“Тахтлар ўйини” китобини ўқиб ўтириб бир нарса ёдга тушиб кетди. Китобда Старклар оиласининг каттаси Недд Старк даладан топиб олинган ёввойи кучукларни фарзандларига совға қилади. Бешта болага – бешта ит. Мени билишимча бизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган. Акам ва опамга дадам иккита кучук опкелганди бир вақтлар. Мен у пайтлар ҳали гўдак бўлганман. Кучуклар зотдор бўлишган, катта-катта бўлишди. Улғайиш вақтларим уларнинг қарилик даврига тўғри келганди. Бирини, яъни опамникини бир кун тунда корейслар ўғирлаб кетганди. Бу нарса опамга қаттиқ таъсир қилган, анча вақт хаммадан хафа бўлиб йиғлаб юрган эди. Маҳалламиздаги барча корейсни ёмон кўриб қолганиям бор гап.
Иккинчи кучугимиз қариб ўлди. Анча вақт яшади. Акамлар университетга кириб
Тошкентга кетган пайтлари ҳам тирик эди. Акам учун кучук эрмак бўлмай қолганди,
энди уни ёшида ҳаёт анча қизиқарлироқ вақтлар эди. Уй ҳайвонлари нисбатан мен
учун қизиқроқ бўлган. Ўша кучук ҳам. Лекин уни ёнига бориб бирга ўйнашни таклиф
қилсам унга ёқмас эди. Қаригани учун ўрнидан тургиси келавермасди. “Қўй энди
ука, бор ўртоғларинг билан ўйнагин” дегандай қараш қиларди. Кейинроқ у ўлди.
Онамдан уни “жаннатга тушадими ёки дўзаҳга?” деб сўраганим эсимда. Онам “хамма
кучуклар жаннатга тушади” деган эди.
Уйимизда
ит қолмаганидан кейин яна битта кўппак олишимизга тўғри келди. Қишлоқ жойда
битта уйда битта кўппак бўлмаса нотўғри ҳисобланарди. Бу қарор айниқса менга
роса ёққан эди. Акам қўшни қишлоқдан уни кўтариб келгани эсимда, қоп-қора,
кичкина, кўзлари энди очилган кучукча эди у. Унга “Бэмби” деб лақаб қўйганди
опам. Ёз бўлгани учун опам ҳам таътилда, уйда эди ва у ҳам итга бошқача меҳр
берганди. Кейин Бэмби каттароқ бўлгач унга қарамай қўйди. Шунчаки кучук
кичкиналиги вақти ширинча бўлгани унга ёққан экан. Ҳамма одамлар айниқса қизлар
шунақа. Ҳайвонларнинг кичкиналиги вақти уларга меҳри бўлакча бўлади, улғайгач
ёқтирмай қолади.
Хуллас кучугимиз мен билан катта бўлди. Ўрта синфларда ўқиётганимда у келган
бўлса, мактабни битиришим вақтимда айни навқирон вақтлари эди. Қишлоқ жойда
болаларнинг эрмаги унчалик кўп бўлавермайди, ўша кўп бўлмаган эрмаклардан бири
кучугим бўлган. Қаерга борсанг орқангдан бориши, бошқа кучуклар чиқса сени,
ўзича ҳимоя қилиши менга ёқарди. Айниқса уни озгина сексистроқ эканлиги завқ
берарди менга. Одатда эркакларга эмас доим аёлларга, қизларга хурарди ва бу
менга доим кулгили туюларди. Ҳозир шуларни эсласам, кучугим минг зўр бўлганида
ҳам Нетфликс у ҳақида фильм ишламаслигини тушунаман. Доим мен билан юргани учун
уйдагиларим ҳазиллашиб “думинг қани” деб сўрашарди.
Мактабни битиргач мен ҳам ўқишга кетдим. Бэмби уйда ёлғиз қолди. Энди уйда
бирорта фарзанд ҳам йўқ, ҳаммаси ҳар жойга тарқаб кетган. Уйда кучук ва онам эди.
