қайси бири қайси тоғаваччасини боласи эканлигини аниқлашга уринди. Хуллас Бобур зерикди.

Аввалги ҳайитлар қизиқроқ бўларди. Тоғаси унга ҳайитлик деб пул берарди. Тоғасини болалари билан ўйнаб бир жойларга дайдиб келишарди. Уришарди, кулишарди, музқаймоқ еб келишарди, умуман олганда вақтни мароқли ўтказарди. Ҳозир эса тоғаси унга ҳайитлик бермай қўйган, бу улғайишни бадали бўлса керак ҳойнахой. Тоғаваччалари ҳам энди кап-катта одамлар, улар билан қувлашмачоқ ўйнашга энди озгина кечроқ бўлса керак. Музқаймоқни ҳам диетологи қатиян тақиқлаган. Хуллас, ҳозирги ҳайитлар аввалгидек эмас.

Шу нарсаларни ўйлаб қурбонлик учун сўйилишга олиб келган қўйнинг ёнига келиб қолди. Унга зимдан тикилди. Тўғрисидаги тўнкани устига ўтирди. Болалардан бири ейилган тарвуз пўчоқларини қўйни олдига келиб унинг охурига ташлаб кетди. Тарвуз пўчоқларисиз ҳам бу охурда кўп нарсалар бор эди. Ям-яшил майсалар, қамиш, сув солинган эски тоғора, озгина беда. Энди уларнинг ёнига таги қошиқда қирилмаган тарвуз пўчоғи ҳам қўшилди. Қўй бу нарсаларни шошилиб ер эди. Ҳудди барчасини емаса, уларни қайта олиб кетиб қолишадигандек.

Бобур унга қараб ҳаёл сура бошлади. Унга раҳми кела бошлади. У ўйларди: эҳ бечора қўй. Ярим соатдан кейин сени бўйнингга пичоқ тортишларини, 45 дақиқадан кейин терингни шилиб олишларини, 3 соатдан сўнг қовурғаларингни чеккасида қолиб кетган этларингни тиши билан ҳузурланиб кимдир сўришини билганингда, балки бунчалик ҳовлиқиб овқат эмасмидинг. Буларнинг барчасини билганингда, ейишдан тўхтаб ўтган умрингни бир тарозига солиб кўрармидинг? Қилган яхши амалларингу, ёвуз ишларинг, қилган инцестларингу, бефаросатча ҳовлини ўртасига аҳлатингни тўкиб кетганларингни ўйлаб хижолат бўлармидинг? Албатта бу нарсаларни сен ўйламайсан. Ўйлаш ҳусусиятинг бўганида қўй бўлиб юрмасдинг бу ерда. Агар танлаш ҳуқуқи ўзингга берилганида ҳеч бўлмаганда бошқа жонзот бўлиб туғилишни танлашинг керак эди. Масалан чўчқа. Уни мусулмонлар ейишмайди. Йўқ бўлмас экан, уни руслар боқади ва албатта ейди. У ҳам қўйни сал бошқачароқ варианти. Яхшиси ит бўлиб туғилишинг керак эди. Агар Ўзбекистонда ит бўлиб туғилганингда катта эҳтимол билан сени ейишмаган бўлишарди. Лекин, қишлоқ жойда туғилсанг, сени ҳеч ким боқиб олмаслиги ҳам мумкин. Катта бўлиш эҳтимолинг пасайиб кетади. Йўқ, кучук ҳам бўлмас экан. Яхшиси одам бўлиб туғилиш керак. Энг зўри шу.

Қўй бирдан оғзидаги нарсаларни ғажишдан тўхтади. Бошини тепага кўтарди ва Бобурга қаради. Унинг қарашлари энди бобурда раҳм ҳисларини уйғотмаётган эди. Қўйнинг нигоҳида ўзига хос кибр аломатлари бор эди. Нимадир унга ёқмади шекилли деб ўйлади Бобур. Қўй овозини борича бир маъраб олдида, бўйнини икки ёнга қирсиллатиб, тилга кирди.

-    Одам бўлиб туғилиш? Сен менга одам бўлиб туғилишни маслаҳат беряпсанми? Сенингча бу дунёдаги энг бахтли жонзот одамзотми?

Бобур нимагадир қўйни тилга кирганидан таажжубга тушмади. У бу ҳолатга рўй бериши мумкин бўлган ҳодисадек, қарар эди. Ҳойнаҳой Дисней мультфильмларининг эффекти бўлса керак бу.

 -       Ҳа, мен шундай фикрдаман. Одам бўлиб туғилиш бу яшаш имконияти берилган жонзотлар ичидаги энг олий мукофот.

-          -    Мен бу фикрга қўшилмайман, Бобурбой, - қўй Бобурнинг исмига бой қўшимчасини қўшди ва уни ўта кинояли тарзда - чўзиброқ талаффуз қилди. Одатда ишхонасидаги бошлиғи, мажлис пайтида уни койимоқчи бўлганида исмини мана шундай талаффуз қиларди.

 -       Ҳўш бунга асосинг борми? Бирорта аргумент келтира оласанми, одамлардан бошқа жонзотлар бахтлироқ эканлигига?

        -       Албатта. Биринчидан, сенлар кеча одамга айлангансанлар. Унгача маймун эдиларинг ва қўйларни бефаросатликда айблашга умуман ҳаққиларинг йўқ.

        -       Биз маймундан тарқамаганмиз. Шунчаки, маймун ва одамзотнинг аждоди битта генга бориб тақалади. Минглаб йиллар аввал ота-боболаримиздан бири одамзот бўлишни танлаган, иккинчиси маймун бўлишга қарор қилган. Шундай экан, биз маймунни авлоди эмасмиз, жа борса амакиваччадирмиз.

        -       Майли, истаганингча талқин қил буни. Нарсаларни ўз номи билан аташ сен одамзотнинг энг катта қўрқувларингдан бири. Бўпти, шундай ҳам дейлик, менку ҳозир ўлдириларман. Гўштимни ерсизлар, Ҳудоларингга мен учун раҳмат айтиб дуо қиларсизлар, буларнинг менга аҳамияти йўқ. Бўйнимга пичоқ тортилади ва бир дақиқага бормай жоним чиқади. Уч йил умр кўриб кетарман бу дунёдан, менга етарли бу. Лекин сенларчи? Узоққа бормайлик, тоғангни ўғли Анварни мендан бахтлироқ деб ўйлайсанми? Умр бўйи отасини қўлида катта бўлди. Ҳалигача ота касбини давом эттираяпти. Отасини чизган чизиғидан чиқмайди, ҳатто хотинини уйига жўнатмоқчи бўлса ҳам отасидан руҳсат сўрайди. Ҳаётдан оладиган лаззати нима? Ўзи туғдирган фарзандлари ҳам ундан кўра кўпроқ тоғангни яхши кўради. Ҳафтада икки марта легальный секс, кунига бир ҳалта нос, ҳар-ҳар замон байрамларда озгина ароқ ичар, кечқурун озгина ўзбекча теленовелла билан Путинни пропагандасини кўрар. Телеграмда келадиган бачкана тўртта видеони кўриб ҳоҳолаб кулиб қўяр, бўлди. Қолган пайти умри иш билан ўтиб кетади. Хотинини ғиншишига ва ота-онасини инжиқлигига бош эгиб яшайди. Топган пули рўзғордан ортмайди. Шароитини қанақалигини мендан яхши биласан ўзинг, энди сен менга айт, тоғангни ўғли Анвар ростданам мендан бахтлироқми? Мен ҳозир кетаман, шу билан йўқман, эсланмайман ҳам, менга аза ҳам тутишмайди, бошқа қўйлар кўриши учун болаларим ўзини мажбурлаб йиғлаб ҳам ўтиришмайди. Мен йўқман, бўлди. Лекин Анвар ҳали кўп сиқилади. Анвар ҳали жуда кўп мана шу ва бундан бадтарроқ йўсинда яшашга мажбур. Болалари катта бўлиб дамни оламан деган пайтида болаларни катта бўлишини плюсидан кўра кўпроқ минуслари борлигини англаб етади. Болалари Анвар эмас, хотинига кўпроқ тортган, улар отасини бошига кўтариб юрмайди Анвардек. Тоғанг Анварга қилаётган муомаласини кўриб ўсаётган болалардан нимадир кутмасин Анвар, айтиб қўй бу гапларимни.

Бобур ўйга толди. Бир томондан бу қўйни гапларида жон бор эди. Дунёқараши кучли қўй экан. Нима бало Достоевскийни китобини еб юборганмикан-а? Лекин, у барибир ақлига сиғдира олмас эди, қўйни ёки умуман бошқа жонзотни инсондан бахтли бўлишига. Бу кўпроқ ишончсизлик эмас, умидворликка ўхшаш ҳис эди.

    -       Битта Анварни мисол келтирдинг. Масалан мен. Ундан анча бахтлироқман, ишларим жойида, эрким ўз қўлимда, истаган пайтим истаган ишимни қилишим мумкин. Менга нима дея оласан.

Қўй сўзини бошлашдан аввал мийиғида кинояли тарзда кулиб қўйди. Ҳа, дўстлар, қўй ҳам мийиғида кула олар экан. (Тўртинчи деворни бузилиши эди бу)

    -       Ҳозир гўштимни еб бўлганингдан кейин онанг билан уйингга кетасан. Уйингда онангни айтганини қилиб, яхши ўғил бўлишга мажбурсан. Аслида қизиқиш ва қадриятларинг умуман ўзгача бўлгани билан, сен шу зайлда яшашга мажбурсан. Менталитетинг шунга мажбур қилади. Бундан ташқари хотининг учун ҳам яхши эр бўлишинг керак. Уйланганингча эр деганда умуман бошқа нарсаларни тушунганинг сени бундан қутқара олмайди, ҳудди қонунни билмаслик сени жавобгарликдан соқит қила олмаганидек гап бу.

Товба деб ҳайрон қоларди Бобур. Бу Достоевскийни китобини еганми десам, Қонституцияни ҳам хазм қилиб юборганга ўхшайди. Энди Бобурни кўп нарса ҳайрон қолдира олмаслиги аниқ. Унга айни дамда битта нарса қизиқ, Конституцияни эски таҳририни еганмикан ёки янгисини?

     -       Ишхонангда бошлиғингни қўлига қараб қолгансан. Ойлигингни окладини каттароқ ёзиши учун қўйга айланиб “бааа” дейсан деса, керак бўлса қиласан бу ишни. Нозиккина қўлчаларинг ҳар сафар ўз истаги билан эмас, мажбурликдан бир-бирига урилади кимгадир пахта қўйганингда. Юзингдаги соҳта жилмайишларинг билан кўп вақтни ўтказаверганингдан ўзинг ҳам ўзингни бахтли деб ўйлай бошлагансан, аслида мана шу нарсалардан келиб чиқиб ўзингни эркин эмаслигингни ҳис қила олишинг керак эди. Ўзингни қафасчангга “бахт” лақабини қўйиб бахтлиман деб ўйлаяпсанми? Бу ҳудди тагингдаги “Нексия 2” мошинангга Ламборжини деб лақаб қўйиб, ўзингни Ламборжинида юраман деб ишонтиришдай гапда.

Қўй шу гапларни айтдию, ҳоҳолаб кула бошлади. Унинг кулиши шу даражада ҳуник ва бачкана эдики, уни эшитган одамда кринж ҳисси уйғонарди. Бобурнинг энсаси қота бошлади. Қўй кулишдан тўхтаб, сўзида давом этди.

    -       Қотир, қотир энсангни. Сени энсанг фақатгина қўйлар, хотининг ва сендан ижтимоий табақаси пастроқ бўлган одамлар қаршисида қотади. Бошлиғингга, онангга ёки бўлмасам умуман бирорта яшил формали одамга қотира оласанми энсангни? Албатта йўқ.

Қўй бошини силкиллатиб, секин Бобурга қаради. Бу қараш замирида “бопладимми, бирорта гапинг борми?” деган маъно зохир эди. Бобурнинг эса тили айланмай қолган эди. Асаби бузилиб сигарет чеккиси келди, лекин сигаретсиз келгани ва тоғасини уйида эканлиги уни бундан қайтариб турарди. Акс-ҳолда қўйдан сигарет сўрашга ҳам тайёр ҳолатда эди.

Бобур қўй билан ортиқ суҳбатлашгиси келмай қолди. Муҳокамани тугатишни истади. Тугатиш учун эса яхши битта зарба керак деб ўйлади. Лекин, рақиб анойи эмас, ундан анча ақлли қўй.

    -       Аслида энг олий баҳо ҳозир рўй беради. Инсонлар сизлардан бахтлироқ, сизлар инсонлар учун хизмат қиласизлар, ҳозир сени сўямиз ва мазза қилиб кўштингни еймиз.

Қўйни энсаси қотди бу гапга. У Бобурдан савиялироқ жавоб кутган эди. Кўриниб турибдики, Бобур у ўйлаган даражада эмас. Вазн тоифалар бошқа-бошқа. Қўй ҳам муҳокамага якун ясашга қарор қилди ва энсаси қотганини билдириш учун “бляяяя” деб чуқур овоз чиқарди.

Бобур унинг товушини унчалик ҳам англай олмади, қўй “бляяяя” деяптими ёки “баааа”?

Сўкиниб бўлган қўй, бобурга қаради ва: “зайбал, чақир қассобни”, - деди.

21 февр. 2024 г.

Ёмон кўриш ҳуқуқи

Агар ҳаммасини бошидан эслайдиган бўлсак, мен уни мактаб пайтларимдан бошлаб яхши кўрар эдим. У пайтлар севги ёки мухаббат эмас айнан "яхши кўриш" деб аталарди бу нарса. Уни кўрсанг юрагинг бошқача урушни бошларди, ҳаракатларингда довдираш элементлари кўпайиб кетарди. Ўзинг уйда юрган пайтингда ҳам ҳудди  у сени кузатиб тургандек ўзингни тутардинг. Ёш болача қилиқларингни камайтириб ўзингни жиддийроқ тутардинг, ўсирмоқчи бўлсанг атрофга бир назар солиб олиб ҳеч ким йўқлигига амин бўлиб олардинг. Энди соч турмагинг соч олдираётганда свет ўчиб қолган одамникига ўхшамайди, энди сен сартарошга "мана бу жойини озгина қолдиринг" деб айта оласан. Энди сен ўзинга қараб юрасан, акангни духисини ҳам ўғирлаб сепа бошлайсан. Футболкангни кийишингдан олдин қўлтиғини хидлаб кўрасан.

Хуллас ўша вақтлардаги симпатияни ўзи ҳам сени қисман фаросатлироқ қилиб тарбиялайди экан. Ҳозир шуларни эслаб мени моллик исканжасидан қисман бўлса ҳам олиб чиққани учун унга раҳмат айтаяпман.


Кейинчалик юқори синфларга ўтганимда уни ҳам мени ёқтириб қолганини билдим. Биз расман мактабдаги жуфтликка айландик. Ҳозир эслаб, ўша пайтлар сабрим ҳам катта бўлган эканда, деб ўйлайман, йиллаб жавобсиз севиб юраверган эканмиз, унга бир оғиз ҳам айтмасдан.


Юқори синфда бундан ҳамма хабар топгач анча-мунча комплексларимиздан воз кеча олдик. Энди ўзингни Фаластиндаги давлат ишида катта лавозимда ишловчи Моссад агентидай тутишинг шарт эмас, энди бемалол уни яхши кўришингни тан оласан. Энди бу қанақадир уятли иш эмас. У билан энг ширин даврларимиз ўшанда бўлган менимча. Биринчи марта қиз болани ўпиш нималигини биласанми? Бу дегани сен ўша кундан бошлаб чеснок ейишдан олдин икки марта ўйлаб кўришни бошлайсан дегани.  Биринчи марта қиз болани ўпганингдан сўнг сен ўзингни катталар дунёсига кириб келгандек тута бошлайсан. Энди сен босиб ўтмаган чегаралар қолмагандек, эртага унга уйлансанг уни истаганча ўпишинг мумкинлигини ўйлаб тасаввурингни портлата бошлайсан.


Кейинчалик у билан кўп учрашдик. Кўп ўпишдик. Кўп сухбатлашдик, кўп қўл ушлашиб юрдик. У бошқа шаҳардаги коллежда ўқиди, мен бошқа шаҳарда. Биринчи курслик вақтларимда уни кўргани бориб турардим. Паркни ичидаги хазонрезгига тўла дарахтли кўчада қўл ушлашиб келажагимиз, орзуларимиз ҳақида гаплашиб кетардик. Биз бахтли эдик. Ўша вақтларда барчасидан лаззатланар эдик, барчаси кўзимизга чиройли кўринарди. Агар жаннат бор бўлса ва у ерга қайсидир йўлдан ўтиб борилса, бу аниқ мен у билан қўл ушлашиб юрган ўша паркдаги йўл эди. Агар жаннат бор бўлса ва у ерда идеал бахтли жуфтликлар бўлса, улар аниқ бизни ўша вақтдаги сиймомизда бўларди. Севги мени ҳар бир хужайрамни мавҳ этиб олган эди.


Кейин нималар бўлди ўзим ҳам аниқ билмайман. Биз улғайдикми, дунё ўзгардими, ёки ўзи шунақа бўлиши керакмикан, билмайман. Менимча мени махлуққа айланиш эволюцам бошланган ўшанда. Ҳақиқий эркак ўз аёлини бировга хафа қилдириб қўймайди, бундай маъсулиятли вазифани ўзи сидқидилдан бажаради деганларидек, уни кўп бор хафа қила бошладим. Аслида у пайт айб менда бўлиб туюлмаган эди, ҳозир буларни эслаб таҳлил қилаяпману айб менда эканлигини англаяпман. Антиутопик асарлардаги ўт ўчирувчилар ўтларни ўчириш билан эмас ёқиш билан шуғулланганларидек, мен ҳам севгимизни мустаҳкамлаш билан эмас уни барбод қилиш билан шуғуллана бошладим. Соғлом ва адекват фикрларнинг сўнгги тахлами, чақнаб-чақнаб, огоҳлантириб-огоҳлантириб менинг нейронли миямни тарк эта бошлаган эди.


Аслида мен ношуд бир банда, ҳатто клеш оф кленсда ўзимга бир тайинли база қура олмаган, бутун бошли оила қуриш қўлимдан келармиди? Ичимдаги трусигимгача дадамни ҳаққи бор, контрактимни тийинларигача дадамни пуллари бўлса, мени бутун умр моддий таъминлаш вазифасини аукционсиз ютиб олган дадам, эртага "мен бу қизга уйланаман" десам индамай рози бўлиб кетавермаслиги аниқ эди. Дадам у одамни қизини олиб бермаслигини билар эдим. Бу аниқ эди. Мен ҳатто буни сўраб ҳам кўрмаганман, барчаси кундек равшан эди. Мен дадамни буюми бўлганман, буюмларни эса келажагини уларнинг эгалари ҳал қилади. 28 ёшга кириб ҳам битта мустақил иш қилмаганман, бир сўм пул топмаганман, менга ким қўйибди келажагимни ҳал қилишни? Бу иш биланам мендан яхшироқ бўлган одам — дадам шуғуллангани маъқул. Ҳар қалай, менга нима яхши эканлигини у одам мендан яхшироқ биладику? Ҳаттоки универни битириб келиб ҳам унинг қўлида ишласам, менга ким қўйибди? Ўзимни дадамни вазифаларини бажарувчи сунъий интеллектдай ҳис қила бошлагандим. 


Ҳозир эслаб асабим бузилади, одам ҳам ўз келажагига ҳам шунчалик бефарқ бўладими? Ҳаттоки компютерда ўйин ўйнаётганингда ҳам ўзингни қаҳрамонинг учун қайғурасан. Уни келажагига бефарқ бўлмайсан, лекин ўзингникини шунчаки бошқаларга топшириб қўйишингними қандай тушунса бўлади? Тўппа-тўғри, тушуниб бўлмайди.


Нега буларни эслаяпман? Бугун уни кўриб қолдим, турмуш ўртоғи билан кафеда. Боласиям бор. Кўзимга жуда бахтли кўринди, аввалгидан ҳам чиройли бўлиб кетгандек. Шу сабабли бу воқеаларни эсладим. Мен ҳам уйланганман, фарзандим бор. Ташқаридан қараганда бахтли кўринсак керак биз ҳам. Балки. Қайдам. Менимча бизники бахтдан ҳам кўра бахт лақабли мажбуриятлар тўпланмасига мосроқ тушади. Эр ва хотиннинг жамият нормаллаштирган стандарлари асносида бир текис одимлаётган, Ахборот дастурида намуна қилиб кўрсатишга арзийдиган, ҳавас қилса арзигулик ёш оила вазифасини бажариб келмоқдамиз.


Компютер қаршисида шу нарсаларни ўйлаяпман. Тақдирим бунақа бўлгани учун айбдор қидираяпман. Менимча дадам айбдор. Одамларни ёмон кўриш ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда дадамни ёмон кўришни бошладим. Яхшиям бу ҳуқуқим бепул, акс-ҳолда дадамни ёмон кўриш учун ҳам дадамдан пул олган бўлармидим. Аслида ҳаммасига у айбдор. Бугун йўлимдан чиқиб мени нормал ҳаётимни аслида нормал эмаслигини исботлаб кетди. Дадамдан кейинги ўринда энди уни ёмон кўраман.


Бугун уйга эртароқ кетишим керак. Дадамнинг гап навбати, столда у-бу камчилик бўлса гап эшитаман.

25 апр. 2022 г.

Сув

 Одатда онамга сувни идиши қопқоғини очиб бераман. Ўзи очишга кучи етмайди.


Бугун машинада мени кута туриб онам сув айтди. Онамни докторларни тавсиясига кўра анча вақтдан бери тез-тез сув ичиб юради. Рўза тутиш мумкинмас. Хуллас сувни опкелар эканман эрталабдан бери кутиб ўтирган жойимдан қўнғироқ бўлди. Айтишларича ишим битмасмиш. Асабларим бардош бермасди. Машинани миниб уйга кетишим керак. Онам ёнимда. Машинага сувни қўйдиму ўзимга-ўзим бутун дунёни қарғай, ишимни битирмаган одамларни лаънатлай бошладим. Машинани хайдар эканман аламдан бақирар эдим. Дунёни адолатсизлигию одамларнинг бефарқлигидан жунбушга чиқардим. Онам хеч нарса демай кетарди. Орада бир кўзим тушди, онам сувни қўйган жойимдан қўлига олди ичиш учун. Шу билан яна ўзимни хаёлларим, ўзимни ўйларим билан ўзимга-ўзим қарғаниб кетардим. Бутун дунёдан хафа эдим.

Анча вақт юрдик. Уйга яқинлаб қолдик. Ховуримдан тушдим. Озгина чалғидим. Чанқаганимни сездим. Сувни олиб очиб ичдимда яна қайтиб жойига қўйдим. Кейин бир нарсани сезиб қолдим. Сувни қўйганимдан кейин бироз ўтиб онам секин сувни олдида сумкасидан бокалини олиб қуйиб ичди. Аввалига эътибор бермагандим лекин кейин хаёлимга нима қилганим келдию уятдан қизара бошладим. Мен сувни очиб ичганимда сув очилмаган эди. Йўлга чиққан пайтимиз онам сувни қўлига олганди лекин уни оча олмаган. Мени вовиллаб кетишимни кўриб сувни очиб беришимни сўрашга қўрққан. Йўл бўйи мен сувни очиб ичишимни кутган ва очганимдан сўнг секин олиб ўзи хам ичган. 


Йўл бўйи дунёдан хафа бўлиб келган мен энди ўзимдан хафа бўлиб юраман.

Онани буюклигию фарзанни расволиги хақида бундан ортиқ мисол бўлмаса керак.

25 авг. 2021 г.

Шабада

 Тонг. Кечаси кондиционерни ёқиб ухлаган эдим, хар доимгидек онам тунда чиқиб уни ўчирган. Уйғониб кетдим. Кондиционер туфайли ойналарни ёпиб ухлаганимга хонага хаво кирмаган. Хона дим эди. Туриб ойнани очиб, унга яқинроқ жойга жойлашдим. Ойнадан салқин шабада кира бошлади. Бу салқинлик шу даражада танамга ёқардики пастдан чойшабни олиб устимга ёпиб қўйдим. Совуққотибгина, этим жунжикиб ўрандим чойшабга. Хаво жудаям ёқарди. Мана шу қишлоғимни хиди аслида. Ховлида совуққотиб ухлаган даврларимдаги харорат мана шу.  Тонгда қанақадир иш сабабли уйғонишни истамай, афтим бурушиб бет-қўлимни юваётганимда шунақа хаво бўларди. Тўй бўладиган кун нахорга ошга тайёргарлик кўриб, столларга нон, салат каби нарсаларни тонгда қўйиб чиқаётганингда шунақа хаво бўлади. Қуёш энди чиқиш арафасида, лекин атроф ёруғ, истаган тарафингга қарай оласан, идеал манзара. Енги узун кийимингни устингдан ташлаб оласан, агар уни ўзинг билан олиб келмаган бўлсанг хавотир олма, футболкада хам совуққотиб юришни гашти бор. Икки қўлинг билан ўзингни қучоқлаган бўлиб, қўлларинг билан баданни сийпалаб юрасан қизиши учун. Буниям гашти ўзгача. Бу хаво билан хеч қанақа ёмон хотира бўлмаган экан менда. Балки хеч кимда йўқдир. Балки шу сабабли хам уни эслаганда одам энтикиб кетса керак.  Барчаси ёқимли хислар билан ёдга олинади. Ўзим қишлоғда ўсганим учун ва айнан бу рохатбахш хаво билан ўша дамларда кўп бор тўқнашганим учун у менга қишлоғимни эслатса керак. Аслида бу хаво шу ерда хам бор. 


Агар жаннат бор бўлса у ерда 24 соат мана шу хаво хукмрон бўлади. Агар жаннат бор бўлса у мени яхши хотиралар билан қолган қишлоғимга ўхшаши керак. Айнан хозирги холатимда унга бўлган муносабатларимдагидек эмас ўша ёш болалигимдаги, у ердан бир кунга кетсам хам соғиниб қоладиган қишлоғим каби бўлиши керак ва мен уни ўшандагидек яхши кўришим керак. Майли чанг бўлсаям, майли кўчада молларни тезаги бўлсаям, молларам бегонамас-ку? Ўзимиз билан бирга катта бўлган бузоқчалар, ёнига борсанг қашлашингни кутиб бўйнини чўзадиган беозор жониворлар уларам. Уйдагиларинг уларни сўйганида уйдагиларингга жахл қилиб 2-3 кун гаплашмай юрганингни эсга тушади. Қаерга кетсанг ўзинг билан ортингдан эргашадиган кучугингни соғинмаслик хам адолатданмас. Ўша даврларда сенга эркаланадиган, жахлинг чиқса кўтарадиган, хафа бўлмайдиган ягона жонзот шу эди. Болалик қандай ўтганидан қатъий назар биз уни соғинамиз. Оғир, ёмон болаликдан хам ёқимли хотиралар қолади қайсидир бурчакларда. Менда эса хаммаси зўр ўтган, уни қўмсашга арзирли сабабларим бор. Айнан ўша ерда қолиб кетган айрим нарсаларни, жониворларни, қўшниларни, яқинларингни соғинасан. Улар сен билан шахарга келишмаган, лекин энди уларни излаб борсанг хам ўша ерлардан тополмайсан. Мана шу сабаб сени ортга қайтишдан тийиб туради.

Агар жаннат мавжуд бўлса мени қишлоғим тимсолида бўлсин, камида мен учун. Мен эса унга лойиқ бўлсам, эртагаёқ ўлишга тайёрман. 

25 мая 2021 г.

Агар эплолса

 

Эрталабдан почтага бориб ўзига келган посылкани  олиш учун имзо қўйиб кейин ўзи қўйган имзога бир муддат анқайиб турди. Имзо ўзиникимас лекин жуда кўп ишлатади. Хатто ўзиникидан хам кўп. Қайсидир китобдами кинодами эшитган гапи ёдига тушди. “Инсон узоқ муддат икки хил қиёфада юра олмайди. Маълум доирадаги одамлар учун бошқа қолганлар учун бошқача одам бўлиб юришни охири бор барибир. Вақти келиб ўзи хам адаштириб юборади аслида қайси қиёфа уни асли эканлигини.” Мана, оддий, бир тийинга қиммат қоғозга умуман бошқа одамни имзосини қўйиб шу нарсаларни эслаб қолди. Аслида бу нарса хеч нарсани англатмайди, у серияли қотил эмас, ёки учига чиққан чиновник хам эмас икки қиёфа зарур бўлган. У шунчаки ўзини дунёдаги охирги романтик деб хисобловчи йигит.Севгилисини ёнида ўзини бошқача тутишга харакат қилиб, кейинчалик ўша бошқача одам билан аралашиб кетган табиатни мудхиш бўлмаган хатоси у.

Севгилиси билан ораларига совуқчилик тушганига кўп бўлмади. Аслида совуқчилик дейиш хам мос сўз эмас, шунчаки иккала томон розилигига кўра шартномани бекор қилишди худди футболдагидек. Ўшандан бери лоботамиядан чиққан бемордай хуши жойидамас, гапирган гаплари эсидан чиқиб кетади, диққатини жамлай олмайди. Ўзи учун энг қўрқинчли касал хисобланган альцгеймер касалини илк симптомларини ўзидан ўтказаётгандай ҳислар билан юрибди. Мабодо, хақиқатдан хам альцгеймерга чалинган энг ёш одам рекордини янгилаб қўядиган бўлса хам, ўзини ўлдириш учун йўриқнома тайёрлаб уни керакли жойга яшириб қўяди. Агар эсидан чиқиб кетмаса уни қаердалиги, албатта ўзини ўлдиради.

Шу хаёллар билан йўл бўйида такси тўхтатди. Машинада битта жой бор экан. Кун иссиқлиги, тиқилиб кетиши, ойнани очилмаслиги барчаси биргаликда унга дўзохни рекламасидай туюларди. Иссиқдан қийналгани сари бошқа қийинчиликлари ёдига тушаверади. Ёввойи хаёллари яна унга қараб кетаверарди. Энди энди тушуниб етдики уни ўзи ўйлаганидан хам кўра кўпроқ яхши кўрган экан. Аввалига унга севги изхор қилган пайти ўзи хам ич-ичидан иккиланган эди. Ёки ростдан хам уни севаман ёки менга оскар бериш керак деб. Энди англаяптики оскарга лойиқ иш қилмаган экан. Аксинча, қизга оскар бериши керак. Қанақадир қора танли ёки транссексуаллиги учун эмас айнан уни ўзига махлиё қилгани учун лойиқ оскарга.

Одамга алам қиладида, нега уни севиб қолиш бунчалик осонда эсдан чиқариш бунчалик қийин. Бу худди озиб-ёзиб дўкондан олган кийиминг лойиқ келмагани учун дўконга қайтариб олиб борганингда дўкончи уни қайтиб олмаслигидай гап. Сен эса ўша нолойиқ кийим билан юраверасан, юраверасан, қачондир лойиқ келиб қолишига умид қилиб. Унга айтолмаган, айтишни истамаган лекин энди афсуслантираётган баъзи бир гапларни миянгдан чиқаришга урунасан. Мана шу дамларда тушуниб етасан балки альцгеймер сен ўйлаганчалик ёмон касалликмасдир. Униям фойдали томонлари бордир. Унга бўлган хисларни кўмиш осон бўлмаяпти. Вақти келиб унут бўлар балки. Аниқ. Энг зўр даво вақт. + уни ёмон кўриб ажралишганида фойдалироқ бўлармиди. Энг яхши мотивация нафрат деб бекорга айтишмаган-ку, масалан. У бир қарорга келди, бўлди вақтдан умид қилади. Мухими озгина чалғиб турса бўлгани.

Шу хаёллар билан чўнтагидаги наушнигини қулоғига тиқиб плэйни босган эди, плэрдаги қўшиқ етиб келган жойидан давом эта бошлади: ..а ты, забудь - сотри меня, смени номер! Я, по-любому, позвоню - и не дозвонюсь. И я, сегодня в срыв... И, по-любому, позвоню, когда напьюсь!

Это, что бл*ять, лайфхак? Чалғитиши керак бўлган нарса тескарисига ишлади. Тақдир у билан хазиллашаётгандай туюла бошлади унга. Агар хозир твни ёқса аниқ севгиси учун курашаётган битта задроть хақида кино бўлаётган бўлади. Ё хақиқатданам тақдир у билан хазиллашаяпти ё уни эси оғиб бўлган. Ёки тақдирга ишонишни ўзи эси оғишини биринчи белгиси. Аслида тақдирдан, худодан хафа бўлишини ўзи хам хато, чунки у билан учраштиргани учун улардан миннатдор бўлмаган эди, нега энди ажралганда улардан хафа бўлиши керак? Балки у билан бирга бўлишини иложи йўқлиги хақида тепадан жўнатилган спойлердир бу? Шу каби телба-тескари ўйлар билан таксидан тушиб юра бошлади. Ерга қараб кетаётганида ёнидан кимнидир ўтганини пайқади. Уни атири автоматик тарзда йигитни бурилиб ортга қарашга мажбур қилди. Чиройли қиз, ёқимли хид. Секин йўлида давом этди, буям балки уни қутқариши мумкин бўлган ишорадир, балки атроф тўла ишорадир шунчаки у керагидан ортиқ унга боғланиб қолгандир. Балки уни эсиданам чиқишга улгургандир, телефон рақами, юз тузилиши буларни у унутиб юборгандир. Унутишдан олдин уни сақлаганмиди ўзи. Балки сени севгингни ўндан бириниям у хис қилмагандир. Балки бошқасини топгандир қирқингни чиқармасдан. Хар уни эслаганида мана шу балкиларни бир хаёлига келтирса уни унутиш учун тўлиқ мотивацияга эга бўлади. Бўлди, йўл харитаси тузилди, шундай қилади у энди.  Агар эплолса. 

Агар эплолса