Мен ҳам балоғат даврида эдим, кучукни кам кўрганим туфайли уни аввалгидек яхши
кўрмай қўйдим. Энди менга одам анатомияси қизиқроқ даврлар эди. Ҳафта охирида
уйга қайтишимдан кучугим устимга сакраб мени кутиб оларди. Ёнимда уёқдан-буёққа
югурарди, севинчини ичига сиғдиролмасди, мени ҳафта давомида соғинган бўларди.
Мен ҳам ўша пайт озгина у билан ўйнаган бўлардим ва озроқ вақт ўтиб зерикиб
қолардим. Энди мен кўчага чиқсам уни ортимдан юришига қўймасдим. Кет дердим,
кетмаса бирор нарсани отардим ёки ҳовлида қолдириб дарвозани ёпиб келардим.
Бора-бора у ҳам мени айниганимни тушунди. Аввалгидек қувноқ кутиб олмайдиган бўлди. Аксинча, уйда бирга қолган онамга меҳри бошқача ортиб кетди. Қанақадир, жуда тез қариб қолгандек эди, худди онам каби.
2-3 йилдан кейин қишлоқдан кўчадиган бўлдик. Бизни бу ер билан боғлаб турадиган сабаблар камайиб кетган эди, шароитлар ҳам у вақтлар ноинсоний даражада эди биз томонларда. Акамнинг иши, мен ўқишим шаҳарда, бу ерда эса фақат яхши ва ёмон хотиралар қолди. Аввалига домга вақтинча кўчиб чиқдик. Эсимда кўчиб кетиш вақтимизда қариб қолган Бемби кўзини мўлтиллатиб, қанақадир ҳавотир билан нарсаларни ортишимизни кузатган эди. Юк машинаси олдида айланиб, тез-тез юрар, уёқдан-буёққа ўтарди. Ўшанда унга жуда раҳмим келган, ичимда нимадир узилгандай бўлганди. Бизни кетаётганимизни сезиб турган бўлса керак.
Бэмби у вақтда анча қари эди, бундан ташқари биз аввалига домга кўчиб
кетганимиз туфайли уни олиб кетишни ҳеч қанақасига имкони бўлмаган. Уйни
қўшнимиз бўлган холамларга сотганимиз учун сал кўнглим тўқроқ, итни ўлгунича
қарашларига шубҳам бўлмаган.
Кўчиб кетганимиздан кейин мен анча вақтгача қайтмадим қишлоққа. Борсам ҳам бирор тадбир билан борардим ва эски уйимизга кирмасдим. Эски уйимизга биринчи борганимда кўчиб кетганимизга 8-9 ойлар бўлган эди. Ҳовлига кирганимда ўзим истар-истамас Бэмбини изладим. Кўринмади атрофда. Ўрнига бошқа бир кичкина кучук акиллаб чиқди. Ҳоламлар билан кўришдим, уёқ-буқёдан суҳбатлашдим. Қўшниси бўлган тоғамлар ҳам чиқди, улар билан қуюқ кўришдим. Кейин секин Бэмби ҳақида сўрадим.
Ўлганига бир ҳафта бўлибди. Қариб, ёшини-яшаб, ўз омонатини топширибди. Кейин
ҳолам ва тоғам кулги билан айтиб бера бошлашди:
- - Бемби
барибир ақлли кучук бўлганда. Яхши кучук ўлигини эгасига кўрсатмайди,
деганларини эшитганмисан? У ҳам ўзини уйида эмас, тоғангни огородини бошида
ўлибди.
- - Ўлмай
ўлсин, яхши кучук эгасига кўринмай ўлиб, лекин қўшнисини огородини саситиб
ўларканда а?, - деб хохолаб кулди тоғам.
Ҳолам ҳам қўшилиб кулди. Мен ҳам кулдим.
Мен учун ёшликда эрмак, қайсидир маънода дўст вазифасини бажарган, садоқат ва
эркаликлари билан ўсмирлик даврларимда юрагимни бир қисмидан жой олган Бэмбининг
бутун ҳаёти, ҳолам ва тоғам айтган икки мисра латифани ичига сиғиб кетди. Энди
бу латифани улар анча вақт эслаб, бошқа қариндошларга ҳам кулиб айтиб беришади.
У бечорадан мана шу кулгили латифа ва қўйнимда қучоқлаб тушган 2-3 та суратлар
эсдалик бўлиб қолди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий